Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январдаги ПФ-11-сон Фармонига 1-илова 2023 — 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли СТРАТЕГИЯСИнинг асосий вазифалари
Кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан Ҳалқимиз ва Давлатимизнинг равнақи йўлида турли қарор ва фармонлар қабул қилмоқда.
Ушбу қарор ва фармонларнинг иловаси тариқасида стратегиялар ишлаб чиқилмоқда.
Шулар қаторида, 2023 — 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси суд-ҳуқуқ тизимининг жадал ислоҳ қилинишини таъминлаш, шунингдек, аҳолининг одил судловга эришиш даражасини янада ошириш мақсадида ишлаб чиқилган.
Стратегия Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимиятини ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари, устувор йўналишлари ҳамда истиқболли вазифаларини белгилайди, шунингдек, соҳага илғор халқаро стандартларни янада кенг жорий этиш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Стратегиянинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
«Инсон қадри учун» ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш ҳамда унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтириш;
адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш;
фуқаролар ҳамда тадбиркорларга ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда ҳимоя қила олиши учун барча имкониятларни яратиш, суд ишларини юритишда тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги тамойилларини тўлақонли рўёбга чиқариш, судларнинг холислигини амалда таъминлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш;
судлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, идоралараро электрон маълумот алмашинувини яхшилаш, суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш;
судьяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлиги кафолатларини кучайтириш, судга ҳурматсизлик қилиш ва суд ишига аралашиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича самарали механизмларни ишлаб чиқиш;
давлат номидан суд қарорларини қабул қилаётган судлар ва судьяларга, шунингдек, уларнинг қарорларига нисбатан ҳар бир фуқарода, шу жумладан, барча даражадаги мансабдорларда ҳурмат руҳини шакллантириш;
суд қарорларининг қатъий ижросини таъминлаш, бу борада давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг масъулиятини ошириш чораларини кўриш;
судьялар ва суд ходимларида юксак муомала маданиятини шакллантириш орқали судга мурожаат қилган ҳар бир фуқаро ва тадбиркорда суддан, пировардида эса давлатдан розилик ҳиссини уйғотиш.
Хулоса сифатида айтадиган бўлсак, Президентимизнинг ушбу фармонига илова тариқасида ишлаб чиқилган 2023 — 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси давлат ва ҳалқ манфаати ривожи учун хизмат қилади.
Жиноят ишлари бўйича
Олтинсой туман судининг раиси К.Назаров