Янги таҳрирдаги Конституция мамлакатимизнинг ривожланиш йўли ва инсон ҳуқуқлари асосини белгилаб берди

Зеро, бош қонунимизда инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва манфаатлари кафолатлари билан боғлиқ кўплаб нормалар ўз аксини топганки, бу мамлакатимизнинг чинакам демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат сифатида жаҳон ҳамжамиятидаги ўрнини янада мустаҳкамлайди.

Айтиш жоизки, Конституциямизда илгари қонунчиликда мавжуд бўлмаган бир қатор муҳим қоидалар мустаҳкамланди ва улар мазмун-моҳиятига кўра, “Инсон — жамият — давлат” тамойилини конституциявий қоида сифатида муҳрлашга қаратилган.

         Бинобарин, 15-моддада Конституция мамлакат ҳудудида тўғридан-тўғри амал қилиши ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этиши қатъий белгиланди.

         Шу пайтга қадар Конституция нормалари тегишли қонун ва қонуности ҳужжатлари орқали ҳаётга татбиқ қилинар, бу эса ҳуқуқни қўллаш амалиётида айрим бўшлиқларга сабаб бўлаётган эди. Юқоридаги норма, бир томондан, шахс ҳуқуқ ва эркинликлари энг олий қадрият эканини амалда таъминласа, иккинчидан, халқимизнинг мавжуд ҳуқуқий тизимга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

         Асосий қонуннинг 20-моддасида “Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларнинг, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилайди”, дейилган.

         Айни қоида инсон ҳуқуқ ва эркинликларига бевосита амал қилиш учун қандайдир мезонлар талаб этилмаслигини кўрсатади. Шунга кўра, эндиликда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари билан боғлиқ нормаларга бирор-бир қонун ва қонуности ҳужжати қабул қилинмасдан туриб, тўғридан-тўғри амал қилинади. Бу эса барча давлат органлари тизимида инсон ҳуқуқларига риоя этиш маданияти ва механизмларини такомиллаштиришни тақозо этади.

         Маълумки, шу вақтга қадар норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шу жумладан, қонунларнинг асосий функцияси бу ижтимоий муносабатларни тартибга солишдан иборат эди. Янгиланган Конституцияга асосан, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ифодалаш қонунларнинг ажралмас функцияларидан бирига айланди.

         Ўз навбатида, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг мазмун-моҳиятини белгилаши тўғрисидаги қоида давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолиятини тубдан ислоҳ қилишга олиб келади. Унга кўра, давлат хизматчиларининг асосий мақсад, вазифа, функция ҳамда мажбуриятлари инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ифодалашга қаратилади.

         Давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши кераклиги белгиланди. Ушбу қоида шахсга қўлланиладиган барча ҳуқуқий таъсир чораларини инсонпарварлик тамойиллари асосида қайтадан кўриб чиқишни назарда тутади.

         Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддият ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилиши белгилаб қўйилди.

         Шу пайтга қадар қонунчиликда бўшлиқ ёки зиддиятлар мавжуд бўлиб, ҳуқуқни қўллаш бўйича компетенциялар тўлиқ шаклланмаган эди. Қонун билан тартибга солинмаган ҳолда қандай ҳаракат қилиш ёки қонунлардаги зиддиятларда қандай йўл тутиш лозим, деган масалада ҳатто малакали ҳуқуқшунослар ҳам қатъий позицияга эга эмас. Янги Конституция орқали айни масала ечимини топди.

         Яъни ўзаро тенг юридик кучга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида тафовут юзага келган тақдирда фуқаролар манфаатига хизмат қиладиган конституциявий нормаларга амал қилиниши қатъий белгиланди.

Ўз навбатида, Конституциянинг 21-моддасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш асослари аниқ белгилаб қўйилди.

         Хусусан, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари фақат қонунга мувофиқ ва фақат конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш мақсадида зарур бўлган доирада чекланиши мумкин.

Инсон ҳуқуқларини чеклаш асослари фақат қонунларда белгиланган бўлиши керак, вазирлик, идора ва ташкилотларнинг ҳужжатлари инсон ҳуқуқларини чеклай олмайди.

         Эътибор қаратиш лозим бўлган масалалардан яна бири инсон ҳуқуқларини чеклаш асослари белгиланган қонунлар ижроси юзасидан қабул қилинаётган қонуности ҳужжатлари тегишли қонунларда назарда тутилганидан кўра, кўпроқ даражада инсон ҳуқуқларини чекламаслиги керак.

Жиноят-процессуал муносабатларда шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг конституциявий асослари янада мустаҳкамланди.

         Хусусан, инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги, зўравонлик ва қийноқ ҳолатларининг олдини олиш, “Миранда қоида”си, “Хабеас корпус” институти, айбсизлик презумпцияси, юридик ёрдам олиш ҳуқуқига оид нормаларнинг Конституция даражасида белгилаб қўйилгани суриштирув, тергов, суд ҳамда жазони ижро этиш жараёнида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар зиммасига улкан масъулият юкламоқда.

         Бундан ташқари, шахсий ҳаёт дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сирга эга бўлиш, ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳуқуқининг конституциявий асослари кенгайди. Ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларни ҳимоя қилиш, шунингдек, нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмай қолган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эгалиги илк бор Конституция даражасида белгилаб қўйилди.

         Яна бир муҳим жиҳат: ҳар кимнинг ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиши ҳуқуқига эга эканлиги белгиланди. Ушбу ҳуқуқнинг чекланишига фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилиши назарда тутилди.

         Янгиланган Конституцияда ахборот эркинлигига оид муҳим нормалар ўрин олган. Хусусан, давлат интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратишини, ахборотни излаш, олиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқни чеклашнинг аниқ асослари белгилаб қўйилганини таъкидлаш жоиз.

         Янги нормага кўра, ахборотни излаш, олиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқни чеклаш бўйича қатъий тартиб белгиланмоқда. Мазкур қоида давлат органлари фаолиятида очиқликни таъминлаш билан бир қаторда, фуқароларга улар томонидан сўралган ахборотни тақдим этишда идоравий манфаатларни рўкач қилиш каби салбий ҳолатларнинг олдини олишни таъминлайди.

         Конституцияда назарда тутилган инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид янги нормалар судлар зиммасига ниҳоятда катта масъулият юклайди.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларнинг мазмун ва моҳиятини белгилаши ҳамда инсон ҳуқуқлари конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш мақсадида зарур бўлган доирада чекланиши мумкинлиги тўғрисидаги қоидалар судлар фаолиятини янги мезонлар асосида ташкил этишни тақозо этади.

         Дейлик, инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддият ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилишига оид масалалар бўйича суд қарорлари фақат индивидуал тусда бўлиши керак эмас. Бундай қарорлар ана шундай барча ҳолатлар учун ечим бўлиши зарур. Бу эса суд амалиёти ҳужжатларига прецедентлик элементларини акс эттиришни талаб қилади.

         Хулоса қилиб айтганда, янги таҳрирда қабул қилинган Конституция Янги Ўзбекистон стратегиясини амалга оширишнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратиб, миллий давлатчилик тараққиётининг тарихий муҳим босқичида давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.

         Бу эса инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид масалаларда ҳуқуқни қўллаш амалиётига янгича ёндашувлар жорий қилишни долзарб заруратга айлантирмоқда.

         Зеро, барчамизнинг вазифамиз инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланадиган ва ҳурмат қилинадиган адолатли жамият барпо этишдир.

 

Жиноят ишлари бўйича

Олтинсой туман судининг раиси                                         
Т.Абдуллаев.