БОЛАЛАР МЕҲНАТИГА БАРҲАМ БЕРИШ.
Хусусан, бу борада қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий база мустаҳкамланиб, халқаро стандартлар имплементация қилинди, институционал тизим ривожлантирилди ҳамда фуқаролик жамияти ва ихтисослашган халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик фаоллашди.Эндиги босқич Конституция даражасида болалар меҳнатидан фойдаланишни чеклар эканмиз, аввало «болалар меҳнати» тушунчасига аниқлик киритиш лозим.
Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) берган таърифга кўра, болалар меҳнати деганда ақлий, жисмоний, ижтимоий ёки ахлоқий жиҳатдан болалар учун хавф туғдирадиган ёки болаларга зарар етказадиган, уларни мактабда ўқиш имкониятидан маҳрум қиладиган иш ва фаолият турлари тушунилади.
Шунингдек, болаларнинг қуллиги, уларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирадиган шароитларда ишлатиш ва катта шаҳарлар кўчаларида ёшлигидан мустақил ҳаёт кечиришга мажбур қилдириш ҳам болалар меҳнатининг оғир шакллари ҳисобланади.Болалар ва ўсмирларнинг соғлиғи ва ривожланишига таъсир қилмайдиган, шунингдек таълим олишига халақит бермайдиган ишларни бажариши бола меҳнати сифатида баҳоланмайди. Ушбу турдаги ишларга боланинг ота-онасига уй-рўзғор юмушларида ёки оилавий бизнесда ёрдам бериши, мактабдан кейин ёки мактаб таътилида касб-ҳунар ўрганиши киради. Буларнинг барчаси боланинг ривожланишига ҳисса қўшади, болага жамиятнинг тўлақонли аъзоси бўлиш учун келажакда зарур бўладиган кўникма ва тажриба орттиришга ёрдам беради.
Албатта, ҳар қандай вазият ва ҳар қандай давлатга нисбатан мос келадиган «болалар меҳнати» тушунчасига аниқ таъриф бериш жуда қийин ва буни ХМТ экспертлари ҳам тан олишади. Болалар томонидан бажарилиши мумкин бўлган иш турлари ва «болалар меҳнати» ўртасидаги фарқ ҳар бир вазиятда алоҳида баҳоланиши, ишни бажарадиган боланинг ёши ва жисмоний қобилиятлари, бажариш шароитларига аҳамият бериш керак бўлади.
Ўзбекистон қўшилган ва ратификация қилган Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция, Ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисидаги Конвенция, Болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари тўғрисидаги 182-сон-Конвенция, Мажбурий меҳнат тўғрисидаги 29-сонли Конвенцияларда болалар меҳнатини чеклаш, унинг энг ёмон шаклларига йўл қўймаслик бўйича давлатларнинг ўз зиммасига олган мажбуриятлари белгиланган.
Қонунчилигимизнинг ушбу масала бўйича такомиллаштирилганлиги натижасида реал натижаларга эришиш мумкинлиги гувоҳи бўляпмиз ва бола меҳнатидан фойдаланишни чеклашни назарда тутадиган қоиданинг Конституциямиз даражасида белгиланиши ислоҳотларнинг ортга қайтмас характер берилишига олиб келади.
Болаларнинг барвақт меҳнат қилиши уларнинг таълим олишига тўсқинлик қилади ва келгусида жамиятимизнинг саводсиз, жисмонан ва интеллектуал жиҳатдан чекланган аъзоси бўлиб қолади, уларда камбағаллик асиридан чиқиб кетишим конияти деярли бўлмай қолади. Худди шундай уларнинг болаларида ҳам келгусида ривожланиш учун имконият камайиб бораверади ва бу жамиятнинг ривожланишига ҳеч қандай ҳисса қўшмайди.
Шунинг учун болалар меҳнатига йўл қўймаслик мамлакатимизда ушбу соҳада эришилган ютуқларни қатъий мустаҳкамлайди ҳамда болалар соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишлари учун муҳим ҳуқуқий кафолат бўлиб хизмат қилади.
Сурхондарё вилоят суди жиноят
ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси
К.Назаров