Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Oltinsoy tumani hokimligi
ОЛТИНСОЙ ТУМАН ҲОКИМИ  АЛИШЕР ДЖУМАЕВНИНГ МУСТАҚИЛЛИГИМИЗНИНГ 31 ЙИЛЛИГИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТУМАН АҲЛИГА БАЙРАМ ТАБРИГИ
Rahbar chiqishlari / 2022-08-31

ОЛТИНСОЙ ТУМАН ҲОКИМИ  АЛИШЕР ДЖУМАЕВНИНГ МУСТАҚИЛЛИГИМИЗНИНГ 31 ЙИЛЛИГИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТУМАН АҲЛИГА БАЙРАМ ТАБРИГИ

 

Ассалому алайкум, ҳурматли ҳамюртлар!

Муҳтарам отахон ва онахонлар!

Шижоатли, навқирон, порлоқ келажак сари одимлаётган ёшлар!

Байрам иштирокчилари!

 

Авваламбор, бугунги қувончли айёмда Сизларни ва сизлар орқали барча туманимиз аҳлини Ватанимиз Мустақиллигининг  31 йиллиги билан самимий муборакбод этишдан мамнунман.

Ўтган қисқа даврда жонажон Ватанимиз машаққатли, шу билан бирга, шарафли истиқлол йўлини босиб ўтди. Айниқса, сўнгги беш йил мобайнида Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли Ўзбекистон жаҳонга юз тутмоқда.

Бу йил юртимизда Ватанимиз Мустақиллигининг ўттиз бир йиллиги, муҳтарам Президентимиз қарорига асосан, "Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз" деган шиор асосида нишонланмоқда.

Қарорда таъкидланишича, халқнинг улкан жасорати ва матонати билан 1991 йил 31 августда қўлга киритилган Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги кўп минг йиллик тарихдаги ҳеч қачон унутилмайдиган, қадр-қиммати ва аҳамиятли йиллар, асрлар ўтгани сайин тобора ортиб борадиган буюк тарихий воқеадир.

Қадрли юртдошлар, байрам қатнашчилари!

Истиқлол йилларида эришилган ютуқларни сарҳисоб этадиган бўлсак, республикамизнинг барча ҳудудларида мислсиз ўзгаришларга гувоҳ бўламиз.  Янги Ўзбекистоннинг янгича қиёфа касб этаётган Олтинсой туманида ҳам бунёдкорлик ишлари жадал суръатларда давом этмоқда.

Меҳнаткашларимиз мустақилликни янада мустаҳкамлаш, халқимизнинг дон мустақиллигини таъминлаш учун самарали меҳнат қилишди ва пировардида давлатга ғалла сотиш шартномавий режаси туманда ошиғи билан бажарилди. Туманимизда кейинги икки йилда учта  беш қаватли  замонавий меъморчилик асосида қурилган уйлар  қад ростлади. Унда уй-жойга муҳтож кўплаб ёш  оилалар яшаб, Янги Ўзбекистоннинг муносиб фарзандларини тарбиялашмоқда. 2016 йилга қадар туманда бор-йўғи 15га яқин болалар боғчалари фаолият юритган бўлса, давлатимиз раҳбари Шавкат Миромоновичнинг ташаббуслари ва қўллаб-қувватлашлари натижасида бугунги кунда  туманимизда  24та  давлат,  5та давлат-хусусий шерикчилик  асосидаги  ва 86та оилавий  мактабгача нодавлат таълим ташкилотлари  фаолият юритмоқда.

Жорий йилнинг ўзида тумандаги тўртта маҳаллада – Жилибулоқ, Ҳайрондара, Қорлиқ ва Овчи маҳаллаларида болажонлар яйраб улғайиши учун ҳар бири 150 ўринга эга бўлган — жами 600 ўринли замонавий мактабгача таълим муассасалари бинолари қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Ўтаётган 2022 йилда туманимизда Инвестиция дастури асосида Ботош маҳалласидаги 46-мактабнинг 240 ўринли янги биноси “Фаррух Эркин ўғли” хусусий корхонаси томонидан қурилди.

Шунингдек, шу пайтгача мослаштирилган биноларда фаолият юритиб келаётган ўнлаб мактабларнинг филиаллари учун янги замонавий, муҳташам бинолар қуриб берилди. Тумандаги 47-, 12-, 14-, 22-, 41-сонли умумтаълим мактабларининг филиалларига ҳар бири 96 ўринли янги чиройли ва шинам бинолар, 9-, 11-сонли мактабларнинг филиалларига 60 ўринли, 60-сонли мактабнинг 2та филилига ҳар бири 40 ўриндан — 80 ўринли кўрганнинг ҳаваси келадиган кўркам бинолар қуриб берилди. Бундан ота-оналарнинг кўнгли чоғ бўлиб, давлатимизга миннатдорчилик билдиришмоқда.

 Жорий йилда “Обод қишлоқ” давлат дастури доирасида  туманимиздаги Наврўз ва Ботош маҳаллаларида  8- мактабда  176 ўринли,  52-мактабда 168 ўринли янги мактаб бинолари қуриб берилди.

«Бўстон» маҳалласидаги Абдулла Қодирий ва Бунёдкор кўчаларида «Агротаъмир” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан пиёдалар ва велойўлакчалар қурилиб, фойлдаланишга топширилди.

Тумандаги кўплаб маҳаллаларда йўллар асфальт қилинди, тош ётқизилди. Янгидан янги  гўзал иншоотлар қад ростламоқда.

Тадбиркорларга берилган имконият туфайли Алибой Бўтаев номли маҳаллада «Нур» хусусий корхонаси раҳбари Соатмурод Ғаффоров ташаббуси билан 500 ўринли муҳташам «Эшмурод ота» тўйхонаси байрам арафасида аҳолига хизмат қилишни бошлади.

“Оқарбулоқ” маҳалласи ҳудудидаги  кичик  саноат зонасида мустақиллигимизнинг 31 йиллиги арафасида тадбиркор Нурилла Алимов раҳбарлик қилаётган  “Дон Олтинсой” масъулияти чекланган жамиятининг янги ун заводи маҳсулот чиқара бошлади.

Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Яратилаётган шарт-шароитлар ва қад тиклаётган янги мактаблар ва шифо масканларини халқимиз кўриб турибди.

Азиз дўстлар! Муҳтарам меҳмонлар!

Сўзимнинг якунида, Сиз азиз юртдошларимизни Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрами билан яна бир бор чин қалбдан самимий табриклайман.

Барча пок ниятларимиз ижобат бўлишини, Яратганнинг ўзи юртимизни турли бало-қазолардан асрашини, бирдамлик, дўстлик ва аҳиллик туйғулари янада зиёда бўлишини сўраб қоламан.

Барчангизга сиҳат-саломатлик, янги-янги ютуқлар, оилавий хотиржамлик ёр бўлсин, фарзандлар, набираларнинг бахту камолини кўриш насиб этсин!

Эътиборларингиз учун раҳмат!

 

Izoh qoldirish

Ro`yxatdan o`tish
19 ta foydalanuvchi hozir saytda
Sayt haqida firingiz?