Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Олтинсой тумани ҳокимлиги
“Бойсун баҳори” фестивалида дўстлик ва миллий қадриятлар тараннум этилади.

Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари, ташкилий қўмита аъзоси Ж.Тўраев, вилоят туризм ва маданий мерос бош бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари З.Алимардонова, вилоят ҳокимлигининг ахборот хизмати раҳбари М.Давлатов, вилоят қўғирчоқ театри бош режиссёри, “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивали ижодий гуруҳи аъзоси Т. Йўлдошевлар шу йилнинг 7-8 май кунлари Бойсун туманида ўтказиладиган халқаро фестивалга кўрилаётган тайёргарлик ишлари, ўтган йиллардаги очиқ фольклор фестиваллардан фарқи, иштирокчилар ҳамда журналистларга яратилаётган шароитлар ҳақида атрофлича маълумот берди.
Қайд этилдики, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 7 февралдаги “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига мувофиқ ташкил этилаётган фестивални юксак савияда ўтказиш учун алоҳида ҳозирлик кўрилмоқда. Табиатнинг бетакрор гўзаллигига бурканган Паданг кенгликларида воҳадаги ўттизга яқин йирик корхона, ташкилот, шунингдек, туманлар ва Термиз шаҳри ҳудудларнинг миллий қадрият ҳамда урф-одатлари намоён этиладиган қўрғонлар барпо этиб, қадимий ўтов уйлар қурилмоқда.
– Шу йилгача бу тадбир ҳар йили очиқ фольклор фестиваль сифатида ўтказилиб, унда мамлакатимиздаги фольклор жамоалари алоҳида дастурлари билан иштирок этиб келаётган эди, – дейди вилоят қўғирчоқ театри бош режиссёри, “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивали ижодий гуруҳи аъзоси Т.Йўлдошев. – Энди унга халқаро мақом берилиб, ҳар йили эмас, икки йилда бир марта ўтказиладиган бўлди. Шунга мувофиқ низоми ишлаб чиқилди. Кўрик-танловда қатнашадиган ижодий жамоалар таркиби тасдиқланди. Кўрик-танловнинг халқаро ҳакамлар ҳайъати иштирокида жонли ижрода ўтказилиши белгиланди. Ижодий гуруҳ ҳозиргача мамлакатимиздаги 15 та фольклор жамоа дастурини танлаб олди. Улар орасидан фестивалнинг тантанали очилиш маросимида иштирок этадиган ижодий жамоалар сараланади.
Мутасаддиларнинг айтишича, фестиваль олдидан номоддий маданий мерос мавзуига бағишланган конференция ўтказилади. Хўжамайхона булоқ суви бўйлаб сўлим дарада веломарафон уюштирилади. Халқаро фестиваль доирасида нафақат, нафис фольклор санъатимиз, балки бой маданиятимиз, этнография ва қадимий спорт ўйинларимиз ҳам кенг намойиш этилади. Хотин-қизлар учун ўндан ортиқ тадбир уюштирилиб, аёллар бахшичилиги, чанқовуз чалиш, жамалак ўриш, қирқкокил, миллий ипаклар, қадимий миллий кийим-кечаклар кўргазмаси сингари нафис маданий меросларимиз намойиш қилинади. Миллий ҳунармандчилик буюмлари намойиши ва савдоси ташкил этилади. “Элимиз таомлари” номли кўргазмадан шифобахш тоғ гиёҳларидан тайёрланадиган ҳамда сурхонча тандир кабоб, юпқа, ғилминди каби турли таомлар жой олади. Ўнга яқин турдаги этноспорт мусобақаси, от устида кураш ва от устида мерганлик беллашувлари, дор ва цирк ўйинлари ўтказилади.
Вилоят туризм ва маданий мерос бош бошқармаси муқаддас зиёратгоҳлар, тиббиёт, агро, этно ва бошқа туристик обьектларга қизиқарли саёҳатлар уюштиришни режалаштирган. Фестивалга узоқ-яқиндан келган шинавандалар ҳаво шарлари ва аэропланларда Бойсуннинг мафтункор табиатга эга гўзал тоғ манзараларини мириқиб томоша қилиши учун ҳам зарур қулайликлар яратиш чоралари кўрилмоқда.
Гўзал табиат қўйнида дунё халқларининг фольклор санъати, миллий ва умумбашарий қадриятлар тараннум этиладиган халқаро фестивалга жаҳоннинг 30 дан ортиқ давлатидан номоддий маданий мерос шинавандалари ва мутахассислари қатнашиши кутилмоқда. Халқаро кўрик- танловда АҚШ, Италия, Россия, Тожикистон каби ўнга яқин мамлакатнинг энг истеъдодли фольклор жамоалари ҳам иштирок этиб, ўз санъатини намойиш этиш истагини билдирган.
Матбуот анжуманида халқаро фестивалга келадиган меҳмонлар ва мухлисларни кутиб олиш, жойлаштириш, хизматлар кўрсатиш бўйича ҳам атрофлича фикр алмашилди. Журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди. Фестивални янада юқори савияда ўтказиш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
2 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?