РАСМИЙ МУНОСАБАТ
Яқинда “Акс-Садо” ижтимоий тармоқларида тарқатилган танқидий материал юзасидан масъул ташкилотлардан олинган маълумотлар асосида расмий муносабат
- Ушбу видеоматериалда кўрсатилган жой Қорлик МФЙ, Тарағай кўчаси бўлиб, янги хўжаликлар истиқомат килади. 2021 йилда “Обод қишлоқ” дастури бошланишдан олдин электр энергияси билан таъминланган, ҳозирги кунда ҳам электр таъминоти мавжуд. Аммо ҳақикатдан ҳам кучланиш кам ва стандарт симёғочлари ўрнатилмаганлиги маълум. Бу кўча лойиҳага тушмаган бўлсада аҳоли мурожаатларига кўра шу маҳалладан реконструкциядан чиқарилган трансформаторни қайта таъмирлаб, электр таъминотини яхшилаш учун аҳолига берилди. (аҳолига трансформатор бепул берилган, сотиб олдик деган гап мутлақо асоссиз ва ҳақиқатга тўғри келмайди, янада ҳам бу ҳолатга аниқлик киритамиз).
- Бундан ташқари реконструкциядан чиқарилган, 6 дона ёғоч таянч устуни ҳам берилди. Ҳозирги кунда реконструкциядан чиқарилган ёғоч таянчларни демонтаж ишлари олиб бориляпти, шу жойга яна 6 та ёғоч таянч ва қўшимча 2 км электр симлари зарур бўлади. 2021 йил “Обод қишлоқ” дастуридан ташқари, қўшимча иш бўлганлиги сабабли ушбу линияни қуриш 2022 йил 2 чорак якунига қадар амалга оширилади.
- Қорлиқ маҳалласи Тарағай массивида жойлашган аҳолини тоза ичимлик суви билан тўлиқ таъминлаш мақсадида ушбу худудга яқин бўлган Карсаган маҳалласига қарашли 4 сотихли хонадонларда яшовчи аҳоли билан биргаликда 2022 йил март ойида “Очиқ бюджет” портали орқали ушбу худудни тоза ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳаси таклиф этилиб, аҳолининг овоз бериш йўли билан амалга оширилиши назарда тутилмоқда.
- Ҳозирги кунда туман ҳокимлиги заҳира жамғармаси маблағлари ҳисобидан дизел ёқилғиси учун пул маблағлари ажратилиб, тумандаги маҳаллаларда хўжаликлараро ва ички хўжалик йўлларида тошлаш ишлари ҳашар йўли билан амалга оширилмоқда. Қорлиқ маҳалласи Тарағай массивида жойлашган ички хўжалик йўлида тошлаш ишлари 2022 йил феврал ойида бажарилиши режалаштирилган.