Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Олтинсой тумани ҳокимлиги
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 32 йиллиги ва 14-январ-“Ватан ҳимоячилари куни” муносабати билан Олтинсой тумани ҳокими Махматраемов Бахром Омоновичнинг байрам табриги
Эълонлар / 2024-01-13

Ассалому-алайкум,
Ҳурматли аскар ва сержантлар, офицер ва генераллар,
Қуролли Кучларимизнинг муҳтарам фахрийлари!

Қадрли Олтинсойликлар!
Ватан ҳимоячиларимизни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 32 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Ушбу қутлуғ айёмда ўз ҳаётини Ватан ҳимоясидек улуғ ишга бағишлаган, азму шижоатли ҳарбийларимизни шарафлаб, халқимиз, мамлакатимиз тинчлиги ва хавфсизлиги йўлидаги хизматларингиз учун барчангизга чуқур миннатдорлик билдираман.
Ўзингизга ма’лумки, бугунги кунда мамлакатимиз замановий, ихчам ва ҳаракатчан, яхши тайёрланган, мамлакатимиз хавфсизлигини, худудий яхлитлигини, сарҳадларимиз дахлсизлигини та’минлайдиган ҳамда халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ҳимоя қилиш бўйича тактик ва стратегик вазифаларни самарали ҳал этишга қодир ўзнинг миллий армиясига эга бўлди.
Муҳтарам юртбошимиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Ш.М.Мирзиёевнинг ташаббуси билан ҳарбий соҳани ислоҳ этишга жиддий э’тибор қаратилди.
Мана шундай ислоҳотлар натижасида барчамиз Ватан, халқ ва армия бири-бирига нақадар яқин ва муштарак эканини ҳар қачонгидан ҳам теран ҳис этмоқдамиз. Бу борада армия ва халқ бирлигини та’минлашга қаратилган мутлақо янги тузилма – ҳарбий-ма’мурий секторлар барча ҳудудларда ташкил этилди ва унга ҳокимларимизнинг раҳбар этиб белгиланиши сабабли, ҳарбий соҳа самарали фаолият юритаётгани ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Ана шундай ислоҳотлар туфайли “Армия ва халқ – бир тану бир жон!” деган олижаноб ғоя ва амалий ҳаракат барча бўғиндаги ҳокимият ва бошқарув идоралари, маҳалла, ёшлар, хотин-қизлар, нуронийлар ташкилотлари, та’лим-тарбия муассасалари фаолиятини, кенг жамоатчилик ҳаётини қамраб олмоқда. Бу эса Ватан ҳимояси чиндан ҳам барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки шарафли бурчимизга айланиб бораётганидан яққол далолат беради.
Биз сизлар каби ғоят мас’улиятли ва олижаноб вазифани шараф билан адо этиб келаётган, мард ва жасур, эл-юртга садоқатли ўғлонларимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз.
Айнан сизларнинг ерда ва кўкда, сувда ва қуруқликда олиб бораётган мардона хизматларингиз туфайли осмонимиз мусаффо, халқимиз хотиржам яшамоқда, юртимиз обод, ҳаётимиз фаровон бўлмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, ўз фарзандларини – Қуролли Кучларимизнинг аскар ва офицерларини Алпомишдек ботир, чинакам ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялаган барча ота-оналарга, ҳарбийларимиз билан ҳаёт қувончи ва ташвишларини доимо баҳам кўриб келаётган уларнинг рафиқалари ва оила а’золарига катта рахмат айтишни ўзимнинг бурчим, деб биламан.
Бугун оиласида ўғил тарбиялаётган ҳар бир ота-она фарзанди ҳарбий хизматга боришини орзу қилади. Чунки, улар Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилаётган аскарларнинг жисмоний чиниқишини, қандай қулай шарт-шароитларда яшаётганини, интеллектуал салоҳияти ошаётганини кўриб, билиб турибди.
Энг муҳими, ота-она яхши биладики, ҳарбий хизматдаги фарзанди ўзга юртларни эмас, ўз юртини, она ватанини ҳимоя қилади. Бундан ота-оналар ҳар қанча фахрланса арзийди.

Ўзини ватан ҳимоячиси деб ҳисоблаган, бу шарафли вазифанинг ма’сулиятини юракдан ҳис этган ҳар бир аскар, сержант, зобит ҳаётга зийрак боқади, кучли-қувватли бўлади, керак бўлса, юрт ҳимояси учун жонини ҳам аямайди.

Мард ва жасур Ватан ҳимоячилари!
Сизларни яна бир бор бутун халқимиз билан биргаликда кенг нишонлаётган бугунги шону шараф айёми – Ватан ҳимоячилари куни билан табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилангизга тинчлик, хотиржамлик ҳамда мамлакатимиз хавфсизлигини ва сарҳадларимиз дахлсизлигини та’минлашда, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ҳимоя қилишдаги улкан ишларингизда зафарлар тилайман.

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
5 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фикрингиз?