Пенсия тайинлаш соҳасида амалга оширилган айрим ўзгаришлар ва янгиликлар
Кучли ижтимоий ҳимоя сиёсати мамлакатимиз тараққиётидаги энг долзарб масалалардан бири бўлиб, давлат сиёсатини амалга оширишда фуқароларнинг давлат пенсия та’минотига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганлигини қайд этишимиз лозим. Пенсия таъминоти тизими аҳолининг меҳнатга лаёқациз ва муҳтож қисмининг турмуш даражасини оширишга йўналтирилган иқтисодий, ҳуқуқий, ижтимоий ва ташкилий ҳарактердаги комплекс чора-тадбирлар ҳисобланади.
Мамлакатимизнинг асосий Қомуси ҳисобланган - Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 46-моддасида “Ҳар ким қариганда, меҳнат қобилиятини йўқотганда, ишсизликда, шунингдек боқувчисини йўқотганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий та’минот ҳуқуқига эга” эканлиги ёзиб қўйилган. Пенсиялар, нафақалар, ижтимоий ёрдам бошқа турларининг миқдори расман белгилаб қўйилган тирикчилик учун зарур энг кам миқдордан оз бўлмаслиги лозимдир.
“Фуқароларнинг давлат пенсия та’миноти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида фуқаролар ушбу Қонунда назарда тутилган тартибда давлат томонидан пенсия билан таъминланиш ҳуқуқига эга эканлиги, Ўзбекистон Республикасида доимий яшаб турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг равишда пенсия олиш ҳуқуқига эга эканлиги қайд этилган.
Шунингдек, ушбу қонунда пенсиянинг асосий учта тури кўрсатиб ўтилган бўлиб, унга кўра пенсия турлари ёшга доир пенсия, ногиронлик пенсияси ва боқувчисини йўқотганлик пенсияси каби турларга ажратилган. Фуқаролар пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлганидан сўнг исталган пайтда пенсия тайинлашни сўраб мурожаат этишлари мумкиндир.
Эркаклар — 60 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 25 йил бўлган тақдирда, аёллар — 55 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 20 йил бўлган тақдирда ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқи вужудга келади. Ногиронлик пенсиялари эса қонунчиликда белгиланган тартибда И ва ИИ гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар деб топилган шахсларга, шунингдек Чернобил АЕСдаги авария туфайли майиб бўлиш ёки касаллик оқибатида 3 гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар деб топилган шахсларга тайинланади. Вафот этган боқувчининг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилияциз оила аъзолари боқувчисини йўқотганлик пенсияси олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бунда фарзандларга ва ёшидан ва меҳнат қобилиятидан қатъи назар, ота ва онадан бири ёки эр (хотин) ёхуд бува, буви, ака-ука ёки опа-сингил, агар у вафот этган боқувчининг болалари, ака-укалари, опа-сингиллари ёки набираларини, ишловчиларга болага қараш учун иш ҳақи сақланмаган таътилда бўлиш ҳуқуқини берадиган ёшга тўлгунга қадар боқиш билан машғул бўлса ва ишламаган бўлса, бу шахсларга пенсия улар боқувчининг қарамоғида турган-турмаганидан қатъи назар тайинланиши назарда тутилган.
Республикамизда барча соҳаларда бўлгани каби пенсия тайинлаш тизимига ҳам ахборот коммуникация технологиялари кенг жорий этилаётганлиги бу борада аҳолига бир қанча қулайликлар яратмоқда. Президентимиз томонидан 2023 йил октабр ойида “Аҳолига пенсия тайинлаш бўйича кўрсатиладиган давлат хизматлари сифатини янада оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-353-сонли қарори қабул қилинган. Ушбу қарорга асосан фуқаролар 2024 йил 1 январдан бошлаб, пенсия тайинлаш бўйича амалдаги тартиб сақланиб қолган ҳолда қўшимча тарзда давлат хизматлари марказларига ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали онлайн мурожаат этиш имконияти яратилди. Фуқароларга пенсия тайинлангандан сўнг уларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларидаги маблағларини Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки АТ «Халқ банки»нинг мобил иловаси орқали олиш имконияти ҳам яратилади ва шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларидаги маблағларни олиш ҳуқуқини берувчи сертификат бериш тартиби бекор қилинади.
Қарорда белгилаб ўтилганидек, 2025 йилнинг 1 мартидан бошлаб фуқароларга ёшга доир пенсияларни тайинлаш белгиланган ёшга тўлгандан сўнг проактив (алоҳида мурожаат этмаган ҳолда) шаклда тайинлаш тартиби жорий қилиниши, бунда тегишли маълумотлар идоралараро ахборот алмашинуви асосида олиниши кўзда тутилган.
Мазкур қарорнинг қабул қилиниши фуқароларга бир қанча қулайликлар яратади, жумладан, фуқаролар республикамизнинг исталган давлат хизматлари марказига ташриф буюрган ҳолда мурожаат қилишлари ёки онлайн тарзда мурожаат этишлари мумкиндир. Ушбу хизматдан фойдаланиш учун ҳеч қандай тўловлар ундирилмайди.
Пенсия тайинлаш тўғрисидаги фуқароларнинг мурожаатлари тегишли туман (шаҳар) Пенсия жамғармалари томонидан кўриб чиқилади ва унинг натижаси яъни пенсия тайинланганлиги ёки рад этилганлиги ҳақидаги тегишли маълумотлар давлат хизматлари марказларига ёки фуқаронинг my.gov.uz сайтидаги шахсий кабинетига юборилади. 10 кун муддатда мурожаатлар кўриб чиқилади.
Олтинсой тумани адлия бўлими давлат хизматлари маркази бўлим бошлиғи И.Ибрагимов