Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Олтинсой тумани ҳокимлиги
Хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқлари

         Юртимизда хотин-қизлар ва болаларнинг маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, саломатлигини мустаҳкамлаш, оила, оналик ва болаликни муҳофазаа қилишнинг ҳуқуқий кафолатлари яратилган бўлиб, у замон талаби асосида такомиллаштириб борилмоқда.

Кейинги йилларда ушбу соҳани ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилмоқда, "ишончли ҳимоя қилиш” тушунчаси ҳам бежизга келтирилмаяпти. Бу орқали мавжуд амалиётни қайта кўриб чиқиш, ҳаётда, матбуотда реал воқеликни акс эттириш, соҳадаги муаммоларга ечим топиш, талабга жавоб бермайдиган ҳуқуқий нормаларга ўзгартиришлар киритиш, бу борадаги жавобгарлик чораларини янада кучайтириш назарда тутилмоқда.

Афсуски, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларга қарамасдан, салбий ҳолатлар, яъни хотин-қизлар, вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқлар, ўз ҳуқуқ ва эркинликларидан фойдаланишда тўсиқлар ҳали ҳам учрамоқда.

Мамлакатимизда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилишнинг институционал ҳамда ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштиришга, болалар орасида назоратсизликнинг ва улар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олишга, шунингдек ногиронлиги бўлган болаларни ҳамда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг 2023-йил 12-апрелдаги "Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-829-сонли Қонуни билан
хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий соҳада ўз ҳуқуқ ва манфаатларини амалга оширишида қўллаб-қувватлаш масалаларини тартибга солувчи қонунчиликни халқаро стандардлар асосида такомиллаштиришни назарда тутувчи, шунингдек, болалар масалалари бўйича комиссиялар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаб қўйувчи ўзгартиришлар киритилди.

Мазкур қонун хотин-қизлар ва болаларга нисбатан шилқимлик ҳамда зўравонликни олдини олишга, оилалардаги маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилашга, болалар ва хотин-қизлар ҳуқуқлари билан боғлиқ халқаро индексларда мамлакатимизнинг ўрнини яхшилашга хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 411-модда билан тўлдирилди. Унга кўра, шаҳвоний шилқимлик қилиш, яъни шахсга нисбатан унинг учун номақбул бўлган ҳамда унинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлайдиган, шахснинг ташқи қиёфасини ёки қадди-қоматини тавсифлашда, имо-ишора қилишда, тегинишда, чақиришда ифодаланган, шаҳвоний хусусиятга эга бўлган ҳаракатларни бир марта қўпол равишда ёки бир неча марта содир этиш учун ҳам маъмурий жавобгарлик белгиланди. Бу ўз навбатида хотин-қизларга нисбатан содир этиладиган шилқимликларни олдини олишга, номусга тегиш билан боғлиқ жиноятларни олдини олишга хизмат қилади.

Мазкур кодекс бола ҳуқуқларини чеклашга қарши
477-моддаси билан тўлдирилди. Унга кўра, ота-она яшаш жойида вақтинча бўлмаганда ёхуд улар ўз ота-оналик мажбуриятларини бажара олмайдиган давр учун вояга етмаган болаларига васий ёки ҳомий тайинлаш бўйича мажбуриятларини бажармаслиги учун ҳам маъмурий жавобгарлик белгиланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2023-йи 15-мартдаги "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги  ЎРҚ-823-сонли Қонуни билан мазкур кодекс 476-модда билан тўлдирилди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига эга бўлган болани ота, она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахс ёхуд ҳамроҳлик қилувчи шахс томонидан чет давлат ҳудудида назоратсиз қолдириш учун ҳам жавобгарлик белгиланди.

Ушбу Қонунлар хотин-қизлар ва болаларга нисбатан шилқимлик ҳамда зўравонликнинг олдини олишга, оилалардаги маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилашга, болалар ва хотин-қизлар ҳуқуқлари билан боғлиқ халқаро индексларда мамлакатимизнинг ўрнини яхшилашга хизмат қилади.


Жиноят ишлари бўйича

Олтинсой туман судининг раиси                                              К.Назаров

 

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
4 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фикрингиз?