Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Олтинсой тумани ҳокимлиги
Олтинсой туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Равшан Боймирзаевнинг май ойи якуни бўйича ҳисоботи

Хусусан жорий йилнинг май ойида вилоятимизда фаолият юритаётган 124 нафар тадбиркорлик субектининг 86 та муаммолари ўрганилиб, имтиёзли кредит олиш, дастлабки бухгалтериясини юритиш, ҳисоботларни тўлдириш ва топшириш каби 48 дан ортиқ масалалар бевосита солиқ органлари ходимлари кўмагида ҳал этилди.
Бундан ташқари, фаолиятини тўхтатган 6 нафар тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатилиб, фаолиятларини қайта тиклашга эришилди.
Тадбиркорлар учун тенг рақобат муҳитини яратиш, ноқонуний тарзда савдо ва хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланишнинг олдини олиш мақсадида давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидагн назорат тадбирлари ўтказилиб, 24 нафар фуқаролар ҳеч қандай ҳужжатларсиз тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётганлиги аниқланди. Мазкур фуқаролар ўртасида олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида улардан 22 нафари белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтиб, қонуний тартибда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйдилар.
Хўжалик юритувчи субектлар билан ўтказилган бевосита мулоқотлар ва кенг кўламли тушунтириш ишлари пировардида 87 та корхонадаги 218 нафар норасмий ишловчи фуқароларнинг фаолияти қонунийлаштирилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2022-йил 31-март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида йил якунига қадар Россия, Украина ва Белорус давлатлари билан ишлаётган ташқи савдо қатнашчиларига дебитор қарздорлиги учун жарималар қўлламаслик вазифаси белгиланган бўлиб, унга кўра вилоятимиздаги 2 та ташқи савдо иштирокчиларининг Россия, Украина ва Белорус давлатлари субектлари билан тузилган ташқи савдо шартномалари бўйича йўл қўйилган муддати ўтган дебитор қарздорликлари учун уларга нисбатан суд тартибида қўлланилиши лозим бўлган 113 миллион 245 минг сўмлик молиявий жарималар ижродан тўхтатилди.
Жорий йилнинг май ойи давомида “Солиқ ҳамкор” дастури орқали Олтинсой туманида фаолият юритаётган тадбиркорлик субектлари билан боғлиқ солиқ ҳуқуқбузарликлари тўғрисида жами 20 та мурожаат келиб тушган бўлиб, мурожаатларга асосан 11 та сайёр солиқ текширувлари ўтказилди ва ўз тасдиғини топмаган 9 та мурожаатни кўриб чиқиш рад этилди.
Энг муҳими, солиқ тўловчиларга солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ижро этишида ёрдам бериш ҳамда “Солиқчи – кўмакчи” тамойили асосида чора қўллашдан олдин бартараф этишга имконият яратиш талабидан келиб чиқиб, жорий йил 1-июндан бошлаб, “Солиқ ҳамкор” орқали мурожаат йўллаш ва мурожаатга асосан солиқ ҳуқуқбузарликларини содир этган тадбиркорлик субектига нисбатан чора кўриш тартибига бир қатор ўзгартиришлар киритилди. Жумладан мулкчилик шаклидан қатъий назар, биринчи маротаба келиб тушган мурожаат бўйича солиқ тўловчи ҳузурига борган ҳолда, профилактик суҳбат ўтказилиб, тадбиркорлик субектининг қонун талабларида иш юритиши тўғрисида расман огоҳлантирилиб, унга нисбатан молиявий жазо чоралари кўрилмайдиган бўлди.
Шу ўринда таъкидлаб ўтиш керакки, барча тадбиркорлик субектлари юртимизда уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида берилаётган кенг имкониятлар ва енгилликлардан унумли фойдаланишлари ва бунга жавобан, ҳалолликни мезон қилиб, қонуний тартибда фаолият юритишлари лозим.

Зеро, солиқ хизмати – инсофли солиқ тўловчиларнинг ишончли ҳамкори!

Равшан Боймирзаев,
Олтинсой туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
8 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
OpenByudjet loyihasida ishtirok etyapsizmi?