Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Олтинсой тумани ҳокимлиги
 МАҲАЛЛИЙ ДАВЛАТ ҲОКИМИЯТИ ОРГАНЛАРИ ФАОЛИЯТИНИ “КУЧЛИ КЕНГАШ, ҲИСОБДОР ВА ТАШАББУСКОР ҲОКИМ” ТАМОЙИЛИ АСОСИДА ТАШКИЛ ЭТИШ

Маълумки, Янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳокимлар ва маҳаллий Кенгашларнинг ваколатлари тақсимланишига асосланган маҳаллий давлат ҳокимиятининг янги модели жорий этилди. Унга кўра, маҳаллий давлат бошқарувида вакиллик ва ижро этувчи органларнинг ваколатлари бир-биридан ажратилди. Яъни, маҳаллий кенгашлар сайланадиган вакиллик органлари, ҳокимликлар эса ижро органлари сифатида фаолият юритади.

 

Қолаверса, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам Маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларини халқнинг чинакам “овозига” айлантириш, ҳудудий бошқарувни “аҳоли манфаатларига хизмат қилиш” тамойили асосида ташкил этиш вазифаси белгиланган.

 

Янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳоким ва маҳаллий Кенгаш раислари лавозими ажратилганлиги муносабати билан уларнинг вазифа ва функсиялари таҳлил қилинганда йиллар давомида қонунчиликдаги жадал ўзгаришлар натижасида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари зиммасида 700 дан ортиқ вазифа, функсия ва ваколатлар мавжудлиги маълум бўлди. Бу эса ўз навбатида амалиётда ҳуқуқий жиҳатдан мураккабликларни келтириб чиқараётган эди.

 

Янгиланган Конституция қоидаларини тўлақонли рўёбга чиқариш, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятидаги мураккабликларни бартараф этиш, қонунчиликнинг тизимлилигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

 

Фармонга кўра, “Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким” тамойили асосида маҳаллий ижроия ҳокимият ваколатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилади.

 

Фармон билан жамият ва давлат ҳаётининг муҳим масалаларини ҳал этишда маҳаллий вакиллик органларининг ролини ошириш мақсадида 33 та вазифа, функсия ва ваколатлар маҳаллий Кенгашларга ўтказилмоқда.

 

Шу сабабли, Фармон билан Кенгашларнинг қатор ваколатлари қайта кўриб чиқилиб, улар соҳалар бўйича тизимлаштирилди.

 

Шу билан бирга, Фармонда янгиланган Конституция талабларидан келиб чиқиб, маҳаллий Кенгашлар зиммасига вазифа ва функсиялар фақатгина қонун ҳужжатлари билан юклатилиши, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан маҳаллий Кенгашлар фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслиги, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда маҳаллий давлат ҳокимияти органларига берилган маҳаллий Кенгашларнинг қонунда белгиланган ваколатларига хос бўлмаган вазифалар ижроси бўйича маҳаллий давлат ижроия ҳокимияти органлари масъул ҳисобланиши қатъий мустаҳкамланди.

 

Шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда ваколатларни маҳаллий вакиллик ва ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасида аниқ белгилаш амалиётини жорий этиш белгиланди.

 

Фармонда Маҳаллий кенгашлар фаолияти самарадорлигини оширишга, норма ижодкорлиги ва назорат таҳлил фаолиятини кучайтиришга кўмаклашиш, услубий қўллаб-қувватлаш, ушбу йўналишда таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш мақсадида Олий Мажлис Сенати томонидан амалга ошириладиган тадбирлар ҳам белгиланди.

 

Унга кўра, Сенат маҳаллий Кенгаш депутатлари ва котибиятлари ходимларининг сиёсий-ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган ўқувларни ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар режасини тасдиқлайди, маҳаллий Кенгашлар ваколатлари, вазифа ва функсияларининг реестрини ишлаб чиқади ва юритиш ишларини амалга оширади, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси билан биргаликда “Ўзбекистонда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш консепсияси”ни ишлаб чиқади.

Яна бир эътиборли жиҳат — Фармонда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида маҳаллий Кенгашлар депутатлари ва котибиятлари ходимларининг билим ва малакасини оширишга қаратилган ўқув курсларини тизимли ташкил этиш, Маҳаллий Кенгашлар биноларига ва уларни моддий-техника жиҳатидан жиҳозлашга доир минимал талабларни ишлаб чиқиш масалалари ҳам ўрин олди.

 

Хулоса қилиб айтганда, Фармонда белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарали йўлга қўйилишига, маҳаллий вакиллик органларининг давлат ва жамият бошқарувидаги ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги ролини кучайтиришга, ижро этувчи ҳокимият органларининг маҳаллий Кенгашлар олдидаги масъулиятининг ошишига хизмат қилади. Шу билан бирга маҳаллий вакиллик органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ваколатларини аниқ белгилаш орқали ҳокимиятлар ўртасида мувозанат таъминланади.

 

Жумладан, давлат боғча ва мактабларини ташкил этиш ва тугатиш, буюртма қўриқхоналари, табиий питомниклар, рекреация зоналари, ботаника ва дендрология боғларини ташкил этиш, шаҳар йўловчилар транспортида йўловчи ва юк ташиш ҳақини тўлашнинг тарифларини белгилаш, шаҳар йўловчи транспортида йўналишларни ташкил этиш, ичимлик суви таъминоти бўйича хизматлар учун тарифларни тасдиқлаш ва бошқалар маҳаллий Кенгашлар қарорлари билан амалга оширилиши назарда тутилмоқда.

 

Кенгашларнинг қонунчиликдаги ваколатлари тизимлаштирилмагани натижасида, маҳаллий Кенгашлар биргина ҳокимликлар ва қатор давлат идораларининг у ёки бу соҳага оид ҳисобот ва ахборотларини йилига қарийб юздан ортиқ маротаба эшитиши лозим эди. Бу эса, маҳаллий Кенгашларнинг иш юкламасини сунъий равишда ошириб, жойларда ҳаддан ташқари тартибга солишга, муҳим ваколатларнинг номигагина амалга оширилишига олиб келиши мумкин эди.

 

Мисол учун, биргина ички ишлар органларининг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари, уларнинг тармоқ бўйича ўринбосарлари, шунингдек маҳаллалардаги профилактика инспекторлари ҳам маҳаллий Кенгашларга алоҳида-алоҳида ҳисобот берар эди.

 

Халқ депутатлари Олтинсой туман Кенгаш котибияти бош мутахассиси
И.Розиқов

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
3 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
OpenByudjet loyihasida ishtirok etyapsizmi?