Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Олтинсой тумани ҳокимлиги
КОРРУПЦИЯГА  ҚАРШИ  МУРОСАСИЗ  БЎЛАЙЛИК

Коррупция – давлат ва жамият тараққиётига путур етказадиган иллатдир. У, биринчи навбатда, демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига зиён етказади. Инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади, бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилади, ҳаёт сифатини ёмонлаштиради ва одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисалар илдиз отиб, гуллаши учун шароит яратиб беради.

Таъкидлаш ўринлики, коррупция барча мамлакатларда учрайди. Ушбу зарарли иллатни бартараф этиш бўйича жаҳон ҳамжамияти томонидан бир қатор самарали ишлар амалга оширилаётган бўлса ҳам, ҳанузгача у бартараф этилмаяпти.

Биз қуйида коррупциянинг тарихий илдизларига ва унга қарши курашиш хусусида фикр юритмоқчимиз.

Коррупция (лотинча «Corrumpere» — бузмоқ термини) одатда мансабдор шахслар томонидан унга берилган мансаб ваколатлари ва ҳуқуқлардан ўзларининг шахсий манфаатларини кўзлаб қонунчилик ва аҳлоқ қоидаларига зид равишда фойдаланишини англатади.

Коррупция кўп давлатларнинг жиноят ва маъмурий қонунчилиги билан ҳуқуққа қарши ҳаракат сифатида таъқиб қилинади.

Макроиқтисодий ва сиёсий-иқтисодий тадқиқотлар коррупция давлатларнинг иқтисодий ўсиши ва ривожланишига улкан тўсиқ эканлигини кўрсатди. Шу жумладан, бу иллат, агар унга қарши етарлича кураш олиб бормасак, Ўзбекистоннинг ҳам ўз тараққиёти йўлида ривожланишига улкан тўсиқ бўлиши мумкин.

Коррупциянинг тарихи жуда қадим даврларга бориб тақалиб, бу ҳолат қабилада маълум мавқега эга бўлиш учун қабила сардорларига совғалар бериш одатидан келиб чиққан, деб тахмин қилинади. Кейинчалик давлат аппаратининг мураккаблашуви ва марказийлашуви коррупциянинг давлат ривожланишига катта тўсиқ эканлигини кўрсатди.

Коррупцияга қарши курашган биринчи давлат сифатида қадимги Шумер давлати тан олинади. Қадимги давлатларни айниқса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг порахўрлиги қаттиқ ташвишга солганлиги бизгача сақланиб қолган манбалардан маълум. Чунки бу ҳолат давлатнинг обрўсига жуда қаттиқ путур етказарди.

XVIII асрнинг иккинчи ярмига келиб жамият давлат бошқарув аппаратининг иш сифатига тоборо кўпроқ таъсир кўрсата бошлади. Бу ўша даврда қабул қилинган бир қатор қонун ҳужжатларида ҳам ўз аксини топган.

Жумладан, 1787 йилда қабул қилинган АҚШ Конституциясида пора олиш АҚШ президентини импечментга тортиш мумкин бўлган икки жиноятнинг бири сифатида кўрсатиб ўтилган.

Сиёсий партияларнинг вужудга келиши ва уларнинг мамлакат ҳаётидаги ўрнининг ошиб бориши XIX-XX асрларда ривожланган давлатларда коррупциянинг дунёнинг бошқа мамлакатларига нисбатан анча камайишига олиб келди.

Ушбу иллатни тадқиқ қилган бир қатор йирик мутахассислар қуйидаги факторларни коррупцияни юзага келтирувчи омиллар сифатида кўрсатади.

Икки хил маънони англатувчи қонунлар — ушбу вазият ҳуқуқни қўлловчи мансабдор шахс томонидан қонунларни турлича қўллаш имконини яратади.

Аҳоли ҳуқуқий саводхонлигининг пастлиги — аҳоли томонидан қонунларни билмаслик ёки тушунмаслик мансабдор шахсга қонунлардан ўзининг шахсий манфаати йўлида фойданишига қулай шароит яратади.

Мамлакатдаги сиёсий вазиятнинг нотинчлиги — мамлакатдаги нотинчлик биринчи навбатда аҳоли онгида ҳаётда юксак турмуш даражасига эришишнинг асосий усули қонунга хилоф фаолият билан боғлиқ, деган мутлақо ахлоққа зид нуқтаи назар шаклланишига олиб келади. Бу эса ўз навбатида коррупцияга қулай шароит яратади.

Ижро ҳокимиятининг бирлиги тамойилинининг бузилиши — айнан битта фаолиятнинг турли инстанциялар томонидан тартибга солиниши ҳам шундай ҳолатга олиб келиши мумкин.

Ундан ташқари, аҳолининг давлатни назорат қилишдаги суст иштироки, давлат секторидаги хизмат қилаётган хизматчилар даромадларининг хусусий секторда топиш мумкин бўлган даромадлардан камлиги, иқтисодиётнинг давлат томонидан тартибга солиниши, инфляциянинг юқори даражаси, мамлакат юқори бошқарув органларининг аҳолидан узилиб қолганлиги коррупция пайдо бўлишига шароит яратади. 

Коррупцияга қарши курашнинг қуйидаги усуллари мавжуд.

 

Ички назорат —бу усул бошқарув аппаратининг ўзида назоратни кучайтирувчи тузилмалар (ҳар хил ички инспекциялар ва бошқа назорат органлари тузиш орқали) яратишни тақазо этади. Бу тузилманинг асосий вазифаси ходимларнинг ички этикет қоидаларига риоя қилишини назорат қилишдир.

Ҳозирги кунда бизнинг юртимизда ҳам бир қатор ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида айнан шу вазифани бажарувчи ички тузилмалар яратилган.

Ташқи назорат — бу усулда ижро аппаратидан мустақил тузилмаларнинг мустақиллигини ошириш назарда тутилиб, айнан ушбу тузилмалар орқали коррупцияга қарши самарали кураш олиб борилади.

Сайлов тизими орқали курашиш —демократик давлатларда сайланган вакилларни коррупция учун жазолашнинг асосий усулларидан бири кейинги сайловларда унга овоз бермаслик ҳисобланади. Коррупцияга сайловлар орқали таъсир ўтказиш жуда самарали усул ҳисобланади.

Коррупцияга қарши курашда юқори натижаларга эришган Швеция, Сингапур, Гонконг, Португалия каби давлатларнинг тажрибасини ўрганиш шуни кўрсатадики, коррупцияни юзага келтирувчи омилларни бартараф этиш коррупцияга қарши курашда муҳим ўрин эгаллайди.

Бунда Конституциявий назорат органлари, ҳуқуқ-тартибот органларининг аҳамияти ортади. Яъни, коррупцияга олиб келиши мумкин бўлган нормаларни конституциявий назорат органи томонидан конституцияга зид деб топиш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш каби методлардан унумли фойдаланиш коррупция даражасини пасайтиради.  

Биз қуйида Сингапур давлатида коррупцияга қарши курашда қўлланилган усуллар ҳақида тўхталиб ўтамиз.

Сингапур давлати 1965 йил мустақилликка эришгач коррупция даражаси энг юқори бўлган давлатлар қаторида турар эди. Лекин бу иллатга қарши ўтказилган бир қатор тадбирлар бу давлатда коррупциянинг минимал даражага тушишига олиб келди.

Биринчи навбатда бу ерда бюрократик жараёнлар енгиллаштирилиб, судьяларнинг даромадлари ва имтиёзларини ошириш эвазига суд тизимининг мустақиллиги оширилди.

Шу билан бирга коррупция жиноятлари учун санкциялар оғирлаштирилиб, фуқароларга коррупцияга қарши жиноятларни тергов қилишда ҳамкорлик қилишда бош тортганлиги учун жуда катта молиявий санкциялар белгиланди. Бир қатор давлат идораларида оммавий “тозалаш”лар ўтказилиб, бу жараёнлар телеканаллар орқали бутун мамлакатга намойиш қилинди.

Юқорида санаб ўтилган омилларнинг ҳаммаси Сингапурни қисқа муддатларда коррупция даражаси энг паст мамлакатлар рўйхатида илғор давлатлар қаторига олиб чиқди. Шунингдек, давлат хизматчисининг аҳлоқ стандартларига риоя этишини қаттиқ назорат остига олиш ҳам Сингапур давлатида коррупцияга қарши курашда муҳим дастаклардан бири бўлиб хизмат қилади.

Коррупциянинг олдини олиш, унга қарши курашитш бугунги кунда барча давлатларнинг ҳамкорлигини тақозо этади.

Бу борада муҳтарам Президентимиз шундай таъкидлаган эдилар: “Жиноятчилик, коррупция бизнинг ўз хавфсизлигимизга ҳам, халқаро хавфсизликка ҳам таҳдид солувчи реал манбадир. Бинобарин, мазкур ҳодисага қарши кураш масалалари биргина бизга тааллуқли эмас. Шунинг учун ҳам биз жиноятчилик ҳақида бутун жаҳон ҳамжамияти қайғурмоғи лозим, деб ҳисоблаймиз. Суверен Ўзбекистон халқи ва раҳбарияти эса улар билан фаол ҳамкорлик қилишга тайёр ва буни дунёни поклаш, унинг хавфсизлигини таъминлаш ишига қўшилган ҳисса, деб билади”.

Айни пайтда юртимизда коррупция иллатига қарши муросасиз кураш олиб борилмоқда. Коррупция пайдо бўлиши мумкин бўлган хизмат кўрсатиш жойларида инсон аралашуви камайтирилиб, электрон хизматларнинг йўлга қўйилиши катта самара бермоқда.

Олтинсой туманида ҳам коррупция иллатига қарши кураш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Туман газетаси, ижтимоий тармоқлар орқали бу борада тарғибот-ташвиқот олиб борилмоқда. . Ҳоким ва ҳоким ўринбосарлари томонидан коррупция иллатига қарши кураш борасида журналистлар, блогерлар ва фаол фуқаролар иштирокида тез-тез матбуот анжуманлари, брифинглар ўтказилиб, шаффофлик таъминланмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб барча юртдошларимизга мурожаат қилиб айтмоқчимизки, бирор бир моддий манафаат эвазига ишни битириб берувчи кишиларнинг сўзига қулоқ тутманг. Қонунни айланиб ўтмоқчи бўлганларнинг тегирмонига сув қуйманг. Сиз бу билан юртимизни ривожлантиришга ўз ҳиссангизни қўшган бўласиз.

Фарзандларимиз учун покиза ва шаффоф жамиятда яшаши бугун сиз билан бизнинг ҳаракатимизга чамбарчас боғлиқдир. Ҳеч биримиз шу ҳақиқатни унутмайлик.

 

Илхом   БАБАҚУЛОВ,

Олтинсой  туман  хокимининг биринчи ўринбосари.

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
22 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
OpenByudjet loyihasida ishtirok etyapsizmi?
Ha!
1%
Yo'q!
1%
Nima ekan "OpenByudjet"???
100%
Жами: 710 овоз берилди.