Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2003 йил 21 ноябрдаги резолюциясига мувофиқ, 2004 йилдан бошлаб 9 декабрь – Бутунжаҳон коррупцияга қарши курашиш куни сифатида нишонланмоқда. Ушбу кунда БМТнинг “Коррупцияга қарши конвенция”ни тан олган, аъзоси ҳисобланган давлатларда турли тадбирлар ва акциялар уюштирилади, плакат ва варақалар чоп этилади, шунингдек оммавий ахборот воситаларида коррупцияга қарши курашиш масаласидаги ахборотлар фаоллашади.
Коррупцияга қарши кураш механизмини такомиллаштириш, унинг ҳуқуқий асосларини яратиш дунё миқёсида халқаро ташкилотларнинг диққат марказида бўлиб турибди. Бу борада дастлабки муҳим қадам сифатида 2003 йил 31 октябрда БМТ томонидан қабул қилинган коррупцияга қарши конвенцияни олишимиз мумкин. 2008 йил 7 июнда “Коррупцияга қарши конвенцияга қўшилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган.
Давлатимиз раҳбари томонидан 2017 йилнинг 3 январь куни коррупцияга қарши курашнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамловчи “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди. Қонунда коррупция тушунчаси, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятини амалга оширувчи давлат органлари, уларнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича ваколатлари, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларга чек қўйиш, жавобгарликнинг муқаррарлиги кўрсатиб ўтилган.
Коррупцияни ҳеч иккиланмай тараққиёт кушандаси деб аташ мумкин.
Коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини, ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишидир. Шундай экан, ҳар биримиз коррупцияга қарши курашиб, тараққиёт кушандасининг илдизига болта уришимиз шарт. Шундаги юрт обод бўлади, элимиз фаровон ҳаёт кечиради.
Жиноят ишлари бўйича Олтинсой
туман судининг раиси
К.Назаров
© Олтинсой тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024