Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Олтинсой тумани ҳокимлиги
Судларида тергов судьяси лавозими

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2024 йил 10 июнда «Тезкор қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора тадбирлари тўғрисида»ги фармонни   имзолади.

“2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”да “Хабеас корпус” институтини янада ривожлантириш орқали тезкор-қидирув ва тергов фаолияти устидан назоратни кучайтириш, фуқароларнинг қадр-қиммати ва эркинлигини самарали ҳимоя қилишнинг таъсирчан механизмини жорий этиш масалалари ўрин олган.

      Янги Конституцияда ҳам жиноий таъқибга олинган шахсларни давлат органлари ҳамда мансабдор шахсларнинг ўзбошимчалигидан ҳимоялашнинг деярли барча усуллари акс эттирилган. Конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлар доираси кенгайган. Ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши кафолатланган. Энг муҳими, ушбу норма инсоннинг фундаментал ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилинишига ва шахс эркинлиги ҳамда дахлсизлиги ҳуқуқининг конституциявий кафолати сифатида хизмат қилади. 

        Амалга оширилаётган ислоҳотлар, ўз навбатида, иш бўйича барча ҳолатлар суд томонидан ҳар томонлама текширилиб, далилларга холисона баҳо берилишига, натижада оқлов ҳукмлари кўпайишига асос яратиб, фуқароларнинг судга бўлган ишончи ошишига олиб келмоқда. 

       Қабул қилинган Президент фармони билан бугунги кунда суд-ҳуқуқ тизимидаги замонавий талаблар ва халқаро стандартлар асосида ишни судга қадар юритиш босқичида Тергов судьяси лавозими жорий этилиши белгиланди.

– 2025 йил 1 январдан жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозими жорий этилади. Улар судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш ва мажбурлов чораларини қўллаш масаласини ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқади.

        Фармонга мувофиқ, тергов судьясига жиноят материалларини қўллаш масаласини кўриб чиқиш ваколати берилади. Жумладан, қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш, паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш, мурдани эксгумация қилиш, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш, тинтув ўтказиш, телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш, мол-мулкни хатлаш каби илтимосномаларга тергов судьяси санкциялар бериши мумкин. 

       Жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида тергов судьяси томонидан процессуал қарорларга берилган санкциялар фақатгина апелляция инстанциясида Қорақалпоғистон суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон ҳарбий суди томонидан якка тартибда қайта кўриб чиқилади.

      Шунингдек, тергов судьяси айбланувчини лавозимидан четлаштириш, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш, айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш, ушлаб туриш муддатини 48 соатга қадар узайтириш, прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги каби илтимосномалар бўйича мажбурлов чораларини қўллаши мумкин.

– Бугунги кунда Бельгия, Греция, Ироқ, Испания, Нидерландия ва Хорватия давлатларида тергов судьялари ўз фаолиятини муваффақиятли амалга ошириб келмоқда. Шунингдек, бу лавозим кейинчалик Литва, Молдова, Эстония, Латвия, Украина, Қозоғистон, Грузия ва Қирғиз Республикаларида жорий этилган.

      Мазкур фармон судьялар корпусини шакллантиришнинг янги механизмларини жорий этишга, суд тизими тузилмасини ислоҳ қилишга, суриштирув ва тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ишончли ҳимоя қилишга ва аҳолининг судларга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

Жиноят ишлари бўйича

Олтинсой туман судининг

раиси Т.Абдуллаев

Рўйхатдан ўтиш
3 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фикрингиз?