Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Олтинсой тумани ҳокимлиги
Меҳнат муносабатларидан келиб чиқадиган низолар юзасидан судга мурожаат қилиш муддатлари

Қонунчиликда ўзининг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун даъво муддатлари белгиланган. Даъво муддати деб, шахс ўзининг бузилган ҳуқуқини даъво қўзғатиш йўли билан ҳимоя қилиши мумкин бўладиган муддатга айтилади. Даъво муддати шахс ўз ҳуқуқларини амалга оширилишини талаб қиладиган муддат ҳисобланади. Даъво муддатлари умумий ва махсус даъво муддатларига бўлинади.

Меҳнат муносабатларидан келиб чиқадиган низолар юзасидан судга мурожаат қилиш муддатлари махсус даъво муддатлари ҳисобланади. Сабаби меҳнат муносабатларидан келиб чиқадиган низолар бўйича қисқартирилган даъво муддатлари белгиланган.

2023 йил 30 апрель кунига қадар амалда бўлган Меҳнат кодексининг 270-моддасида, ишга тиклаш низолари бўйича — ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги буйруқнинг нусхаси берилган кундан бошлаб бир ой, ходим томонидан иш берувчига етказилган моддий зарарни тўлаш ҳақидаги низолар бўйича — зарар етказилганлиги иш берувчига маълум бўлган кундан бошлаб бир йил, бошқа меҳнат низолари бўйича — ходим ўз ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб уч ой, ходимнинг соғлиғига етказилган зарарни қоплашга доир низолар бўйича судга мурожаат қилиш учун муддат белгиланмаслиги назарда тутилган.

Ҳозирги кунда амалда бўлган Меҳнат кодексининг 560-моддасида, ишга тиклаш тўғрисидаги низолар бўйича — ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги иш берувчи буйруғининг кўчирма нусхаси топширилган кундан эътиборан уч ой, ходим томонидан иш берувчига етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги низолар бўйича — иш берувчи зарар етказилганлигини аниқлаган кундан эътиборан бир йил, бошқа меҳнат низолари бўйича — ходим ўзининг ҳуқуқи бузилганлиги тўғрисида билган ёки билиши керак бўлган кундан эътиборан олти ой, ходимнинг ҳаётига ва соғлиғига етказилган зиённинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги низолар бўйича, шунингдек ходимга етказилган маънавий зиённи компенсация қилиш ҳақидаги низолар бўйича судга мурожаат этиш муддати белгиланмаслиги қайд этилган.

Юқоридагилардан кўринадики, амалдаги Меҳнат кодексида ходимларнинг манфаатдларидан келиб чиқиб, ишга тиклаш тўғрисидаги низолар бўйича мурожаат қилиш муддати бир ойдан уч ойга, бошқа меҳнат низолари бўйича уч ойдан олти ойга узайтирилган.

Хулоса қиладиган бўлсак, меҳнат муносабатларидан келиб чиқадиган низолар бўйича даъво муддатларининг белгиланиши жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга, судлар томонидан низоларни қонуний ва адолатли ҳал этиш, иш юзасидан ҳақиқатни аниқлаш, холисликни таъминлаш ҳамда асосли қарорлар қабул қилишда муҳим ўрин тутади.

 

 

Сурхондарё вилояти жиноят ишлари

бўйича Олтинсой туман судининг

архивариуси

Б.Жумаев

 

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
10 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фикрингиз?
Aъло
100%
Яхши
24%
Қониқарли
0%
Қониқарсиз
14%
Жами: 29 овоз берилди.