Ҳаракатлар стратегиясининг мантиқий давоми сифатида “Ҳаракатлар стратегиясидан — Тараққиёт стратегияси сари” тамойилига асосан еттита устувор йўналишдан иборат бўлган 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ишлаб чиқилди ва бу стратегия Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сонли Фармони билан тасдиқланди.
Мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш – Тараққиёт стратегиясининг иккинчи устивор йўналиши, вазифаси сифатида белгилаб олинди. Айнан шу вазифани бажариш ҳамда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини ошириш мақсадида 2023 йил 16 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-11 ва “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-12-сонли Фармонлари қабул қилинди.
Президентимизнинг ПФ-11-сонли Фармони билан 2023 — 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси ҳамда ушбу стратегияни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар дастури тасдиқланди. Эътиборли жиҳати шундаки, адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш билан бирга, суд қарорларининг қатъий ижросини таъминлаш, бу борада давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг масъулиятини ошириш, стратегия доирасида одил судловни таъминлашнинг устувор вазифалари сифатида белгиланди.
Ҳаракатлар дастури 10 та бўлим 28 та банддан иборат бўлиб, унинг “Одил судлов сифатини тубдан ошириш” деб номланувчи 2-бўлимининг 5-банди маъмурий суд иш юритувини такомиллаштиришга қаратилган.
Ушбу бандда 2023 йил ноябрь ойига қадар “Маъмурий суд иш юритувини такомиллаштириш концепцияси”ни ишлаб чиқиш, бунда:
– маъмурий органлар билан фуқаролар ва тадбиркорлар ўртасидаги барча низоларни хатловдан ўтказиб, судловга тааллуқлилигига оид қоидаларни такомиллаштириш;
– маъмурий суд иш юритуви принципларини танқидий ўрганиб, оммавий-ҳуқуқий муносабатларнинг мазмун-моҳиятини акс эттирувчи принципларни киритиш;
– маъмурий суд иш юритувига даъво институтини киритиб, маъмурий органлар устидан бериладиган даъво турларини аниқ белгилаш;
– фуқаролар ва тадбиркорларнинг маъмурий ҳужжатга бўлган ишончини ҳимоя қилиш тизимини танқидий ўрганиб, етказилган зарарни ундириш тартибини аниқлаштириш;
– маъмурий судлар фаолиятига ҳуқуқи бузилган фуқаро — аризачининг хоҳишига кўра экстерриториал судловга тегишлилик механизмини жорий этиш белгилаш лозимлиги кўрсатилган.
Суд-ҳуқуқ соҳасига бағишланган юқорида қайд этиб ўтилган Президент Фармонлари авваламбор, “Инсон қадри учун” ғояси асосида қабул қилинган бўлиб, улар адолатли суд тизимини шакллантириш, халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини суд йўли орқали самарали ҳимоя қилиш ҳамда фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончи ошишининг таъминланишига хизмат қилади.
Сурхондарё вилоят суди
жиноят ишлари бўйича
судлов ҳайъати судьяси
Эргашев Отабек Акбутаевич
© Олтинсой тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024