Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Олтинсой тумани ҳокимлиги
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯСИДА ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ҲАҚИДА.

ШУ ЎРИНДА САВОЛ ТУҒИЛИШИ МУМКИН, ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНЛАРИ РАСМИЙ ЭЪЛОН ҚИЛИНАДИГАН МАНБАЛАРГА НИМАЛАР КИРАДИ?

Қонунчиликка мувофиқ, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси”, “Ўзбекистон Республикаси қонунчилик тўплами”, “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари, “Ўзбекистон Республикаси қонунчилик маълумотлари миллий базаси” Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари эълон қилинадиган расмий манбалардир.

ШУНИНГДЕК, НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ ҲУЖЖАТЛАРНИ ЭЪЛОН ҚИЛИШГА ДОИР ТАЛАБЛАРГА ҚУЙИДАГИЛАР КИРАДИ:

  • Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг баён тарзида расмий эълон қилинишига йўл қўйилмайди.
  •   Норматив-ҳуқуқий ҳужжат расмий эълон қилинганда унинг барча реквизитлари кўрсатилади.
  •   Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари матнларининг электрон шакллари уларни қабул қилган органларнинг расмий веб-сайтларида норматив-ҳуқуқий ҳужжат расмий эълон қилинганидан кейин бир кун ичида эълон қилиниши шарт. Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари матнларининг электрон шаклларини эълон қилиш тартиби қонунчиликда белгиланади.
  • Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни норасмий нашрларда эълон қилишга, шунингдек уларни қонунчиликнинг электрон маълумотнома тизимлари орқали тарқатишга норматив-ҳуқуқий ҳужжат расмий манбаларда уларнинг барча реквизитлари, улар эълон қилинган расмий нашрлар ва уларнинг кучга кириш санаси кўрсатилган ҳолда эълон қилинганидан сўнг йўл қўйилади. Бунда расмий нашрларда эълон қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжат матнининг аниқ такрорланиши таъминланиши керак.
  • Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг эълон қилиниши улар қўлланилишининг мажбурий шартидир.

ҚАЙСИ ДАВЛАТ ОРГАНИ ҲУҚУҚИЙ АХБОРОТНИ ТАРҚАТИШ ВА УНДАН ФОЙДАЛАНИШНИ ТАЪМИНЛАШ СОҲАСИДА ВАКОЛАТЛИ ҲИСОБЛАНАДИ?

  • Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органидир.    
  • Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ўз ваколатлари доирасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг расмий эълон қилинишини амалга оширади;
  • Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базасида расмий эълон қилиш улар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига келиб тушган пайтдан эътиборан бир кун ичида “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни расмий эълон қилиш” бўлимида амалга оширилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 30-моддасининг иккинчи қисми бир жиноят учун икки марта жавобгарликка тортиш мумкин эмаслигини белгилайди. Ушбу қоиданинг қонунда мустаҳкамланганлиги одиллик принципининг шартларидан биридир. Ушбу норма орқали жиноий жавобгарликнинг одилона бўлиши таъкидланган. Бу ўринда бир жиноят учун бир марта жавобгарликка тортиш мезон бўлиб хизмат қилади. Бунда жиноят содир этган шахснинг ҳолати, илгари жиноий жавобгарликка тортилганлиги, унинг судланганлиги ёки оқланганлиги аҳамиятга эга эмас. Ушбу ва бошқа ҳолатларда унинг мазкур қилмиши учун қайта жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ  КОНСТИТУЦИЯСИНИНГ 31-МОДДАСИ

  • Ҳар бир инсон шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сирга эга бўлиш, ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.
  • Ҳар ким ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиши ҳуқуқига эга. Ушбу ҳуқуқнинг чекланишига фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.
  • Ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларнинг ҳимоя қилиниши ҳуқуқига, шунингдек нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмай қолган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.
  • Ҳар ким уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқига эга.
  • Ҳеч ким уй-жойга унда яшовчи шахсларнинг хоҳишига қарши кириши мумкин эмас. Уй-жойга киришга, шунингдек унда олиб қўйишни ва кўздан кечиришни ўтказишга фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилади. Уй-жойда тинтув ўтказишга фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.

Мазкур модданинг 1-қисми билан белгиланган нормага кўра, Инсон бошқа мавжудотлардан шаъни, қадр-қимматига, обрўйига эгалиги билан фарқ қилади. Қадр-қиммати қадрлангандагина у ўзининг ҳаётини муносиб қура олади. Шунинг учун инсоннинг шаъни, обрўси ҳимоя қилинади. Ҳар бир киши ўз ҳаётини ўзи хоҳлаганча ташкил қилади. Бунда у бошқаларга зарар етказмаслиги, қонун-қоидалар асосида яшаши, фойдали меҳнат билан шуғулланиши зарур. Инсонларнинг шаъни, обрўсига зарар келтирувчи ҳар қандай ҳаракат тақиқланади. Бирор-бир ҳаракат натижасида инсоннинг шаъни, обрўсига зарар етса, унга тегишли чоралар кўрилади.

Шунингдек 31-модданинг навбатдаги нормалари билан ҳар ким ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиши ҳуқуқига эга эканлиги, ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларнинг ҳимоя қилиниши ҳуқуқига эга эканлиги белгиланмоқда.

Кейинги йилларда телекоммуникация тармоқлари ва ахборот технологиялари ривожлангани сари ахборот ва маълумотларни узатиш, тарқатиш жараёнлари осонлашди ва халқ ичида оммавийлашди. Ҳозирги кунда 30 миллиондан ортиқ юртдошларимиз мобил алоқадан фойдаланмоқдалар.

Бугун ижтимоий тармоқ ва интернет сайтларида шахснинг шахсий ва оилавий сирига оид маълумотлари, минг афсуски, унинг розилигисиз олиниши, тарқатилишига гувоҳ бўляпмиз. Натижада кўпчилик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўз шахсий ҳаётига, шахсига оид маълумотларнинг тарқалишига оид ҳуқуқбузарликдан жабр кўрмоқдалар.

Бундай шароитда фуқароларнинг шахсий маълумотлари, ёзишмалари ва биометрик маълумотларини сақлаш ва тарқатилишида ташқи таъсирлардан ҳимоя зарурати юзага келмоқда. Шу нуқтаи назардан Конституцияда дахлсизлик ҳуқуқи сифатида шахсий, оилавий сир ва маълумотларнинг ноқонуний тўпланиши ва тарқалиб кетиши чекланиши муҳим аҳамиятга эгадир.

Мазкур модда 4-қисмининг аҳамияти шундаки, бир неча йиллардан буён жамиятимизда “снос” билан боғлиқ муаммо долзарблик касб этаётганди. Бунга оқилона ечим сифатида ҳеч ким суднинг қарорисиз уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги ҳамда уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши орқали таъминланиши ҳам мустаҳкамланди.


Сурхондарё вилоят суди жиноят

ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси     

                                         К.Назаров

 

Рўйхатдан ўтиш
6 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фикрингиз?