Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Олтинсой тумани ҳокимлиги
Ўзбекистон Конституциясида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, биринчидан, Ўзбекистон Конституцияси том маънода чинакам демократик Конституциядир. У тарихда синалган умуминсоний, умумбашарий қадриятларни ўзида мужассам этган ҳужжатдир. Бундан ташқари, у энг ривожланган, тараққий топган давлатларнинг Конституциявий тажрибасига таянган ҳолда яратилган.

Иккинчидан, инсон ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолати борасида Конституциямиз “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси”нинг барча асосий ғоя ва қоидаларини ўзига сингдирган. “Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсадидир.

Давлат инсон ҳамда фуқаронинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди”, дейилади Асосий қонунимизнинг 54-моддасида. Бу фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари устуворлигини ва улар конституциявий даражада кафолатланишини англатади.

Учинчидан, Конституция инсон ҳуқуқлари ғояларига садоқат, ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятни англаш, ўзбек давлатчилигининг тарихий тажрибасига таяниш, демократия ва қонунийликни ҳурматлаш, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидаларини тан олиш, мамлакат фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлаш, инсонпарвар ҳуқуқий демократик жамият барпо этиш, шунингдек, фуқаролар тинчлиги ва миллий ҳамжиҳатликни кафолатлаш каби олижаноб мақсадларни кўзлайди.

Дарҳақиқат, давлатимизнинг инсон ҳуқуқларига бўлган муносабатининг конституциявий кафолати сифатида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасида “Ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли.

Ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

Ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланади.

Ҳар ким Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат этишга ҳақли.

Ҳар ким давлат органларининг ёхуд улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши ҳуқуқига эга”, деган ўта мазмунли қоида мустаҳкамланган.

Давлат инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолиятини ташкил этиш учун шарт-шароитлар яратади”, деб ёритилмоқда.

Бундан ташқари, Конституиямизнинг 57-моддасининг биринчи қисмида “Меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифаларининг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир”, деб берилмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бундай кафолатни биз аҳолини ижтимоий таъминот ва ижтимоий суғурта ва ижтимоий ҳимоя қилиш масалаларида кўришимиз мумкин.

Айниқса, меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахсларга берилаётган нафақаларни ўз вақтида берилиши ва уларга берилаётган имтиёзлар ҳам шулар жумласига киради. Бу борада сўнгги йилларда қабул қилинган қонунчилик актлари, фармонлар ва қарорлар аҳолининг кекса ёшдаги фуқаролар ҳамда ижтимоий муҳофазага муҳтож бўлган қатламларини қўллаб-қувватлаш орқали уларнинг турмуш фаровонлигини оширишда катта аҳамият касб этмоқда.

Бундан ташқари, аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифаларига берилаётган моддий ёрдам турлари ҳам муҳимдир. Бу борада юртимизда кам таъминланганлар, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “Темир дафтар” ва бошқа тоифалардаги фуқароларга моддий ёрдам кўрсатиш тартиби жорий этилганида кўришимиз мукин.

Мазкур модданинг кейинги қисмларида “Давлат аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларининг турмуш сифатини оширишга, жамият ва давлат ҳаётида тўлақонли иштирок этиши учун уларга шарт-шароитлар яратишга ҳамда уларнинг асосий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда таъминлаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган чораларни кўради.

Давлат ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий соҳалар объектлари ва хизматларидан тўлақонли фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратади, уларнинг ишга жойлашишига, таълим олишига кўмаклашади, уларга зарур бўлган ахборотни тўсқинликсиз олиш имкониятини таъминлайди”, деб берилмоқда.

Эътироф этиш зарурки, ушбу моддалар мазмуни нуфузли халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан, инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясининг 7-моддаси, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро Пактнинг 7-моддаси ва Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро Пактнинг 14-моддаси ва 20-модданинг 2 қисми ҳамда Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари тўғрисидаги Европа конвенциясининг 14 –талабларига мос келади.

Хулоса қиладиган бўлсак, инсон ҳамда фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларининг ҳимоялаш демократик ҳуқуқий давлатнинг энг муҳим белгисидир. Бинобарин инсон ҳуқуқлари – ҳар бир давлатнинг демократик тараққиёти даражасини кўрсатувчи муҳим мезон ҳисобланади. Таъкидлаш жоизки, биринчи навбатда инсон ҳуқуқлари давлат томонидан ҳимояланиши керак ва ўз навбатида унинг ҳимояланганлиги эса қонун хужжатларида мустаҳкамланиши лозим.

Оддий сўз билан айтадиган бўлсак, мамлакатимиз Конституцияси бир томондан, миллий тафаккуримизнинг, динимизнинг, адолат, бағрикенглик, тўғрисўзлик, инсонийлик каби қадриятларини ўзида акс эттирса, иккинчи томондан, унда халқаро меъёрлар, умуминсоний қадриятлар уйғунлаштирилганлиги айниқса диққатга сазовордир.

Жиноят ишлари бўйича

Олтинсой туман судининг раиси                                           

Т.Абдуллаев

 

 

Рўйхатдан ўтиш
4 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фикрингиз?