Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Олтинсой тумани ҳокимлиги
ТЕРГОВ СУДЬЯСИ ВА УНИНГ ВАКОЛАТЛАРИ

Амалдаги қонунчилик мазмунига кўра, ўттиз беш ёшга тўлган, олий юридик маълумотга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси тергов судьяси лавозимига номзод бўлиши мумкин ҳамда туман (шаҳар) тергов судьялари Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан лавозимга тайинланади, Қорақалпоғистон Республикаси туман (шаҳар) суди тергов судьяси Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг тақдимномасига биноан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан лавозимга тайинланади.

Фармонга кўра тергов судьясига қуйидаги ваколатлар берилиши назарда тутилмоқда:

1) маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш – бунда тергов судьяси томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати амалдаги Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 245-моддасида назарда тутилган моддалар ва ҳолатлардан келиб чиққан холда белгиланиши назарда тутилмоқда;    

2) жиноий материаллар бўйича санкцияларни кўриб чиқиш – бунда тергов судьяси томонидан қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш билан боғлиқ илтимоснома; қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш масалалари билан боғлиқ илтимоснома; паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги илтимоснома; мурдани эксгумация қилиш ҳақидаги илтимоснома; почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш тўғрисидаги илтимоснома; тинтув ўтказиш ҳақидаги илтимоснома; телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш ҳақидаги илтимоснома; мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқилиши назарда тутилмоқда

3) жиноий материаллар бўйича мажбурлов чораларини қўллаш – бунда тергов судьяси томонидан айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги илтимоснома; шахсни тиббий муассасага жойлаштириш ҳақидаги илтимоснома; айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномаси; ушлаб туриш муддатини қирқ саккиз соатга қадар узайтириш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқилиши назарда тутилмоқда;

 4) жиноий материаллар бўйича прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги илтимосномасини кўриб чиқиш – бунда тергов судьяси томонидан гувоҳни, жабрланувчини (фуқаровий даъвогарни) объектив сабабларга кўра (Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқиб кетиши, уларда жиноят ишини юритишда иштирок этишни истисно қиладиган оғир ва давомли касаллик мавжудлиги) ишни судга қадар юритиш ёки суд муҳокамаси чоғида кейинчалик сўроқ қилиш мумкин бўлмай қолади деб тахмин қилиш учун асослар мавжуд бўлган ҳолларда, уларнинг кўрсатувлари олдиндан мустаҳкамлаб қўйилиши мумкинлиги назарда тутилмоқда.

Фармонда тергов судьяси ўз фаолиятини мустақил амалга ошириши, фақат қонунга бўйсуниши ҳамда тергов судьясига одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилишига йўл қўйилмаслиги, тергов судьясининг ташкилий фаолиятига раҳбарлик тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раислари томонидан амалга оширилиши белгиланмоқда.

Шунингдек, мазкур Фармонда жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида тергов судьяси томонидан процессуал қарорларга берилган санкциялар фақатгина апелляция инстанциясида якка тартибда қайта кўриб чиқилиши тартибини белгилаш ҳам назарда тутилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда бу ўзгартишлар фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда, жумладан, битта судья томонидан ҳам қамоққа олиш ёки олмаслик ҳамда шу ишни шу судьянинг ўзи томонидан кўриб чиқилишини бекор қилишга, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судлар томонидан ишдаги барча ҳолатларни синчковлик билан, тўла, ҳар томонлама ва холисона кўриб чиқишга асосланган ҳолда далилларга тўғри баҳо беришда, ҳар бир далил ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги нуқтаи назаридан баҳоланишига яқиндан ёрдам беради.

 

Сурхондарё вилоят суди жиноят

ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси     

К.Назаров

 

Рўйхатдан ўтиш
6 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фикрингиз?