Ахборот
Бугун, 11 ноябрь куни Олтинсой туман ҳокимлигининг мажлислар залида Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан байрам тадбири ташкил этилди.
Кўтаринки руҳда, шодиёна кайфиятда ўтказилган ушбу тадбирда Олтинсой тумани ҳокими Алишер Джумаев, ҳоким ўринбосари Хайрулла Қосимов, туман Тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Фарид Умаров, «Халқ ва ҳаёт» газетаси бош муҳаррири Нормурод Темиров, тиббиёт ходимлари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Туман ҳокими Алишер Джумаев байрамга ташриф буюрган шифокорларни ва улар орқали тумандаги барча тиббиёт ходимлари ҳамда фахрийларини касб байрамлари билан самимий табриклади.
— Аввало, сиз, азизларни қутлуғ касб байрамингиз – Тиббиёт ходимлари куни билан чин қалбимдан самимий табриклайман, — деди нотиқ ўз нутқида. — Инсон саломатлиги жамиятнинг бебаҳо бойлигидир. Сиз шифокорлар эса ана шу бойликнинг фидойи посбонларисиз. Халқимиз саломатлигини асраш йўлида бор билим ва тажрибангизни аямаётган Сиз азиз шифокорларнинг меҳнатингизни муносиб қадрлаймиз ва раҳматлар айтамиз.