Мана туманимиз ҳаётида ўчмас из қолдирган 2022 йилни ҳам тарих саҳифаларига олтин ҳарфлар билан муҳрладик. Туманимиздаги барча соҳа, тармоқ ва жабҳаларда белгиланган вазифалар сидқидилдан бажарилди. Пахтачилик, ғаллачилик ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш борасидаги режалар ҳам ошиғи билан бажарилди.
Туманимиз аҳли Янги 2023 йилни яхши кайфият билан кутиб олмоқда. Мен бугун барчаларингизни Янги йил байрами, янги 2023 йил билан чин қалбимдан табриклайман. Барчага омад, бахт, оилавий ҳаётларида қувонч ва шодлик тилайман.
Ўтиб бораётган йил билан хайрлашар эканмиз, беихтиёр қувончли ва ташвишли кунларни, ҳаётимиздаги унутилмас воқеаларни хаёлдан ўтказамиз. Ўтган йил туманимизда ислоҳотларни чуқурлаштириш, жамиятимизни янгилаш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, иқтисодиётимизнинг ўсиш суръатларини таъминлашда алоҳида ўрин эгаллади. Қурилиш, ободонлаштириш борасида ҳам катта ўзгаришлар юз берди. Янги бино ва иншоотлар қурилиб, фойдаланишга топширилди.
"Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили"да амалга оширган тадбирларимиз, туманимизни обод этиш борасидаги ҳаракатларимиз самарасини берди. Юртимиз обод бўлди. Йўллар таъмирланди, тоза ичимлик суви таъминоти яхшиланди. Буларнинг бариси оилаларнинг фаровонлиги, халқимизнинг турмуш даражаси юксалиши учун кўмак бўлди.
Муҳтарам Президентимиз томонидан 2023 йил — "Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили" деб эълон қилинди. Бу ҳам аввало ҳаётимизни янги босқичга кўтариш, таълим сифатини ошириб, фарзандларимизни ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом инсонлар этиб тарбиялаш, оилалар фаровонлигини янада ошириш, халқимиз турмушини янада обод этишни назарда тутади.
Ишонаманки,"Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили" ҳам тарихда ўзининг ўчмас изини қолдиради.
Азиз олтинсойликлар!
Янги йилда барчамиз байрам дастурхони атрофида жамулжам тўпланиб, келаётган йил оиламизга, элу юртимизга тинчлик-омонлик, яхшилик ва тўкинлик олиб келсин деб ният қиламиз.
Кириб келаётган Янги йилда ҳам энг устувор вазифа - халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш, қишлоқ ва маҳаллалар кўркига кўрк қўшиш, фарзандларимизни ҳар қандай кўринишдаги хавф-хатарлардан асраш, уйимиз, оиламиз, Ватанимиз осойишталиги ва барқарорлигини сақлаш бўлади. Азиз фарзандларимиз келажагини ўйлаб, бор куч ва имкониятларимизни ишга соламиз.
Мана шундай ҳаяжонли дамларда Янги йилни шод-хуррамлик билан кутиб олаётган сиз азизларни яна бир бор чин дилдан табриклайман.
Янги — 2023 йилда барчага сиҳат-саломатлик, бахту саодат ва омад тилайман.
Янги йилингиз қутлуғ бўлсин!
© Олтинсой тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024