Ғоя Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институти илмий тадқиқотлар, инновация ва илмий педагогик кадрлар тайёрлаш бўлими бошлиғи, қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича фалсафа фанлари доктори (PHD) Шуҳрат Жумаев ҳамкорлигида ишлаб чиқилди. Истиқболли лойиҳани рўёбга чиқариш ҳудудда инновацион, кенг миқёсдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва такомиллаштириб боришга, қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган лалмикор ерларни ўзлаштириб, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини оширишга кўмаклашади.
Президентимизнинг 2021 йил 1 апрелдаги “Илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантириш бўйича давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Олтинсой тумани ҳам инновацион ҳудудга айлантирилмоқда.
Боғдорчилик ва мева-сабзавотчиликка ихтисослашган туманнинг тоғолди ҳудудларида лалмикор ерлар ястаниб ётибди. Инновацион тумандаги “Собир Абдимурадов” фермер хўжалиги раҳбари Акрам Турдиев мазкур майдонлардан оқилона фойдаланиб, сувсизликка чидамли, серҳосил писта ва бодом дарахтларидан мўл ҳосил олишни режалаштирмоқда.
–Мамлакатимизда пистанинг узоқ йиллар парваришлангандан сўнг ҳосил берадиган навлари мавжуд,–дейди изланувчан фермер Акрам Турдиев.– Уларнинг кўчатлари экилгач, 10-17 йилда ҳосилга киради. Биз етиштирмоқчи бўлган писта ва бодом Аҳмади, Акбари (Эрон пистаси) ҳамда бодомнинг Pervenes навлари бўлиб, улар 4-5 йилда ҳосил бериши юртимизда янгилик бўлади. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига тақдим этилган ушбу ғоямиз билан “Стартап” лойиҳалар танловида иштирок этмоқчимиз.
Лойиҳа ташаббускорлари дастлаб туманнинг Мингчинор маҳалласи ҳудудидаги ўн гектар лалми майдонда тез ҳосилга кирувчи писта ва бодом боғи барпо этишни мўлжалламоқда. Келгусида олинган даромад эвазига писта ва бодом плантациялари кенгайтириб борилади. Ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳани амалга ошириш учун 1 миллиард 600 миллион сўм маблағ сарфланади. Муаллифларнинг фикрича, ана шу маблағнинг 900 миллион сўмини олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги молиялаштирса, жорий йилда ғояни амалга ошириш бошланади.
Янги лойиҳани рўёбга чиқариш учун зарур маблағ ва капитал ресурс манбалари аниқланган. Иқтисодий ҳисоб-китоби, техник-иқтисодий асоси ва бизнес режаси ишлаб чиқилган. Технология, товар моддий ресурслар сотиб олиш учун маҳсулот етказиб берувчилар билан келишувлар олиб борилмоқда.
Мутахассисларнинг айтишича, пистанинг қуритилган меваси юқори калорияли шифобахш диетик маҳсулот бўлиб, унинг таркибида 40-60 фоиз ва ундан кўпроқ ёғ, 15-20 фоиз оқсил моддаси, 3-5 фоиз шакар ҳамда бошқа фойдали микроэлементлар мавжуд. Гектаридан ўртача 8 центнердан ҳосил олса бўлади. Шифобахш бу неъмат жигарни даволаш, кўнгил айниши, сариқ касаллиги, юрак хуружи сингари хасталикларни даволашда фойда беради.
Янгиликка интилувчан фермер таклиф этаётган Pervenes навли бодом ер танламайди. Совуқ ва қурғоқчиликка чидамли, шунинг учун хорижликлар тоғ ёнбағирларида тупроқ эрозиясига қарши ихота дарахтлари барпо этишда ҳам ишлатади. Бир туп дарахтидан 60-80 килограммгача ҳосил олинади. Таркибида 130 хил фойдали бирикма мавжуд. Бодом инсон организмидаги холестерин миқдорини яхшилаб, юрак касаллиги хавфини камайтиради.
Ташаббускорларнинг ҳисоб-китобларига кўра, лойиҳа амалга оширилса бир йилда ўртача 2 миллиард сўмдан ортиқ даромад келтиради. Қарийб 900 миллион сўмдан кўпроқ соф фойда олинади. Фойдаланилмаётган лалми майдонларда инсон саломатлиги учун фойдали инновацион писта ва бодом етиштириш кенг жорий этилиб, самарасиз ерлардан қуёш нурига тўйинган, сифатли, табиий озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш кенгаяди. Маҳаллий бозорда писта ва бодом мевасининг янада арзонлашишига, инновацион туманнинг экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири
© Олтинсой тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024