Бугун, 25 февраль куни Олтинсой тумани ҳокими Баҳром Махматраемовнинг 1-сектор ҳудудидаги “Жилибулоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида навбатдаги қабули бўлиб ўтди. Унда фуқароларнинг мурожаатлари юзасидан масалаларни биргаликда кўриб чиқиш ва ҳал этиш учун туман ҳокими ўринбосарлари, тегишли туман мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирок этишди.
Бўлиб ўтган қабул давомида фуқаролар томонидан соғлиқни сақлаш, электр энергияси, йўл таъмирлаш, бандлик ва бошқа масалалар бўйича мурожаатлар келиб тушди. Мурожаатлар тегишли тартибда рўйхатга олиниб, ечими осон бўлган мурожаатлар шу жойнинг ўзида ҳал этилди. Айрим мурожаатларга ҳуқуқий маслаҳат ва тушунчалар берилди.
Хусусан, “Жилибулоқ” маҳалласида яшовчи Зулайҳо Тоғаева уй-жойини кадастр рўйхатидан ўтказганлардан норози эканлигини маълум қилди. Фуқаро кадастр бўлими ходимлари олдинги МФЙ раиси иштирокида орқаворотдан уларнинг уй-жой ва мулкини давлат рўйхатидан ўтказишган, уй-жой эгалари билан суҳбатлашмасдан рўйхатдан ўтказиш натижасида оилавий кўнгилхираликлар келиб чиққанлигини баён этди. Туман ҳокими мутасаддиларга ушбу масалага алоқадор масъулларни аниқлаш бўйича топшириқ берди.
Фуқаро Жалолиддин Пардаев ҳайдовчиликка ўқиш учун тўлов масаласида, Сардор Дўстмуродов кўзини даволатишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилишди. Туман ҳокими Б.Махматраемов МФЙдаги ҳоким ёрдамчиси Алишер Маматалиевга ушбу масалаларни тезкорлик билан ҳал этиш бўйича топшириқлар берди. Шу маҳаллада яшовчи Ўткир Юсупов аҳоли номидан мурожаат қилиб, трансформаторни таъмирлаш, ёки янгисига алмаштириш, Неъмат Ҳазратқулов симёғочларни янгилаш борасида мурожаат қилишди. Бу икки мурожаатни ҳал этиш туман электр тармоқлари корхонаси раҳбари Ёқуб Жумақуловга топширилди.
Муддат талаб этувчи мурожаатлар эса ҳал этиш учун тегишли мутасаддиларга бириктирилди. Қабулда тушган мурожаатларни туман ҳокими ўз назоратига олди.
Нормурод ТЕМИРОВ,
Одилжон СОДИҚОВ.
© Олтинсой тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024