Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Олтинсой тумани ҳокимлиги
БИТИРУВЧИЛАРГА ОЛТИН ВА КУМУШ МЕДАЛЛАР ТОПШИРИЛДИ

Олтин медаль умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-синфини битирганлик тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатномаси мавжуд бўлган, умумий ўрта таълим муассасаларининг 10- ва 11-синфларида барча фанлар бўйича якуний назоратлар, чорак ва йиллик баҳолари аъло бўлган ёки академик лицейларнинг барча курсларида барча фанлар бўйича якуний назоратлар, ярим йиллик ва йиллик баҳолари аъло бўлган, намунали хулқ-атворли ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатган битирувчиларга берилади.

 

Кумуш медаль умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-синфини битирганлик тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатномаси мавжуд бўлган, умумий ўрта таълим муассасаларининг 10- ва 11-синфларида ёки академик лицейларнинг барча курсларида барча фанлар бўйича йиллик баҳолари аъло бўлган, намунали хулқ-атворли ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатган битирувчиларга берилади.

 

 

Намунали хулқ-атворига эга ҳамда жамоат ишларида фаол битирувчилар рўйхати таълим муассасасининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари ва амалиётчи психологи томонидан тегишли ўқув йилининг якунида таълим муассасасининг Педагогик кенгашига киритилади.

Битирувчиларнинг намунали хулқ-атвори уларнинг мактабнинг ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидаларига доим риоя этиши, мактаб формасига риоя этиши, катталарга ҳурматда, кичикларга иззатда бўлиши билан асосланади.

 

 

Битирувчиларнинг жамоатчилик ишларида фаол иштирок этиши уларнинг таълим муассасаси манфаати, унинг шаъни ва нуфузи тўғрисида қайғурганлиги, таълим муассасаси ривожи учун жонкуярлик қилганлиги, турли йўналишдаги ташкилий тадбир ва кўрик-танловларда фаол иштирок этиши билан асосланади.

Бугун,16 июнь куни Олтинсой тумани ҳокимлиги мажлислар залида “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви доирасида  тумандаги умумтаълим мактабларини олтин ва кумуш медалларга тамомлаган ўқувчиларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.  

Жорий йилда тумандаги 70 та умумтаълим мактабини 2282 нафар ўқувчи битирмоқда. Улар орасида энг тиришқоқ, зукко ва интилувчан 65 нафар ўқувчи олтин медаль соҳиби бўлгани янада қувонарли. 2 нафар битирувчи кумуш медаль олишди.

—Бугунги унутилмас кундаги қувончимнинг чеки йўқ,—дейди туманнинг “Чинор” маҳалласида яшовчи Лола опа Тошбоева.—40-мактаб битирувчиси бўлган қизим Севинч Омонова олтин медаль олишга муваффақ бўлди. Унинг ёшликдаги орзуси врач бўлиш. Шу мақсад йўлида интилиб, ўқиб-изланмоқда. Аввало туман марказидан олисда бўлган қишлоғимизда янги мактаб қурилиб, фойдаланишга топширилганини алоҳида айтиб ўтгим келади. Фарзандларимиз учун етарли шарт-шароитлар яратиб берган Президентимизга, вилоят ҳамда туман ҳокимларига чинорлик ота-оналар номидан раҳматлар айтаман. Ўғил-қизларимизга ҳарф танитишдан тортиб, барча билимларни берган ўқитувчи-устозларга ҳам миннатдорчилик билдираман.

 

 

Тадбирда Олтинсой тумани ҳокими Баҳром Махматраемов ўқувчиларни бугунги унутилмас кун билан қутлаб, уларнинг келгусидаги ўқишларида омадлар тилади.  Олтинсой тумани раҳбари  мамлакатимизда ёшларга яратиб берилаётган имконият ва рағбатдан фойдаланиб, ёшларга пухта билим эгаллаб, катта ҳаёт йўлида мамлакатимиз равнақи учун астойдил меҳнат қилишлари лозимлигини таъкидлади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки тумандаги мактабларнинг энг иқтидорли ўқувчиларидан 24 нафари олий таълим муассасаларига муддатидан олдин талабалик бахтига мушарраф бўлдилар. 

  Кўзларида қувонч порлаб турган олтин ва кумуш медаллар соҳиблари, ота-оналар ҳамда туман Мактаб ва мактабгача таълим бўлими мудири Ўткир Қурбонов ва тадбир ташкилотчилари туман ҳокими билан эсдалик учун суратга тушдилар. 

 

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
5 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фикрингиз?