Бугун, 26 июль куни Олтинсой туманидаги “Обшир” маҳалласида жойлашган 21-умумтаълим мактаби ҳовлисида қишлоқда инфратузилмани яхшилаш бўйича ишларни намунали ташкил этиш, хусусан, танлаб олинган “Обшир” маҳалласида аҳоли муаммоларини ҳал этиш, турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган қатор тадбирларни амалга оширишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда тумандаги корхона, ташкилотлар раҳбарлари МФЙ раислари, хотин-қизлар масалалари бўйича фаоллар ҳамда “Обшир” маҳалласи фуқаролари иштирок этишди.
Тадбирда Олтинсой тумани ҳокими Баҳром Махматраемов республикамиздаги сингари туманимизда ҳам оғир ҳудуд саналган маҳаллаларни обод қилиш, шарт-шароитларни яхшилаш борасидаги ишлар маҳаллалар аҳолиси ва корхона ташкилотлар ҳамкорлигида намунали ташкил этилаётганлигини алоҳида таъкидлади ва ҳудудда эртанги кундан ободончилик борасида бажариладиган ишлар хусусида тўхталди.
Туман раҳбари маҳаллани обод қилиш, аҳолини тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини қондириш сингари долзарб юмушларни сидқидилдан адо этишда аҳоли ҳам ғайрат-шижоат намунасини кўрсатиши лозимлигини таъкидлади.
Тадбирда иштирок этган Сурхондарё вилоят ҳокимлиги ташкилий кадрлар гуруҳи раҳбари Фахриддин Менглиев юрт ободлиги йўлида бошланган ишларда маҳалла аҳли, барча-барча жипсликда, аҳилликда иштирок этишларига ишонч билдирди ва тарихий ном олган “Обшир” қишлоғи ободончилиги шу ерлик аҳоли ва уларнинг фарзандларида эртанги кунга бўлган ишончни кучайтиришга хизмат қилажагини таъкидлади.
Шундан сўнг сўзга чиққан халқ таълими фахрийси, 75 ёшли отахон Муҳаммади Мамаражабов маҳалла аҳолиси учун кўп йиллардан буён орзу бўлиб келаётган ичимлик суви келтириш, қишлоқ кўчаларини ободонлаштириш, уй-жойларни таъмирлаш каби бошланаётган хайрли ишларда қишлоқ оқсоқоллари, меҳнат фахрийлари маҳалла аҳлига куч-қувват тилаб, бу ишларда оқсоқоллар бош-қош бўлишларини айтиб ўтди. Маҳалла аҳолисини ўз уйларини таъмирлаш, обод қилиш, супуриб-сидириш ишларида фаоллик кўрсатишга чақирди. Маҳаллада бошланаётган хайрли ишларнинг бошида турган Президентимиз, вилоят ҳамда туман ҳокимларининг ишларига омад тилаб, қишлоқ оқсоқоли, табаррук ёшли отахон Муҳаммади Мамаражабов дуога қўл очди.
© Олтинсой тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024