Олтинсойликларнинг бу йилги Мустақиллик байрами тантаналари “Обод маҳалла”, “Обод кўча” , “Обод хонадон” мезонлари жорий этилаётган “Обшир” маҳалласидаги 21-мактабнинг куни-кеча кўм-кўк чим ётқизилган ўйингоҳида бўлиб ўтди.
Туманнинг барча маҳаллаларидан ташриф буюрган байрам иштирокчилари “Обшир”даги ўзгаришларни кўриб, ҳайратдан лол қолишди. Гапнинг индаллоси ҳам шу-да. Бундан бир ой олдинги “Обшир” билан бугунги янгиланган маҳаллани қиёсласак улар орасида ер билан осмонча фарқ бор. Биттагина мисолни келтириш билан бугунги ”Обшир”да амалга оширилган ишларга ўзингиз баҳо берганингиз маъқул. Маҳаллага кираверишдан бошланган равон асфальт йўл, ҳар бир хонадон рўпарасида оқиб турган тоза ичимлик суви, кечагина капитал таъмирлаш ишлари тугалланган мактаб биноси, 18 кунда қад ростлаган маҳалланинг янги маъмурий идора биноси ҳамда ҚВПнинг янги қурилган замонавий бинолари фикримизга далил бўла олади. Маҳаллада янги ўқув маркази ва тикув цехи ҳам иш бошлади.
Байрам шодиёнасига ташриф буюрганлар ўйингоҳда ўрнатилган ўриндиқлардан жой олишди. Катта саҳна ўрнатилган ўйингоҳ байрамона безатилган. Ўйингоҳ узра ўрнатилган прожекторлар ёғдусидан кўз қамашади.
Кечки соат 19-00да байрамга чорлов мусиқалари янгради. Байрам бошловчилари она Ватан, Мустақиллик ҳақидаги шеърлар ўқиб байрам тантанасини очиб бердилар. Сўнгра Давлатимиз мадҳияси янгради. Мадҳиядан сўнг бошловчилар томонидан “Обшир”да бир ой муддатда амалга оширилган оламшумул ўзгаришлар, бунёдкорликлар, ободончилик ишлари борасида тўхталдилар.
Шундан сўнг Сурхондарё вилоят Халқ қабулхонаси мудири Абдулҳаким Эшмуродов вилоят ҳокими У.Қосимовнинг йўллаган табригини ўқиб берди. А.Эшмуродов табрик учун Олтинсой тумани ҳокими Баҳром Махматраемовни даврага чорлади.
Туман раҳбари барчани “Янги ҳаёт учун”, “Янги Ўзбекистон учун” деган шиор остида нишонланаётган Мустақиллик байрамининг 32 йиллиги билан самимий табриклади.
—Ўтаётган йил юртимизда “Инсонни қадрлаш ва сифатли таълим йили” деб номланган эди, — деди туманимиз раҳбари. — Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ташаббуси билан ва раҳбарлигида юртимиз йилдан йилга, кундан кунга ўзгараяпти, обод бўлаяпти. Айниқса, Мустақиллигимизнинг сўнгги 7 йилида мисли кўрилмаган янгиланишлар бўй кўрсатмоқда. Энг олис қишлоқларда ҳам худди шаҳарларда бўлгани каби инфратузилма яратилаётир. Биргина туманимиз мисолида олиб қарайдиган бўлсак, жорий йилда “Ҳайрондара”, “Янгиариқ”, “Беш бола паҳлавон”, “Бўстон”, “Обшир” маҳаллалари ва туманимиз марказида ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, ушбу манзиллар замонавий қиёфа касб этди. Мен фурсатдан фойдаланиб, бугун байрам тадбири ўтказилаётган “Обшир” маҳалласида амалга оширилган ишлар ҳақида бироз тўхталиб ўтмоқчиман. “Обшир” маҳалласида “Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла”мезонларини жорий этиш юзасидан Президент админстрациясининг “Йўл харита”си асосида чора-тадбирлар режаси тузилиб, вилоятимиз ҳокими томонидан тасдиқланди.
Вилоятимиз раҳбари ҳурматли Улуғбек Бердиқобиловичнинг топшириғига асосан, маҳаллада Вилоят ишчи гуруҳи ва штаби ташкил этилди. Президент админстрацияси масъул ходими иштирокида йўриқнома ўтказилди ва вазифалар тушунтирилди. Қишлоқдаги 348 та хонадонда таъмирлаш, қурилиш, ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Жумладан, 75 та уйнинг том қисми, 225 тасининг ташқи фасади, 270 та уйнинг ички ва ташқи қисмлари таъмирланиб, пардозланди. 70 та аҳоли яшаш уйлари, 105 та хонадоннинг ювиниш хоналари, 124 та хонадоннинг ошхонаси, 108 та хонадоннинг ҳожатхонаси, 115 та хонадоннинг тандирхоналари таъмирланиб, қурилиш-монтаж ишлари бажарилди. 2 километр йўлга асфальт, 15 километр йўлга шағал-тош ётқизилди, 2 километр пиёдалар йўлакчаси қурилди. 21 километр ичимлик суви тармоғи тортилиб, 5 та трансформатор таъмирланди. 100 га яқин янги темир бетон устунлар ўрнатилиб, 5 километр электр симлари тортилди. 50 та хонадонга суюлтирилган газ баллонлари тарқатилди. “Обшир”да қисқа фурсатда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари ҳақида узоқ гапириш мумкин. “Обшир” ободлиги йўлида ҳормай-толмай меҳнат қилганларнинг барчасига туман ҳокимлиги номидан миннатдорчилик билдираман ва шодиёна иштирокчиларини Истиқлол байрами билан яна бир бор қутлайман.
Байрам тантаналари доирасида “Обшир”даги ободончилик ишларида намуна кўрсатган бир гуруҳ ташкилот, корхона ходимлари, раҳбарлар, хонадон эгалари, кўчабошилар, маҳалла бешлиги ходимларига туман ҳокимлигиниг “Фахрий ёрлиқ”лари ва қимматбаҳо совғалар А.Эшмуродов ва Б.Махматраемов ва юқори ташкилотлардан тайинланган вакиллар томонидан тантанали тарзда топширилди.
Шунингдек, маҳаллада ўтказилган “Энг обод кўча”, ”Энг обод хонадон” танловларининг ғолиб бўлган 1-2-3-ўринлар эгаларига 5 миллион сўмдан 10 миллион сўмгача бўлган пул мукофотлари сертификатлари топширилди.
Шундан сўнг байрамнинг бадиий қисми бошланди. Дастлаб Олтинсой туман Маданият бўлими санъаткорлари ижросидаги концерт дастури намойиш этилди. Байрам иштирокчилари пойтахтдан келган хонанда Жасур Мавлонов, Феруза Эгамова ҳамда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ҳосила Раҳимоваларнинг чиқишларини гулдурос қарсаклар билан олқишлашди. Байрамда мухлисларнинг каттаю кичиги яйраб, рақсга тушиб кетдилар.
Байрам тантанаси барчага кўтаринки кайфият бахш этди. Бошқача айтганда, танлар яйраб, диллар қувнади. “Обшир”да ўтган Мустақиллик байрами узоқ йиллар томошабинларнинг ёдидан чиқмайдиган таассуротлар қолдирди.