Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Олтинсой тумани ҳокимлиги
"ҲОСИЛ-2023"       КЎНГИЛЛИ ҲАШАРЧИЛАР ПАХТА ДАЛАЛАРИДА

 

 

                                                                                                            

 

Юргил, далаларга кетайлик, дўстим,

Диққинафас уйда ётмоқ пайтимас.

Олтин Ўзбекистон тупроғи бу кун,

Бир пари фаслнинг оғушида маст.

Абдулла Орипов.

Айни кунларда юртимиз далалари ўзгача чирой касб этмоқда. Чаноқларда қуёшдек товланаётган оппоқ пахтада танти деҳқон меҳнати, қалб меҳри мужассам.

 

Туманимиз пахта далаларида ҳам шу кеча-кундузда йиғим-терим авж палласига кирди. Тумандаги барча пахтакор фермер хўжаликлари даласида пахта терими уюшқоқлик билан олиб борилаяпти. Оппоқ пахта хирмонлари кун сайин осмонга бўй чўзаяпти. Олтинсойликлар ҳам бир ёқадан бош чиқариб, ғалаба марраси сари дадил интилмоқдалар.

Бугун, 10 сентябрь куни олтинсойлик меҳнат фахрийлари, ташкилот ва корхоналар ишчи-хизматчилари, фаол аёллар ва ёшлардан иборат бир гуруҳ кўнгилли ҳашарчилар қалб амри билан пахтакор фермерларга йиғим-теримда қўл-қанот бўлиш учун далага чиқишди.                  Нуронийлар хайрли ташаббус олдидан барча кўнгилли ҳашарчиларга , фермерларга , далаларда жавлон ураётган теримчилар ишига барака, ривож тилаб, дуога қўл очдилар.

Эрта тонгдан тумандаги пахта қабул қилиш пункти ёнига тўпланган кўнгилли ҳашарчиларга туман ҳокими Баҳром Махматраемов эл ризқини йиғиб-териб олиш учун келишганлиги учун барчага раҳматлар айтди.

Кўнгилли ҳашарчилар автобусларга ўтириб Миришкор массивидаги Зулхумор Замонова раҳбарлик қилаётган “Бекмирза миришкор” ҳамда Оқарбулоқ массивидаги Шарофиддин Жовлиев бошчилик қилаётган “Абдиқосим Тўраев” фермер хўжалиги далаларига йўл олишди.

Бу йил Олтинсойда пахта йили бўлди, десак муболаға эмас. “Бекмирза миришкор” далаларидаги қийғос очилган пахталар ҳам шундан дарак бериб турибди.

Эл таниган меҳнат фахрийлари Юсуф Алиёров, Хурсанд Ғуломов, Раҳматилла Кўчаров, Иброҳим Обилов, Нуриддин Раҳимов, Саид Розиқов, Музаффар Қаршиев ва бошқалар эл ризқи бўлган пахталарни чаноқлардан авайлаб оларкан, заҳматкаш халқимизнинг фаровонлиги учун дуога ҳам қўл очдилар.

Шу куни бу ерда 100 нафарга яқин кўнгилли ҳашарчилар пахта теришди. Нуроний кексалар ғайратидан руҳланган туман ҳокими Б.Махматраемов ҳам пахта териш учун белига оқ этакни боғлади.

—Тумандаги корхоналардан келган кўнгилли ҳашарчилар ҳиммати фермер хўжалигимиз аъзоларини жуда руҳлантириб юборди. — дейди фермер З.Замонова. — Жорий йилда 31 гектар майдонда пахтанинг “Наманган-77” навини етиштирдик. Комил Алмардонов, Бобур Ризвонов, Хуррам Нурмаматов, Баҳром Эргашев каби сувчиларимиз меҳнати туфайли мўл-кўл ҳосил етиштирилди. Мен бугун фермер хўжалигимиз аъзолари номидан кўмак учун келган барча ҳашарчиларга миннатдорчилик билдираман.

 

Эрталабданоқ яна бир гуруҳ ҳашарчилар борган “Оқарбулоқ” массивидаги Шарофиддин Жовлиев бошчилик қилаётган “Абдиқосим Тўраев” фермер хўжалиги далаларида ҳам терим авжига чиқди. Эрталабки соат 10га қадар кўнгилли ҳашарчилар терган пахта икки тележкага жой бўлмай қолди. 200 нафарга яқин ҳашарчилар чаман-чаман пахтазордан руҳланиб, этак-этак пахта териб, топширишди.

—Қаторда норинг бўлса, юкинг ерда қолмайди деб бекорга айтишмаган экан, — дейди фермер Ш.Жовлиев. — Бугун якшанба дам олиш куни бўлсада бизнинг даламизга теримга ҳисса қўшиш учун келган кўнгилли ҳашарчилар ҳимматидан жуда хурсанд бўлдик. Улар орасида кўпни кўрган нуронийлар ҳам, депутатлар, маҳаллалар ходимлари, хотин-қизлар фаоллари, маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари, “Олтинсойтумангаз”, банклар ходимлари, қишлоқ хўжалиги бўлими ходимлари, туман Агроинспекция ходимлари ҳам ҳашардан четда қолмаслик учун жонбозлик кўрсатишди.    Бободеҳқоннинг меҳнатини куйдирмасдан, эл ризқи бўлган “оқ олтин”ни нес-нобуд қилмасдан йиғиб-териб олиш учун далага чиққан барча каттаю кичик юртдошларимизга “Ҳимматингизга балли!”, деймиз. Насиб бўлса, бир неча кунда режани ошириб бажариб, эл олдида юзимиз ёруғ бўлади.

Фермер жорий йилда 25 гектар майдонга “Султон” навли чигит уруғини қадаган эди. Сувчилар ғўзани шарбат усулида суғордилар. Тракторчилар Зулфиқор Олломуродов, Алиёр Алимовлар қатор ораларига меҳр билан ишлов беришди. Мана куз келиб, далада мўл ҳосил яратилди. Лўппи-лўппи очилган пахта чаноққа сиғмайди.   Фермер хўжалиги аъзолари жорий йилнинг 28 августи куни пахта теримини бошлаган бўлса, бугунга келиб улар уйган хирмон бўй кўрсатиб қолди. Далада 45 нафар иш билан банд бўлмаган фуқаролар кунига 100-150 килограммдан пахта теришмоқда. Аслида иш билан банд бўлмаган фуқаро учун терим мавсуми даромадли давр ҳисобланади.

Фермер кластер билан тузилган 100 тонналик пахта топшириш шартнома режасининг шу кунгача 55 тоннасини қабул пунктига топширди. Ҳосилнинг барчаси юқори навларга сотилгани янада қувончли.

Ҳа, “Бирлашган ўзар”, дейди халқимиз. Шунинг учун шу ғанимат дамларда туманимиз халқининг аҳиллиги, жипслиги, бир-бирига оқибатлилиги амалда ўзини намоён қилмоқда. Белига этак тутган барча кўнгилли ҳашарчилар  бир ёқадан бош чиқариб, пахтакорга яқиндан мададкор бўлишаётгани ижодий гуруҳимизни хурсанд қилди.

Унумли меҳнатдан сўнг тушлик маҳалида кўнгилли ҳашарчилар туман Маданият бўлими санъаткорлари ижросида янграган куй-қўшиқларни тинглаб, маданий ҳордиқ чиқаришди. Олтинсойликларнинг жипс ва аҳиллиги самарасини қатор-қатор тележкаларни тўлдираётган ҳосилда, кўкка бўй чўзаётган хирмонларда бободеҳқоннинг қувончли табассумида англаш мумкин.

Қисқа фурсатларда  туманимиз пахтакорлари зафар маррасини забт этишига тилакдошмиз.

 

Зеро, шоир айтганидек,

Эл яйрар пахтазор майдонларингда,

Юрагим тоғланди, хирмонларингдан.

Оқ пахта oқ қалбинг айласин баён,

Толангда товланди шарафинг шоён.

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
6 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фикрингиз?
Aъло
100%
Яхши
19%
Қониқарли
0%
Қониқарсиз
10%
Жами: 40 овоз берилди.