Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Олтинсой тумани ҳокимлиги
ОЛТИНСОЙДА  ИЧКИ ИШЛАР  ИДОРАЛАРИ  ХОДИМЛАРИ КУНИ МУНОСАБАТИ  БИЛАН  БАЙРАМ  ТАДБИРИ  ЎТКАЗИЛДИ

 Бугун, Олтинсой туман ИИБнинг мажлислар залида  25 октябрь —  Ўзбекистон Республикаси ички ишлар идоралари ходимлари куни муносабати билан Олтинсой туман ички ишлар  бўлими шахсий таркиби  иштирокида тантанали тадбир ташкил этилди.

Байрам тадбирида соҳада меҳнат қилган истеъфодаги ИИБ раҳбар ва ходимлари, туман ҳокими Баҳром Махматраемов,  туман ИИБ бошлиғи,  полковник  Илҳом Юсупов, туман прокурори Мансур Каримов, туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Равшан Боймирзаевлар иштирок этишди.

Тадбирда туман ҳокими  Баҳром Махматраемов сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 20 январдаги “Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ва ушбу қарор ижросини таъминлашда туман ички ишлар бўлими ходимлари ўз вазифаларини сидқидилдан бажаришаётганини алоҳида таъкидлади.

Ҳеч шубҳасиз, халқимиз сизларни ўз ҳаётини эл-юрт тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдек олижаноб ишга бағишлаган, муқаддас қасамёдига содиқ инсонлар деб билади ва машаққатли хизматингизни муносиб эътироф  этади,—деди туман ҳокими ўз табригида.—Янги Ўзбекистонда «Инсон қадри учун» деган эзгу тамойил асосида олиб бораётган ислоҳотларимизни ҳаётга муваффақиятли жорий этишда ички ишлар тизими ходимлари давлатимиз ва жамиятимизнинг мустаҳкам таянчи бўлиб хизмат қилмоқда.

Туманимиз раҳбари  халқимизнинг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашда, жиноятчилик ва бошқа ҳуқуқбузарликларга қарши курашишда, жамоат тартибини сақлашда полковник Илҳом Юсупов раҳбарлик қилаётган  ички ишлар бўлими  ходимларининг хизматлари катта эканлигини таъкидлаб, соҳа ходимларини байрам билан қизғин табриклади.

—Сўнгги беш йилда  Ички ишлар соҳасига Президентимиз томонидан катта эътибор қаратилмоқда,—деди тантанали тадбирда сўз олган истеъфодаги полковник Жума Содиқов.—Умримни шу соҳага бағишладим.Эл тинчлиги ва осойишталиги йўлида кечаю-кундуз хизмат қилдим. Мана бугун Сиз ҳамкасбларим, шогирдларим билан касб байрамини нишонлаётган эканмиз, аввало давлатимиз раҳбарининг соҳа ходимларига кўрсатаётган ғамхўрлиги ва эътибори учун катта миннатдорчилик билдираман. Замонавий бинода, шундай кўркам залда тадбирнинг ўтаётганлиги ҳаммамизга  фахр бахш этади. Бу ғамхўрлик  ва эътибор машаққатли ва шарафли касбимизга бўлган ишонч мевасидир. Биз бундай юрт учун жон фидо қилсак арзийди.

Тадбирда туман ҳокими Баҳром Махматраемов  ҳамда сектор раҳбарлари ўз хизмат вазифаларига сидқидилдан ёндошиб, жиноятчиликка қарши курашиш ва унинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш билан бир қаторда туманимиз ҳудудида олиб борилаётган тадбирларда фаол иштирок этиб келаётган фидойи ходимларнинг бир гуруҳи ҳамда истеъфодаги раҳбар ва ходимларга   25 октябрь – “Ички ишлар органлари ходимлари куни” муносабати билан туман ҳокимлигининг эсдалик совғаларини топширди.

 

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
10 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фикрингиз?