Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Олтинсой тумани ҳокимлиги
Тошкентда ЎРВИ тарқалиши кучайди. Вазир масъулларга шошилинч топшириқлар берди

Зангиота-1 юқумли касалликлар шифохонасида ўткир респиратор вирусли инфекцияларга чалинган болалар учун ажратилган ўринлар сонини 300 тадан 500 тага оширилди. Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов ўткир вирусли инфекцияларга чалинган беморларни самарали даволаш бўйича йиғилиш ўтказди.

Ўткир вирусли инфекцияларга чалиниш ҳолатлари кўпайиши натижасида Тошкент шаҳри болалар клиник шифохоналарига юкламалар йилнинг бошқа даврларига нисбатан ортган. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

«Куз-қиш мавсуми одатда грипп ва ўткир респиратор вирусли инфекциялар тарқалиши учун қулай давр ҳисобланади. Айниқса, бу пайтда кичик ёшдаги болаларнинг нафас йўллари юқумли касалликларига чалиниш кўрсаткичлари йилнинг бошқа даврларига нисбатан анчагина ортади.

 

Шу боис, бутун дунёда бўлгани каби бу йил ҳам юртимизда ёш ўғил-қизлар орасида ўткир респиратор касалликларнинг даврий кўтарилиши кузатилмоқда.

Ушбу хасталикка чалинишнинг асосий улуши эса Тошкент шаҳри аҳолиси ҳиссасига тўғри келяпти. Натижада пойтахтдаги болалар клиник шифохоналарига юкламалар йилнинг бошқа даврларига нисбатан ортгани кузатилмоқда.

Шу боис, эҳтиёт чораси сифатида вазирлик мазкур ҳолатни ўз назоратига олган. 

Бироқ шунга қарамасдан мавсумий юқумли касалликлар профилактикаси ва даволаш жараёнларини самарали ташкил этиш ҳамда ўткир респиратор касалликлар тарқалиши билан боғлиқ муаммоларни зудлик билан бартараф этиш бўйича қўшимча чора-тадбирларни амалга оширишни тақозо этмоқда», дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.

Шу сабабли бугун соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов мазкур масала юзасидан йиғилиш ўтказди. Унда Тошкент шаҳридаги барча клиник шифохоналар раҳбарлари, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси вакиллари ҳамда тез тиббий ёрдам хизмати масъуллари иштирок этди.

Йиғилишда дастлаб:

  • бугунги кунда пойтахтимиздаги болалар клиник шифохоналаридаги ҳолат;
  • беморларга сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича яратилган шароитлар;
  • аҳолига кўрсатилаётган тез тиббий ёрдам хизмати хусусида батафсил маълумот берилди.

Шундан сўнг вазир бу борадаги ишлар етарли эмаслигини таъкидлаб, шифохоналарга тушаётган юкламаларни тезда камайтириш, бемор болаларга сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур чоралар кўриш бўйича масъулларга шошилинч топшириқлар берди.

Жумладан, Зангиота-1 юқумли касалликлар шифохонасида ўткир респиратор вирусли инфекцияларга чалинган болалар учун ажратилган ўринлар сонини 300 тадан 500 тага ошириш белгиланди.

Шунингдек, сўнгги кунларда аҳолидан ҳарорати кўтарилиши, йўтал белгилари билан чақирувлар сони ортгани сабабли «103» хизматига эрталаб соат 06:00 дан 14:00 гача пойтахт шифохоналарида захирада бўлган 40 та автомашина қўшимча ажратилди.

Шунингдек, жорий йил 25 ноябрдан вазирлик томонидан тез тиббий ёрдам хизматига 29 та тўлиқ жиҳозланган «Isuzu» русумдаги автомашиналари тиббий бригадалар билан доимий фойдаланиш учун ажратилиши айтиб ўтилди.

«Яна бир масала. Бугунги кунда пойтахтимиздаги 12 та кўп тармоқли марказий поликлиника ва 72 та оилавий поликлиникада эрталаб соат 8:00 дан кечки 20:00 гача бўлган муддатда чақирув бўйича тиббий бригадалар фаолияти йўлга қўйилди. 

Мазкур бригадалар «103» хизмати ходимлари томонидан кўрикдан ўтказилиб, уйда қолдирилган ёки шифохонага ётқизилмасдан уйга қайта олиб келинган ва амбулатор шароитда даволанаётган беморлар рўйхати аниқланиб, кўрсатма асосида онлайн ва жойига чиққан ҳолда тиббий ёрдам кўрсатилмоқда», дейилади вазирлик хабарида. 

Йиғилишда вазир клиник шифохоналарга юкламани камайтириш учун бу йўналишдаги ишларни янада жадаллаштириш, амбулатор шароитда даволанаётган беморларга кўрсатилаётган тиббий хизмат қамровини ошириш зарурлигини таъкидлаб, бу бўйича масъулларга керакли топшириқлар берган.

Бундан ташқари, ўрганишлар кўрсатишича, бугунги кунда юртимизда ЎРВИ касаллигига чалиниб, шифохоналарда даволанаётган беморларнинг маълум қисми стационар давога муҳтож эмас.

Шу сабабли йиғилишда оилавий поликликлиника шифокорларига ўткир респиратор вирусли инфекцияларга чалинган беморларни амбулатор шароитда даволаш бўйича зарур тавсиялар бериш учун ихтисослаштирилган марказлардаги педиатрлар ва барча тор доирадаги мутахассислар жалб этилиши лозимлиги қайд этилди.

Шу билан бирга, бирламчи тизимдаги кундузги стационарларда касалликка чалинган болаларнинг кузатувини олиб бориш, зарур бўлганда шу ернинг ўзида керакли даво муолажаларини амалга ошириш бўйича ҳам тегишли вазифалар белгиланди.

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
8 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фикрингиз?