Бугун, 5 январь куни Олтинсой туманидаги "Карсаган" маҳалласида "Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!" шиорида остида "Маҳаллада дув-дув гап" мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат Мадҳияси янгради.
Маҳалладаги 10-мактабнинг мажлислар залида ўтказилган ушбу тадбирни олиб бораётган мактаб директорининг маънавий-маърифий масалалар бўйича ўринбосари Ислом Бозоров дастлаб Маънавият ва маърифат маркази Олтинсой туман бўлинмаси бошлиғи Рустам Ядигаровга сўз навбатини берди
.
Рустам Ядигаров ўз сўзида бугунги кунда юртимизда кечаётган ислоҳотлар, халқимиз турмуш шароитини яхшилаш учун яратилаётган қулайликлар, маънавиятнинг бугунги кундаги муҳим ўрни борасида гапириб ўтди.
Шундан сўнг тадбирда иштирок этаётган "Халқ ва ҳаёт" газетаси ходими, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Абдуғаффор Одинаев маънавият ривожи, китобхонликни тарғиб қилиш, адабиёт, миллий қадриятларимизни сақлаш борасида гапириб, тадбир қатнашчиларига қизиқарли викторина саволлари билан мурожаат қилди. Миллий адабиётимиз намуналари, халқ оғзаки ижоди, осори атиқаларимиз борасидаги саволлар барчада катта қизиқиш уйғотди. Викторина ғолибларига қизиқарли бадиий китоблар совға қилинди.
"Карсаган" маҳалласи раиси Алишер Холов, 10-мактаб директори Турғун Бакиров, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Шоймардон Алмардонов ва бошқа фаоллар ташкилотчилик ишларида амалий ёрдам беришди.
Маънавий-маърифий тадбир, айниқса, маҳалла ёшларида кучли қизиқиш уйғотди.
Шу куни Олтинсой туманидаги "Янгиариқ" маҳалласида ҳам "Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!" шиорида остида "Маҳаллада дув-дув гап" маънавий-маърифий тадбири ўтказилди. Маҳалладаги 11-умумтаълим мактаби ҳовлисида бўлиб ўтган тадбирда маҳалладаги барча қишлоқлардан аҳоли вакиллари ташриф буюришди. Мактаб директори Чори Бозоров ва ўқитувчилар тадбирга келаётган маҳалладошларини кутиб олишди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Давлат Мадҳияси янгради.
Маҳалла раиси Ориф Жумаев йиғилганларга ушбу маънавий-маърифий тадбирнинг мазмун-моҳияти билан таништириб, Маънавият ва маърифат маркази Олтинсой туман бўлинмаси бошлиғи Рустам Ядигаровга сўз навбатини берди.
Кундан кунга глобаллашиб бораётган бугунги даврда маънавиятнинг ўрни ва роли борасида гапириб ўтган Рустам Ядигаров тадбир иштирокчиларидан тушган саволларга ҳам атрофлича жавоб қайтарди.
Шундан сўнг бу ерда ҳам китобсеварлар билан ўзбек мумтоз ва замонавий адабиёти, шоир ва ёзувчилар ижоди, маънавий-маърифий мавзулардаги саволлар ўртага ташланиб, қизиқарли викторина ўтказилди. Ғолиб бўлган китобхонларга китоблар совға қилинди.
Тадбирда "Янгиариқ" маҳалласи участка профилактика нозири, катта лейтенант Жўрабек Отаёров ҳам сўз олиб, бугунги кунда интернет тармоқлари орқали турли истеъмол товарларини таклиф қилиб, пулини олдиндан ўтказдириб олгандан сўнг, канални ёпиб, ғойиб бўлиб қолаётган фирибгарлар қилмишлари борасида гапириб, аҳолини огоҳ бўлишга, алданиб қолмасликка чақирди.
Тадбир ташкилотчилари ва аҳоли вакиллари ўртасида қизиқарли савол-жавоблар, юзма юз очиқ мулоқот бўлди. Ёшлар ўзларини ўйлантираётган масалаларни ўртага ташладилар. Маҳалла раҳбарлари, масъуллар уларга сўраган мавзуларида тўғри маслаҳат ва тушунчалар бердилар.
Маънавий-маърифий тадбир якунида Олтинсой туман Маданият бўлими санъаткорлари ижросида дилтортар куй-қўшиқлар янгради.
© Олтинсой тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024