Жиноят содир этган шахсларнинг иштирокчилиги Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг VII бобида батафсил тўхталиб ўтилган.
Хусусан, кодекснинг 27-моддасида жиноятни содир этган шахсларда иштирокчилик тушунчаси берилган бўлиб, унга кўра, икки ёки ундан ортиқ шахснинг қасддан жиноят содир этишда биргалашиб қатнашиши иштирокчилик деб топилади.
Бундан ташқари, иштирокчиликнинг турларига тўхталадиган бўлсак. Жиноят кодексининг 28-моддасида иштирокчилик турлари кўрсатиб ўтилган бўлиб, унга кўра, ташкилотчи, далолатчи ва ёрдамчилар ҳам жиноят иштирокчиларидир.
Жиноятни бевосита тўла ёки қисман содир этган ёхуд ушбу Жиноят кодексига мувофиқ жавобгарликка тортилиши мумкин бўлмаган шахслардан ёки бошқа воситалардан фойдаланиб, жиноят содир этган шахс бажарувчи ҳисобланади.
Жиноятга тайёргарлик кўрилишига ёки жиноят содир этилишига раҳбарлик қилган шахс ташкилотчи деб топилади.
Жиноят содир этилишига қизиқтирувчи шахс далолатчи деб топилади.
Жиноят содир этилишига ўз маслаҳатлари, кўрсатмалари билан, воситалар бериш ёки тўсиқларни йўқотиш билан кўмаклашган, шунингдек жиноятчини, жиноят содир этиш қуроли, излари ва воситаларини ёхуд жиноий йўл билан қўлга киритилган нарсаларни яширишга, шунингдек бундай нарсаларни олиш ва ўтказиш тўғрисида олдиндан ваъда берган шахс ёрдамчи саналади.
Жиноят содир этган шахсларнинг иштирокчиликдаги шакллари қуйидагилардан иборат:
оддий иштирокчилик, мураккаб иштирокчилик, уюшган гуруҳ, жиноий уюшма шаклида бўлади.
Хусусан, икки ёки ундан ортиқ шахснинг олдиндан тил бириктирмай жиноят содир этишда қатнашиши оддий иштирокчилик саналади.
Икки ёки ундан ортиқ шахснинг олдиндан тил бириктириб жиноят содир этилишида иштирок қилиши мураккаб иштирокчилик деб топилади.
Икки ёки ундан ортиқ шахснинг биргаликда жиноий фаолият олиб бориш учун олдиндан бир гуруҳга бирлашиши уюшган гуруҳ ҳисобланади.
Икки ёки ундан ортиқ уюшган гуруҳнинг жиноий фаолият билан шуғулланиш учун олдиндан бирлашиши жиноий уюшма деб топилади.
Жиноятни содир этган шахсларда иштирок этганлик учун жавобгарлик доирасида ташкилотчи, далолатчи ва ёрдамчилар ҳам Жиноят кодексининг бажарувчини жавобгарликка тортиш белгиланган моддаси бўйича жавобгарликка тортиладилар.
Олдиндан тил бириктирган гуруҳ, жиноий гуруҳ ва жиноий уюшманинг ташкилотчилари ҳамда аъзолари тайёргарлик кўрилиши ёки содир этилишида ўзлари қатнашган барча жиноятлар учун жавобгарликка тортиладилар.
Уюшган гуруҳ ёки жиноий уюшма ташкил этган ёки уларга раҳбарлик қилган шахслар шу гуруҳ ёки уюшма содир этган барча жиноятлар учун, башарти, бу жиноятлар уларнинг жиноий нияти билан қамраб олинган бўлса, жавобгарликка тортиладилар.
Бошқа иштирокчиларнинг жиноий нияти билан қамраб олинмаган жиноят учун уни содир этган шахс жавобгар бўлади.
Ташкилотчи, далолатчи ёки ёрдамчи жиноятдан ихтиёрий равишда қайтиб, жиноятнинг олдини олиш учун ўзига боғлиқ бўлган барча чораларни ўз вақтида кўрганлиги, жиноятда иштирокчилик учун жавобгарликни истисно қилади.
Жиноят қонунчилигида жиноят содир этмоқчи бўлган ёки содир этишига мойили бўлган шахсларнинг жиноятга дахлдорлик тушунчаси ҳақида тўхталсак.
Жиноятга тайёргарлик кўрилаётганлиги, жиноят содир этилаётганлиги ёки жиноят содир этилганлиги ҳақида аниқ била туриб, олдиндан ваъда бермаган ҳолда, ҳокимият органларига хабар қилмаслик, Жиноят кодексининг 1551 ва 241-моддаларида назарда тутилган ҳоллардагина жавобгарликка сабаб бўлади.
Жиноятчини, жиноят содир этиш қуроли ва воситаларини, жиноят изларини ёки жиноий йўл билан қўлга киритилган нарсаларни олдиндан ваъда бермаган ҳолда яширганлик Жиноят кодекснинг
241-моддасида назарда тутилган ҳоллардагина жавобгарликка сабаб бўлади.
Олдиндан ваъда бермаган ҳолда жиноят ҳақида хабар бермаганлик ёки жиноятни яширганлик учун гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг яқин қариндошлари жавобгарликка тортилмайди.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, жиноят содир этган шахсларнинг иштирокчилиги Жиноят кодексининг умумий қисмида кўрсатиб ўтилган нормалар асосида жавобгарликка тортилади.
Сурхондарё вилоят суди
жиноят ишлари бўйича
судлов ҳайъати
судья катта ёрдамчиси Б.Б.Нормуродов
© Олтинсой тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024