Жиноят қонунчилигида, бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш билан бирга бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлаш қоидалари ҳам мавжуд бўлиб, бу институтларни бирга келтирилишидан мақсад судлар амалиётида шундай ҳолатлар ҳам мавжуд-ки, бунда ҳар икки қоидани баробар тадбиқ қилиниши ишни тўғри ҳал қилинишига асос бўлишини кузатишимиз мумкин. Масалан, «И» исмли шахс фирибгарлик жинояти учун иш ҳақининг 15 фоизини давлат фойдасига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. «И»нинг ушбу жиноят иши бўйича ҳукм чиқарилгандан кейин уни яна бошқа жиноятларда айбдорлиги аникланган, жиноятлардан айримлари биринчи ҳукм чиқарилгунга қадар бошқалари эса ҳукм чиқарилгандан сўнг содир этилган. Энди, ушбу иш бўйича жазо тайинлаш ҳам жиноятлар жами учун ҳам бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлаш қоидаларини тадбиқ қилинишини назарда тутади. Бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлаш қоидалари ЖКнинг 60-моддасига мувофиқ қуйидаги тартибда белгиланган:
-Агар маҳкум ҳукм чиқарилганидан кейин жазони тўла ўтамай туриб, янги жиноят содир этса, суд янги ҳукм бўйича тайинланган жазо муддатига илгариги ҳукм юзасидан ўталмай қолган жазо муддатини тўла ёки қисман қўшади.
-Бир неча ҳукм юзасидан ҳар хил турдаги жазоларни қўшиш ёки жазо тайинлашда ЖКнинг 61-моддасида назарда тутилган қоидаларга амал қилиниб, жазонинг оғирроқ тури узил-кесил тайинланади.
-Бир неча ҳукм юзасидан ахлоқ тузатиш ишларига ёки хизмат бўйича чеклашга ҳукм қилиниб, иш ҳақи ёки пул таъминотидан ушлаб қолишнинг ҳар хил миқдори белгиланган ҳолатларда бу жазоларнинг фақат муддатлари қўшилади.
-Илгариги ҳукм юзасидан ижро этилмай қолган қўшимча жазолар ҳукмлар жами тариқасида тайинланган асосий жазога қўшиб тайинланади.
Юқоридаги қонунда кўзда тутилган бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлаш қоидалари маҳкум томонидан биринчи ҳукм эълон қилингандан сўнг, лекин ҳукм бўйича тайинланган асосий ва қўшимча жазолар тўла ўталгунга қадар янги жиноят содир этилган ҳолларда қўлланилади. Қонунга кўра, маҳкум тайинланган жазони айрим сабабларга кўра ўтамаган бўлса, масалан, жазони ўташдан бўйин товлаган шартли ҳукм қилинган ва ЖПК қоидаларига кўра жазони ижро этиш тўхтатиб ёки кечиктириб қўйилган ва бошқа сабабларга кўра умуман ўтамаган бўлса ҳам суд ЖКнинг 60-моддаси қоидалари бўйича жазо тайинлайди. ЖКнинг 60-моддасида кўрсатилган ҳолларда суд янги ҳукм бўйича илгариги ҳукм юзасидан ўталмай қолган жазо муддатини тўла ёки қисман қўшиш йўли билан қатъий жазо тайинлайди. Жиноятлар жами тариқасида тайинланган жазонинг максимал муддатини белгиловчи Жиноят кодекси умумий қисмининг моддаларида белгиланган доиралар билан чекланган ЖКнинг 59-моддасига нисбатан ҳукмлар жами тариқасида жазо тайинлашда максимал доира фақат озодликдан маҳрум қилиш жазоси учун белгиланадиган муддат билан фарқ қилади. 18 ёшдан ошган вақтда жиноят содир этган шахсларга ҳукмлар жами тариқасида жазо тайинланганда жазонинг энг кўп муддати 25 йил ва 18 ёшгача бўлган вақтда жиноят содир этган шахсларга нисбатан 15 йилгача муддатга тайинланади. Янги жиноят учун тайинланган жазога ўталмаган жазони қисман қўшишда Олий суд Пленумининг 1996 йил июлдаги «Жиноий жазо чоралари тайинлаш амалиёти ҳақида»ги қарорининг 2,8 бандида белгиланган тушунтиришларига асосланиш лозим. Унда ”Ҳукмлар жами тариқасидаги жазо ўз миқдори бўйича янги содир этган жиноят учун тайинланган жазодан ҳам олдиндаги ҳукм бўйича жазонинг ўталмаган қисмидан ҳам кўпроқ бўлиши керак», -дейилган.
Жиноят кодекси 60-моддасида принципиал аҳамиятга эга бўлган жазоларни қўшиш қоидаси белгиланган. Унинг аҳамияти шундаки, ўталмаган жазога янги тайинланган жазо эмас, янги жиноят учун тайинланган жазога биринчи ҳукм бўйича ўталмаган жазо қўшилади ва маҳкум у содир этган барча жиноятлари учун ҳукмлар жами тариқасида тайинланган жазони ўташни бошлайди. Агар айбдор ҳукм эълон қилингандан кейин бир неча жиноятларни содир этган бўлса, суд аввал жиноятлар мажмуи тариқасида жазо тайинлаб, унга олдиндаги ҳукм бўйича ўталмай қолган жазони тўла ёки қисман қўшади. Амалдаги жиноят қонуни ҳукм бўйича тайинланган жазони енгиллаштиришга рухсат беради (амнистия, авф этиш асосида ЖКнинг 74-моддасида кўрсатилган асосларга кўра ва бошқалар). Суд амалиётида бу билан боғлиқ «Жиноят учун тайинланган жазога қайси жазони қўшиш керак? Аввалги ҳукм бўйича тайинланганиними ёки енгилроғиними?», деган савол пайдо бўлади. Олий суд Пленумининг юқорида айтиб ўтилган қарорининг 2,7 бандида: «Бундай ҳолатларда янги содир этилган жиноят учун тайинланган жазога енгилроқ жазонинг ўталмаган қисми тўла ёки қисман қўшилади», деб тушунтириш берилган. Ҳукмлар жами тариқасидаги ҳар хил турдаги жазоларни қўшишда ЖКнинг 61-моддасида белгиланган қоидалар бўйича оғирроқ жазо тури тайинланади.
Бир неча ҳукмлар юзасидан ахлоқ тузатиш ишларига ёки хизмат бўйича чеклашга ҳукм қилиниб, иш ҳақи ёки пул таъминотидан ушлаб қолишнинг ҳар хил миқдорлари белгиланган ҳолларда бу жазоларнинг фақат муддатлари қисман ёки тўла қўшилади. Аввалги ҳукм бўйича тайинланган, лекин ижро қилинмаган қўшимча жазолар ҳукмлар жами тариқасида тайинланган жазога қўшилади.
Бир жинояти учун (судланиб) ҳукм чиққан, лекин ҳукм бўйича жазони ўтамаган шахс, биринчи ҳукм чиққунга қадар бошланиб, ҳукм чиққандан сўнг ҳам давом этган сурункали ва давомли жиноят содир этишда айбдор деб топилса, иккинчи ҳукм бўйича унга жазо тайинлашда суд ЖКнинг
60-моддаси қоидаларига риоя этиши лозим.
Мақолани тайёрлашда интернет манбаларидан фойдаланилди.
Сурхондарё вилоят суди ЖИБ
судлов ҳайъати судья катта ёрдамчиси Ж.Маматалиев
© Олтинсой тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024