Кейинги йилларда Янги Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, иқтисодиётда давлат улушини босқичма-босқич камайтиришга қаратилган аниқ манзилли чора-тадбирлар амалга оширилди.
Мамлакатимизда ҳар қайси хусусий мулкдорнинг қонуний йўл билан қўлга киритган мулкининг дахлсизлигига асло шубҳа қилмаслигини таъминлайдиган ишончли ҳуқуқий кафолатлар тизими яратилди. Тадбиркорлик фаолияти учун ер майдонларини ажратишдаги тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш, тизимдаги коррупция ҳолатларига барҳам бериш мақсадида ер майдонларини электрон аукцион орқали ажратиш тартиби жорий этилди.
Аҳамиятли томони, мулк эгасига зарарнинг ўрни тўлиқ қопланмагунча давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйиш ва кўчмас мулкни бузиш тартиби бекор қилиниб, инвестор ва тадбиркорларга етказилган мулкий зарарни тўлиқ қоплаб бериш тартиби кафолатланди. Зеро, мулкнинг эгаси бўлса, меҳнат унумдорлиги бир неча маротаба ортади. Мулкдорнинг кайфияти, интилиши, иш юритиши, ўз фаолиятига, умуман, ҳаётга муносабати бошқача бўлади.
Соҳани ривожлантиришга қаратилган кўплаб қонун, фармон ва қарорларнинг қабул қилиниши туфайли 114 та лицензия ва рухсатнома бекор қилинди. Ортиқча текширишлар, нақд пул, валюта ва хомашё бўйича кўплаб чекловларга барҳам берилди. Энг муҳими, янги субъектлар кескин кўпайиб, охирги беш йилда тадбиркорлар сони қарийб 3 баравар ошди.
Бугун хусусий мулксиз, унинг ишончли кафолатисиз кучли ижтимоий давлатни қуриб бўлмаслиги сабабли Бош қомусимизда хусусий мулк ҳимоясини таъминлаш учун зарур бўлган конституциявий кафолатларни кучайтириш лозим. Бу орқали ҳар бир тадбиркор доимо давлат, Конституция, қонунлар ҳамда Президент ҳимоясида эканини ҳис этади. Ҳаётдан кўнгли тўлиб, руҳи кўтарилиб, янги-янги марраларга интилади.
Шу жиҳатдан, мулкдор суд қарорисиз, ўзининг розилигисиз, адолатли товон пулисиз, мулкидан маҳрум этилмаслиги керак. Ўз навбатида, давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқмаслик ҳамда бекор қилмаслик масаласини Конституциявий қоида сифатида белгилаш айни муддаодир. Бу имкониятлар тадбиркорликни жадал ривожланишига, янги иш ўринлари яратилишига, ҳар бир шахснинг қулай меҳнат шароитида ишлаш, меҳнати учун муносиб ҳақ олиш ҳуқуқини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бир сўз билан айтганда, бугун тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилиш давлат сиёсатига тўсқинлик қилиш сифатида қаралмоқда. Бу туфайли аҳолининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш хоҳиш-истаги ошиб, йилдан-йилга тадбиркорлик субъектларининг сони кўпаймоқда. “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши натижасида хусусий мулк дахлсизлиги ва ҳимояси кафолатларини кучайтиришга доир нормаларнинг белгиланиши шубҳасиз, тадбиркорларнинг эркин ва самарали фаолият юритишига ҳамда бизнеснинг жадал ривожланишига хизмат қилади.
Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари
бўйича судлов ҳайъати судьяси
А.Мирзаев
© Олтинсой тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024