Референдум – бевосита демократиянинг муҳим институти бўлиб, умумдавлат ҳамда ҳар бир фуқаро учун муҳим бўлган қарорларни қабул қилинишида жамиятнинг қатнашишини таъминлайди. Референдум умумхалқ овоз бериш йўли билан қонунлар қабул қилиш ва давлат аҳамиятига молик энг муҳим масалаларни ҳал қилиш шаклидир. Референдумнинг сайловлардан асосий фарқи шундаки, референдум ўтказилаётганда бирон бир лавозимга номзод учун овоз берилмайди, балки муайян қонун, конституция, конституцияга тузатишлар киритиш, мамлакатнинг халқаро мақомига таалуқли ёки ички сиёсатига тегишли бўлган масала юзасидан ўтказилади. Референдум ўтказилиш жараёнининг қоида ва шартлари ҳар бир давлатнинг конституцияси ва қонунчилиги томонидан белгиланади.
“Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг референдуми Ўзбекистон Республикасининг қонунларини ва бошқа қарорларини қабул қилиш мақсадида жамият ва давлатнинг энг муҳим масалалари юзасидан фуқароларининг умумхалқ овоз беришидир. Референдумда қабул қилинган қарорлар олий юридик кучга эга бўлади ва фақат референдум йўли билан бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин. Референдум Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ўтказилади. Референдумни ўтказиш ташаббуси билан: Ўзбекистон Республикаси фуқаролари; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси; Ўзбекистон Республикаси Президента чиқиши мумкин. Референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган, яъни 18 ёшга тўлган Ўзбекистон фуқаролари умумий сонининг камида 5 фоизини ташкил этган фуқаролар имзоси тўпланган бўлса; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари аъзоларининг учдан икки қисмининг овози билан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг асослантирилган талаби билан референдум ўтказилиши мумкин.
Қуйидаги масалалар референдум предмети бўлиши мумкин эмас: Ўзбекистон Республикасининг ҳудудий яхлитлигини ўзгартириш; Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети ва солиқлар; амнистия ва афв этиш; жамоат тартибини, аҳоли соғлиғи ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича фавқулодда ва шошилинч чора-тадбирлар ўтказиш; Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш; мансабдор шахсларни тайинлаш ва вазифасидан озод этиш. Референдум яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади.
Ўзбекистон Республикаси тарихида биринчи марта 1991 йил 29 декабрда референдум бўлиб ўтган. Бу референдумда „Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида“ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1991 йил 31 августдаги Конституциявий қонуни тўғри қабул қилинганлигини Ўзбекистон халқи бир овоздан маъқуллади. 2002 йил 27 январда Ўзбекистон Республикасида 2 палаталик парламентни шакллантириш ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг конституциявий ваколат муддатини 5 йилдан 7 йилга ўзгартиришга бағишланган референдум бўлиб ўтди. Навбатдаги референдум эса 2023 йилнинг 30 апрелида ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, референдум Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунини қабул қилиш мақсадида ўтказилади.
Юртимиз тарихида ўтказилиб келинаётган бундай референдумлар Ўзбекистонимизда демократия мустаҳкамланиб бораётганлигининг яққол ифодасидир.
Жиноят ишлари бўйича Олтинсой туман судининг раиси К.Назаров
© Олтинсой тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024