Конституция лойиҳасидаги моддалар сони амалдаги 128 тадан 155 тага, нормалар сони 275 тадан 434 тага ошди. Яъни, Асосий қонунимиз матни қарийб 65 фоизга ортди ва халқимиз таклифлари асосида янгиланди.
КОНСТИТУЦИЯНИНГ АСОСИЙ ЯНГИЛИКЛАРИ
Конституцияда Ўзбекистон – суверен, демократик, ҳуқуқий ва ижтимоий давлат экани қатъий белгилаб қўйилмоқда.
Кучли ижтимоий ҳимоя ва муҳтожларга ғамхўрлик – давлат сиёсатининг муҳим йўналиши бўлиб қолади
Тарихимизда илк бора Ўзбекистон – ижтимоий давлат,
деб белгиланмоқда. Яъни, инсонга эътибор ҳамда ғамхўрлик – давлат ва жамиятнинг энг асосий бурчи экани мустаҳкамланаяпти.
Конституцияда камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш бўйича давлат ўзига қатор янги мажбуриятлар олиши белгиланмоқда. Умуман давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятлари билан боғлиқ Конституциядаги нормалар
3 баробар кўпайтириляпти.
Хусусан, Конституцияда ҳар кимнинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқи белгиланмоқда. Ушбу норманинг амал қилиши ҳар бир фуқаро, жумладан, ёш оилаларнинг ўз бошпанасига эга бўлишини таъминлаб, кишиларнинг ҳаётдан розилик даражасини оширади.
Маълумот учун: ўтган йили мамлакатимизда 50 минг оила учун янги квартиралар олишга шароит яратиб берилган бўлса, бу йил
90 минг оилани уй-жойли қилиш марраси олинган. Яқин 2-3 йилда эса бу рақамни 200 мингга етказиш устида ишланмоқда.
Бундан ташқари, ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда (бозор қийматида) қопланиши таъминланиши кафолатланмоқда.
Аҳоли кафолатланган бепул тиббий хизматлардан фойдаланиши ҳам лойиҳага киритилган. Умуман, лойиҳада аҳоли саломатлигини асраш билан боғлиқ нормалар 4 баробар кўпайтирилмоқда. Бу аҳоли соғлиғини ишончли муҳофаза этиш ҳамда оналар ва болалар ўлими, юқумли касалликлар таҳдидини бартараф этишда жуда муҳим аҳамиятга эгадир.
Маълумот учун: жорий йилда “Кафолатланган хизматлар пакети” қайта кўриб чиқилиб, унда 20 турдаги касалликлар бўйича диагностика, даволаш ва профилактика хизматлари ҳажми тўлиқ қамраб олинади.
Кўп учрайдиган 20 турдаги касалликлар бўйича бирламчи бўғиндаги бепул анализ турлари – 15 тадан 25 тагача, текширувлар – 10 тадан 20 тагача, дорилар – 64 тадан 90 тага оширилади.
Конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлар доираси кенгаймоқда
Биринчи маротаба ҳар ким Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат этишга ҳақли эканлиги мустаҳкамланмоқда. Бу фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси нафақат миллий қонунчиликда белгиланган нормалар, балки халқаро ҳуқуқ асосида ҳам ҳимояланишини таъминлайди.
Булардан ташқари, ҳар ким давлат органларининг ёхуд улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши ҳуқуқига эгалиги қайд этилмоқда.
Конституцияда айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши кераклиги қайд этилмоқда. Мазкур норма тўғридан-тўғри амал қилувчи қоида бўлиб, тергов ва суд жараёнида фақат ишончли ва қонуний далиллардан фойдаланишни таъминлайди ҳамда шахсни асоссиз равишда жавобгарликка тортилишдан ҳимоя қилади.
Қолаверса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмаслиги мустаҳкамланмоқда, ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмаслиги белгиланмоқда. Бу қоидаларнинг Конституцияда белгиланиши жиноий таъқиб остидаги ҳар қандай шахсга ёки унинг яқин қариндошларига руҳий босим ва турли таҳдидлар ўтказиш, унинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш каби бошқа ноқонуний усуллар қўлланишини олдини олишга хизмат қилади.
Яна бир муҳим норма – агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги кафолатланмоқда. Бу ҳол жиноят бўйича ҳақиқатни аниқлаш, шунингдек, айбсиз инсонларнинг жавобгарликка тортилишини олдини олишга, айни пайтда, жиноят содир этган ҳақиқий айбдор шахс ёки шахсларни аниқлашга хизмат қилади.
Озодликдан маҳрум этилган шахслар ўзига нисбатан инсоний муомалада бўлиниши ҳамда инсон шахсига хос бўлган шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эгалиги ҳам тарихда илк бор конституциявий мустаҳкамланмоқда.
Қолаверса, шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги белгиланяптики, буларнинг ҳаммаси мустабид тузумдан қолган иллатга, қанча ёшларимизни ўз орзу-умидларидан воз кечишга мажбур қилган ноинсоний тақиқларга чек қўяди.
Конституцияда ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларнинг ҳимоя қилиниши ҳуқуқига, шунингдек нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмай қолган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга эканлиги мустаҳкамланмоқда.
Қонуний асосларда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиб турган ҳар ким мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқига эгалиги, ҳар ким Ўзбекистондан ташқарига эркин чиқиш ҳуқуқига ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистонга тўсқинликсиз қайтиш ҳуқуқига эгалиги белгиланмоқда. Эндиликда мазкур конституциявий қоида киритилиши билан эркин ҳаракатланиш қадрият даражасида олий ҳуқуқий норма сифатида мустаҳкамланмоқдаки, бу “прописка” тизими муаммосига ҳам барҳам беради.
Лойиҳада давлатнинг фуқароларга Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиши кафолатланмоқда. Зеро, Ўзбекистонда Интернетдан фойдаланувчилар сони 2016 йилда 12,1 млн бўлган бўлса, 2022 йилга келиб икки баробарга, яъни 24 млндан ошди, шунингдек, мамлакатимиз аҳоли яшаш масканлари ҳудудининг Интернет тармоғи билан қамрови 2016 йилдаги 28% дан 2022 йилда 98% га етган.
Инсон фаровон яшаши, давлат барқарор ривожланиши учун самарали, ихчам ва халқчил давлат бошқаруви жорий қилинади, парламентаризмни кучайтириш сари дадил қадам қўйилади
Янгиланаётган Конституция халқпарвар давлат қуриш мақсадида кучли парламент, ихчам ва масъулиятли ҳукумат, мустақил ва адолатли суд тизимини барпо этишга қаратилган.
Парламент палаталарининг ваколатлари қайта кўриб чиқилмоқда. Унга кўра, Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг ваколатлари сезиларли даражада кенгаймоқда, икки палата ишидаги такрорланишлар бартараф этилиб, ҳар бирининг масъулият соҳаси аниқ белгиланмоқда.
Хусусан, Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари амалдаги 5 тадан 12 тага, Сенатда эса, 14 тадан 18 тага кўпаймоқда.
Ҳукуматни шакллантириш ва унинг фаолиятини назорат қилиш, Давлат бюджети ижросига оид масалалар Қонунчилик палатасининг ваколатига, ҳудудлар манфаати ва уларни ривожлантириш, янги вазирликлар ташкил қилиш тўғрисидаги фармонларни тасдиқлаш масалалари эса Сенат ваколатлари доирасига тааллуқли эканлиги мустаҳкамланиши шулар жумласидандир.
Сенат олдига қўйилаётган янги вазифалардан келиб чиқиб, уни ихчам, халқчил ва ҳудудлар манфаатини ифода этадиган идорага айлантириш бўйича нормалар Конституцияда кўзда тутилмоқда. Хусусан, сенаторлар сонини ҳозирги 100 нафардан 65 нафарга тушириш, бунда ҳар бир ҳудуддан тенг равишда 4 тадан сенатор сайланиши, Президент томонидан тайинланадиган сенаторлар сони эса 16 тадан 9 тага камайтирилиши белгиланмоқда.
Парламентнинг қуйи палатаси томонидан киритилган қонунлар Сенатда 60 кун ичида кўриб чиқилиши, муддат ўтиб кетса, ушбу қонун маъқулланган деб ҳисобланиши ва имзолаш учун Президентга юбориш бўйича норма киритилмоқда.
Парламентнинг суд ва назорат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва махсус хизматлар фаолияти устидан назорат функциялари кучайтирилмоқда
Янги Конституцияда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раҳбарлигига номзодлар аввал Сенатда кўриб чиқилиб, кейин Президент томонидан тайинланиши, шунингдек, республика коррупцияга қарши курашиш органи ва республика монополияга қарши органи раҳбарлари Сенат томонидан сайланиши амалиётини жорий этиш таклиф этилди.
Махсус хизматлар фаолияти устидан парламент назоратини кучайтириш мақсадида Давлат хавфсизлик хизмати раҳбарлигига номзод Сенат билан маслаҳатлашувлардан сўнг Президент томонидан лавозимга тайинланиши белгиланмоқда.
Олий Мажлис палаталарининг биргаликдаги ваколатлари ҳам кучайтирилиб, парламент назоратининг муҳим шакли бўлган парламент текшируви институти Конституцияда алоҳида мустаҳкамлаб қўйилмоқда.
Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида Судьялар олий кенгашининг барча аъзоларини Сенат томонидан сайлаш тизими киритилмоқда.
Айрим олий мансабдор шахсларнинг лавозимга сайланиш ёки тайинланиш муддатлари бўйича чекловлар белгиланади.
Сенат Раиси ва Қонунчилик палатаси Спикери, Олий суд
ва Судьялар олий кенгаши раислари, уларнинг ўринбосарлари,
Бош прокурор, Марказий сайлов комиссияси раиси, ҳокимларни лавозимга икки муддатдан ортиқ сайлаш ёки тайинлашга чеклов киритилмоқда.
Конституциявий суд судьяларини қайта сайланиш ҳуқуқисиз 10 йилга сайлаш тартиби белгиланмоқда (ҳозирда биринчи марта 5 йилга, кейин яна 10 йилга сайланади).
Конституцияга адвокатура институтига бағишланган ва адвокатлар фаолиятининг кафолатларини мустаҳкамловчи алоҳида боб киритилмоқда. Адвокат, унинг шаъни, қадр-қиммати ва касбий фаолияти давлат ҳимояси бўлиши ва қонун билан муҳофаза қилиниши мустаҳкамланмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг ваколатлари ва функциялари, унинг жавобгарлиги сезиларли даражада кенгайтирилмоқда. Хусусан, барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, қулай инвестиция муҳитини яратиш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш, аҳолини, шу жумладан, ногиронлиги бор шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимининг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий бойликлар ҳамда биологик хилма-хилликни сақлаш ва бошқа соҳаларда ўз олдига қўйилган вазифаларни ҳал этиш учун масъуллиги кенгайтирилди. Бундан ташқари, Ҳукумат зиммасига ижро этувчи ҳокимият органларининг ишида очиқлик ва шаффофликни, қонунийлик ва самарадорликни таъминлаш, давлат хизматларининг сифатини ошириш ва улардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш, фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш вазифалари юклатилди.
Ҳокимларнинг халқ депутатлари Кенгашларига раҳбарлик қилиш институти босқичма-босқич бекор қилинади
Маҳаллий ижро этувчи ва вакиллик ҳокимиятининг бўлиниши мамлакатда бутун давлат бошқаруви тизимини чуқур ислоҳ қилиш учун асос бўлади. Шу асосда, маҳаллий Кенгаш раиси билан ҳоким лавозимини бир-биридан ажратиш амалга оширилади.
Барча масалалар ечими чинакам халқ овози бўлган маҳалла даражасига туширилади
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмаслиги белгилаб қўйилмоқда. Конституциямизда мазкур кафолатнинг белгиланиши маҳаллаларга ўз ҳудудини мустақил бошқариш, аҳоли манфаатларидан келиб чиқиб давлат билан шериклик асосида муаммоларни ҳал этиб бориш, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, самарали жамоатчилик назоратини амалга ошириш, аҳоли фаровонлигини таъминлашга муҳим имкониятларни тақдим этади.
Оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтлари янада фаол бўлиши учун кенг имконият ва кучли ҳимоя тақдим этилмоқда
Хусусан, оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланмоқда. Ушбу норма журналистларнинг эркин, турли маъмурий босимлардан қўрқмасдан фаолият юритишини таъминлайди ҳамда мамлакатимизда ахборот эркинлигини янада юксалишига, жамиятда очиқлик ва ошкоралик, қонунийлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Пировардида, давлат ва жамият ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлашга, кучли жамоатчилик назоратини йўлга қўйишга ва сўз эркинлигини таъминлашга эришилади.
Шунингдек, Конституцияда оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлиги, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари кафолатланмоқда.
Конституциямизга илк маротаба фуқаролик жамияти институтларига бағишланган алоҳида боб киритилиши ва улар фаолияти кафолатларининг белгиланиши жамиятда очиқлик, ошкоралик ва қонунийлик муҳитини, давлат ва жамият ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда кучли жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш учун мустаҳкам замин ҳозирлайди.
Сурхондарё вилояти жиноят ишлари бўйича Олтинсой туман судининг девонхона мудири
ЗУБАЙДУЛЛАЕВ қУВОНДИҚ РУЗИМАМАТ ЎҒЛИ
© Олтинсой тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024