Жиноят ишлари бўйича Олтинсой туман судининг раиси К.Назаров иштирокида Олтинсой туман 13-сонли ИДУМ ўқитувчилари билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш бўйича умумхалқ референдуми ҳақида, Педагог ходимларни мажбурий меҳнатга жалб этганлик ва тиббиёт ходимларининг фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик тўғрисида, Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг мазмун моҳияти тўғрисида тарғибот тадбири ўтказилди.
Тадбирда ўқитувчи ходимларига Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Конституциявий комиссия ташкил қилинганлиги, Конституциявий қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, умумхалқ муҳокамасига қўйилганлиги, ўтган давр мобайнида Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан умумхалқ муҳокамаси барча ҳудудларда ташкил этилиб, ушбу жараён оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб борилганлиги, ваколатли идоралар ва депутатлар томонидан ҳудудларга чиқилган ҳолда давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда фуқаролар иштирокида қатор учрашувлар ташкил этилиб, конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш ишлари олиб борилганлиги, умумхалқ муҳокамаси давомида Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан аҳоли ва фуқаролик жамияти институтларидан 200 мингдан зиёд таклиф келиб тушганлиги, Таклифларда «инсон — жамият — давлат», «Янги Ўзбекистон — ижтимоий давлат» тамойилларини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қадр-қимматини юксалтириш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, таълим, илм-фан соҳаларини тараққий эттириш, хусусий мулк дахлсизлигини янада мустаҳкамлаш, фуқаролик жамияти институтларининг ролини ошириш, экологик ҳуқуқлар ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилганлиги ҳақида гапириб ўтилди.
Шунингдек, тадбир иштирокчиларига педагог ходимларни уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган тадбирларга жалб этиш ҳоллари давом этаётганлиги ҳамда беморлар ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан тиббиёт ходимларига тажовуз қилиш ҳоллари кўпайиб бораётганлиги, шу муносабат билан 2023 йил 27 мартдаги “Ўзбекистон Республикасининг Педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-826-сонли ҳамда “Тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-826-сонли Қонунлари қабул қилинганлигини, ушбу қонунлар билан таълим ташкилотининг педагог ходимини меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш учун ҳамда тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки шу мақсадда тиббиёт ходимига қонунга хилоф равишда ҳар қандай шаклда таъсир ўтказганлик учун жазо чоралари кучайтирилганлиги юзасидан тушунтиришлар берилди.
Бундан ташқари, 2022 йил 28 октябрдаги ЎРҚ-798-сонли Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси тасдиқланганлиги, мазкур қонун 6 ойдан сўнг кучга кириши, ишга қабул қилишга меҳнатга оид ҳуқуқ лаёқатига ва муомала лаёқатига эга бўлиши билан, ўн олти ёшдан йўл қўйилиши, ёшларни меҳнатга тайёрлаш учун умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълим ташкилотларининг, касб-ҳунар мактабларининг, коллежлар ва техникумларнинг ўқувчиларини уларнинг соғлиғига ҳамда маънавий камол топишига зиён етказмайдиган, ўқитиш жараёнини бузмайдиган енгил меҳнатни ўқишдан бўш вақтида бажариши учун ишга қабул қилишга – улар ўн беш ёшга тўлиши билан ота-онадан бирининг (ота-онасининг ўрнини босувчи шахснинг) ёзма розилиги билан йўл қўйилиши, маданий-томоша ташкилотларида, телевидение, радиоэшиттириш ташкилотларида ва бошқа оммавий ахборот воситаларида, шунингдек профессионал спортчилар билан ота-онанинг ҳар иккисининг (ота-она ўрнини босувчи шахснинг) розилиги ҳамда васийлик ва ҳомийлик органининг рухсати билан, соғлиғига ва маънавий камол топишига зиён етказмасдан асарларни яратиш ва (ёки) ижро этишда (кўргазмага қўйишда) иштирок этиш учун ўн беш ёшга тўлмаган шахслар билан меҳнат шартномасини тузишга йўл қўйилиши, кўрсатилган ёшга тўлган шахслар қабул қилиниши мумкин бўлган ишлар, касблар, лавозимлар рўйхатлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ижтимоий меҳнат масалалари бўйича уч томонлама республика комиссияси билан келишилган ҳолда тасдиқланиши, бундай ҳолда ходимнинг номидан меҳнат шартномасини унинг ота-онаси (ота-онасининг ўрнини босувчи шахс) имзолаши, васийлик ва ҳомийлик органининг рухсатномасида ҳар кунлик ишнинг энг кўп йўл қўйиладиган давомийлиги ҳамда иш бажарилиши мумкин бўлган бошқа шартлар кўрсатилиши, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларни ишга қабул қилиш ва уларнинг меҳнатини қўллаш кодексда назарда тутилган талабларга риоя этилган ҳолда амалга оширилиши тушунтирилди.
Тадбир иштирокчиларига мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган бир қатор масалаларда саволларга жавоб берилди.
Жиноят ишлари бўйича
Олтинсой туман судининг раиси К.Назаров
© Олтинсой тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024