Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Олтинсой тумани ҳокимлиги
Янги Ўзбекистон-ҳуқуқий демократик давлат, инсон ҳуқуқи ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари, қонунчиликни янада ривожлантириш истиқболлари
Қонунлар / 2023-04-06

Бугунги кунда мамлакатимизда Конституцияга киритилаётган Конституциявий ислоҳотлар юртимиздаги энг муҳим сиёсий жараёнлардан биридир.

Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдум жорий йилнинг 30 апрель куни ўтказилади, айтиш жоизки, бу лойиҳа халқимиз томонидан энг кўп таклифлар билдирилган, халқаро экспертлар фикрлари инобатга олинган ҳужжат бўлди.

Конституциянинг янги таҳририга ҳар бир инсоннинг эмин-эркин яшаш кафолати сифатида тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда хусусан, аҳоли фаровонлигини ошириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, унинг қадр-қимматини янада юксалтириш ҳамда жамиятнинг бошқа соҳаларини ривожлантиришда муҳим омил ҳисобланиб, мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга олиб чиқиши шубҳасиз.

Янги ўзгартиришлар натижасида Конституциянинг амалдаги 128 моддаси 155 тага кўпайиб, нормалар ҳажми 65 фоизга ошганини кўришимиз мумкин. Янги лойиҳага 27 та янги модда киритилди, 91 та модда эса ўзгартириш ва қўшимчалар билан бойитилди.

Таъкидлаш жоизки, янги Конституцияда давлат ва инсон ўртасидаги муносабатларга оид ҳуқуқ ва мажбуриятлар ўз аксини топган, фуқаро ҳаёти давомида давлат билан бевосита ижтимоий муносабатга киришади, эндиликда улар ўртасидаги қонунчиликда мавжуд бўлган ноаниқликлар, тартибга солинмаган ҳолатлар фуқаро фойдасига ҳал қилиниши белгиланмоқда. Бу жараён инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган бўлиб, келажакда келиб чиқадиган муаммоларга ечим топади.

Бундан ташқари, янги лойиҳада Ўзбекистон Республикасида ўлим жазоси тақиқлангани, агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги белгиланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқаролар давлат хизматига кириш учун тенг ҳуқуққа эга эканлиги қайд этилди.

Ваҳоланки, давлат фуқароларнинг бандлигини, таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, шунингдек, камбағалликни қисқартириш чораларини кўриши хусусидаги норманинг киритилиши давлатнинг фуқаролар олдидаги масъулиятини оширади.

Бундан кўриниб турибдики, ҳар бир киритилаётган норма инсон қадри учун хизмат қилмоқда. 

Халқаро тажриба шуни кўрсатмоқда-ки, ривожланган демократик давлатларда ҳеч бир шахс ўз ижтимоий-шахсий ҳаётини, ҳуқуқ ва қонунда белгиланган манфаатларини  ҳимоя қилишни Конституциясиз тасаввур қила олмайди, бу боис ҳам мамлакатимиздаги ҳар бир фуқаро янги таҳрирдаги Конституциянинг мазмун-моҳиятини чуқур англаб олиши даркор.

                                                                     Жиноят ишлари бўйича Олтинсой туман   судининг раиси К.Назаров

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
7 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
OpenByudjet loyihasida ishtirok etyapsizmi?