Инсон ҳуқуқлари-олий қадрият. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари муҳофаза қилиниши ҳамда бузилган ҳуқуқларининг тикланиши бевосита суд ҳокимиятининг мустақиллиги, адолатли ва ҳолис қарор қабул қилиниши билан баҳоланади. Бу исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат.
Юртимизда соҳани ривожлантириш мақсадида барча чора-тадбирлар кўрилиб, судларнинг мустақиллигини таьминлаш, одил судловни амалга ошириш, инсон ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида ижобий ва самарали натижаларга эришиляпти.
Сўнгги йилларда амалга оширилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари суд ҳокимияти мустақиллигини ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш билан бир қаторда фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш имконини берди.
Шу билан бирга “Янги Ўзбекистон — янги суд” тамойили доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишни жадаллаштиришни, соҳага илғор халқаро стандартларни жорий этишни талаб этмоқда.
2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ, шунингдек, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида судлар фаолияти самарадорлигини ва одил судлов сифатини ошириш мақсадида:
2023 — 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси тасдиқланди ва кейинги беш йилликда амалга ошириладиган ислоҳотларнинг зарур ва сиёсий-ҳуқуқий ижтимоий иқтисодий ва илмий маьрифий асослари яратишга доир бир қанча муҳим вазифалар белгиланди.
“Инсон қадри учун” ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш ҳамда унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтирилиб, мамлакатимизнинг ривожланиш тенденсиялари қандай болиши ва бу борадаги устувор вазифалар белгиланган болиб, 7 та устувор йўналиш юзасидан кейинги беш йил мобайнида 100 мақсад ва 398 та вазифани амалга тошириш чора тадбирлари белгиланди.
Тараққиёт стратегиясининг 15 мақсадида давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш вазифаси белгиланган.
Суд протсесида томонларнинг ҳақиқий тенглик ва тортишув тамойилларини рўйобга чиқариш мақсадида суд тизимида “ягона дарча” тамойилини кенг жорий этиш ва аризаларни тааллуқлигидан қатьий назар қабул қилиш ва ваколатли судга юбориш ҳамда муаййан иш доирасида фуқаролар ҳамда тадбиркорларга ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда ҳимоя қила олиши учун барча имкониятларни яратиш, судларнинг холислигини амалда таъминлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш тизимини жорий этиш мақсадлари белгиланди.
Шу билан бирга судлар фаолиятини босқичма-босқич тўлиқ рақамлаштириш аҳолига ҳамда соҳада фаолият юритувчи ҳодимларга қулайлик яратиб,вавтни тежаш ва ортиқча қоғозбозликка чек қойиб, соҳада иш ҳажми юкламаларини ошиб кетиши олдини олиш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, идоралараро электрон маълумот алмашинувини яхшилаш, суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш ва одил судловга эришиш даражисини тубдан ошириш бўйича ҳам аниқ вазифалар амалга оширилади.
Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таьминлашда судялар ҳамжамияти органларининг ролини янда кучлироқ ошириш ҳамда судьяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлиги кафолатларини кучайтириш, судга ҳурматсизлик қилиш ва суд ишига аралашиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича самарали механизмларни ишлаб чиқиш ҳам назарда тутилган.
Жиноят ишлари бўйича судларнинг ҳукмлари, ажримлари ва қарорлари, фуқаролик ишлари ва иқтисодий низолар бўйича судларнинг ҳал қилув қарорлари ва ажримлари ижросини қатьий таъминлаш, бу борада давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг масъулиятини янада ошириш белгиланди.
Судьялар ва суд ходимларида юксак муомала маданиятини шакллантириш орқали судга мурожаат қилган ҳар бир фуқаро ва тадбиркорда суддан, пировардида эса давлатдан розилик ҳиссини уйғотиш асосий мақсад қилиб белгиланди.
Шу билан бирга суд тизимини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий тизимлаштириш олиб борилиши кўрсатиб ўтилди. Белгиланган вазифаларнинг асосий мақсади судлар фаолиятида ва суд ишлари кўрилишида адолат ва қонун устуворлигини янада таьминланишига эришиш ҳисобланади. Суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ишларнинг асосий мақсади фуқаролирнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилишни кучайтириш ва одил судлов самарадорлигини оширишни таьминлаш ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган мазкур чора тадбирларнинг амалга оширилиши фуқароларнинг ва юридик шахслар ҳуқуқлари ҳамда уларнинг қонуний манфаатлари самарали ҳимоя этилишида муҳим восита бўлиб хизмат қилади ва судлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир бир қанча мақсадлар ва масалаларнинг белгилаб берилиши билан бирга судларга маьсулият билан ёндашишни амалга оширишига хизмат қилади.
Жиноят ишлари бўйича
Олтинсой туман судининг раиси К.Назаров
© Олтинсой тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024