Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Олтинсой тумани ҳокимлиги
Вояга етмаганларнинг жиноий жавобгарлиги
Қонунлар / 2023-04-26

Жиноий-ҳуқуқий ҳамда жиноий-процессуал қонунлар вояга етмаганларга алоҳида ёндашади. Мисол учун, ЖКда вояга етмаганларнинг жиноий жавобгарлигига бағишланган алоҳида VI бўлим мавжуд. Ушбу бўлимнинг 81-90-моддаларида унинг ўзига хос томонлари акс эттирилган. Хусусан, жиноий жазо билан бир қаторда мажбурлов чоралари (88), жиноий жавобгарликдан  ёки жазодан (87, 89-модда) озод этиш имкониятлари кўзда тутилади.

ЖПКда вояга етмаганларнинг ишлари бўйича жиноий ишларни юритиш махсус 60 боб сифатида ажратилган. Унинг хусусиятлари ана шундай шахсларни айблаш бўйича жиноят ишларини юритиш тартиби, умум қабул қилинган исботланиши талаб этилган ҳолатлардан ташқари аниқланиши керак бўлган қўшимча шарт-шароитлар, вояга етмаганлар ишларининг алоҳида кўрилиши, сўроқда педагог иштирок этиши, судда жиноят ишини кўриб чиқишнинг ўзига хослиги ва бошқа масалаларга оиддир.

Қонунларда вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятларга алоҳида эътибор берилганлиги болаликни ҳимоя қилиш ҳақидаги конституциявий қоидаларни, шу билан  бирга халқаро-ҳуқуқий аҳамиятга молик, хусусан БМТ Бош Ассамблеяси 1989 йил 20 ноябрида қабул қилган Бола ҳуқуқлари ҳақидаги Конвенциянинг тегишли низомларини акс эттиради.

Вояга етмаганлар жиноятларини тергов қилиш методикаси дастлабки терговнинг умумий мақсадлари ва тамойилларига таянади ва айни вақтда вояга етмаганлар шахсига боғлиқ қатор хусусиятларни ҳам акс эттиради. Ушбу хусусиятлар улар томонидан ҳуқуққа қарши ҳаракат содир этилганда ва дастлабки тергов вақтида шаклланган тушунча ва мулоҳазаларга асосланган ўсмир ҳулқида намоён бўлади.

Руҳий-педагогик адабиётларда 14-17 ёшлар ўсмирлик ёки йигитликнинг бошланғич даври деб аталади. Биологик жиҳатдан ўсмирлик жисмоний ривожланишнинг якуний даври бўлади. Мазкур тоифага оид шахсларнинг ижтимоий аҳволи турлича бўлиб, улар орасида талабалар, ишчилар ва ишламайдиганлар бор. Шу билан бирга улар ҳулқи ва ҳаракатлари онгли-иродали кўринишга эга ва бу ўз ўрнида 16 ёшдан умумий жиноий жавобгарлик, 14 ёшдан бошлаб эса қасддан одам ўлдириш, ўғрилаш, зўрлаш, жинсий кўринишдаги зўрлик ишлатиш, ўғрилик, босқинчилик, товламачилик, талончилик, транспорт воситасини олиб қочиш, мол-мулкни қасддан йўқ қилиш ёки унга зарар етказиш ўқотар қурол, ўқ-дори, портловчи моддалар ва портлатиш мосламаларини, шунингдек, наркотик моддалар ёки психотроп воситаларни, радиоактив материалларни қонунга ҳилоф равишда эгаллаш, темир йўл, ҳаво, денгиз, дарё транспорт воситалари ёки алоқа йўлларини яроқсиз ҳолга келтирганлик, озодликдан маҳрум қилиш жойларидаги айрим жиноятлар учун, 13 ёшдан эса айбини оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш учун жавобгарлик даври бошланишини белгилаб беради (ЖК 17-моддаси).

Криминалистикага оид адабиётларда вояга етмаган қонунбузарларни, улар орасидаги фарқ бирмунча нисбийлигини қайд этган ҳолда, тўрт гуруҳга ажратиб таснифлаш қабул қилинган.

Биринчи гуруҳга илк бор жиноятга қўл урган шахслар киритилади. Уларнинг жиноятдан аввалги ҳулқи ва маънавий қиёфаси бирмунча ижобий. Одатда бундай ўсмирлар у қадар жиддий бўлмаган жиноятларни мураккаб ёки фавқулодда вазият таъсирида содир этадилар.

Иккинчи гуруҳга киритилган илк марта жиноятга қўл урганларнинг аввалги ҳулқ-атворини бенуқсон деб бўлмайди. Улар спиртли ичимликлар, наркотиклар истеъмол қиладилар, чекадилар ва уйдан қочиб кетиш каби одатларга эгадирлар.

Учинчи гуруҳ - маънавий қарашлари бузуқ ўсмирлар. Улар аввал ҳам турли қонунбузарликлар содир этиб, маъмурий жазога тортилган, махсус мактаб ва касб-ҳунар билим юртларидан йўлланганлардир. Жиноятнинг сабаби ва мақсади уларда онгли равишда, катта ёшли шахс ёки ўзига нисбатан бузуқ тенгдошининг таъсирида шаклланади. Муштлашишларда қатнашиш, безорилик, ожизроқларни тунаш каби кўпгина жиноятларни улар дабдурустдан содир этишади.

Ушбу омиллар кўп жиҳатдан тергов услубиёти хусусиятларини белгилаб беради. Терговчи ўсмир назарида обрў-эътибор қозониб, тақлид учун намуна бўлиб қолиши ўта муҳим. Ўсмирга айб шундай қўйилиши керакки, у йиғилган маълумотлар етарли эканлигига амин бўлсин. Шу билан бирга ўсмирга қўйилаётган айб моҳияти ҳамда у қилган ҳаракатларнинг ижтимоий зарарини, ўзи, қариндошлари, яқинлари ва жабрланувчиларга қандай зарар етказганлигини очиб бериш зарур.

Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судья катта ёрдамчиси М.Йўлдошева

 

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
8 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фикрингиз?
Aъло
100%
Яхши
19%
Қониқарли
0%
Қониқарсиз
11%
Жами: 35 овоз берилди.