Жиноятчиликка қарши курашиш барча даврларда ҳам давлатнинг жиддий ва муҳим масаласи ҳисобланиб келинган. Инсон тинч ва хотиржам яшашни ҳоҳлайди. Тинчлик бўлган жойда барака ва ривожланиш бўлади.
“Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунлар қабул қилинди. Бундан ташқари, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича фаолиятни мувофиқлаштиришнинг таъсирчан тизимини яратиш, қонун бузилишларининг олдини олиш ва уларни бартараф этишнинг замонавий ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий этиш мақсадида Президентимизнинг “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўзининг ҳар бир чиқишларида соҳага масъул бўлган идораларнинг асосий вазифаси жиноятчини топиш ва жазолаш эмас, балки жиноят содир этилишига шароит яратиб берган ҳолатларни аниқлаш, айниқса тизимли муаммолар билан ишлашга алоҳида урғу қаратишни кўп бора таъкидлаб ўтган.
Эътироф этиш керакки, ҳуқуқбузарликларнинг бир қисми тайин бир иш жойига эга бўлмаган шахслар томонидан содир этилмоқда. Бундай шахслар томонидан ҳуқуқбузарлик содир этилишини олдини олишда аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади.
Бу ҳақда гап кетганда, мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳитини юритиш, тадбиркорлар олдида турган муаммоларни бартараф қилиш, уларга кенг имтиёз ва имкониятлар бериш борасида улкан ишлар амалга оширилаётганлигини мисол қилишимиз мумкин. Хусусан, валюта сиёсатининг либераллаштирилиши, маҳсулотларни экспорт қилиш шартлари енгиллаштирилганлиги, тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш тизими такомиллаштирилганлиги ушбу соҳани янада ривожланишига ижобий таъсир кўрсатиши табиий.
Жиноятчиликни олдини олишда маҳалла институти имкониятларидан самарали фойдаланиш зарур ҳисобланади. Шу боис, Республикамизда маҳалла фуқаролар йиғинининг "Маҳалла посбони" жамоатчилик тузилмаси фаолияти йўлга қўйилган. Қолаверса, Президентимиз таъкидлагандек, содир этилган жиноятларни маҳаллада кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилишни профилактик аҳамиятга эга. Негаки, жиноятчиликка қарши курашиш фақат ҳуқуқ тартибот органларининг эмас, балки кенг жамоатчиликнинг вазифаси бўлмоғи зарур.
Ҳаммамизнинг олдимизда турган яна бир муҳим масала бу ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш. Видеоселекторда қайд этилганидек, ёшлар ўртасида жиноят содир этиш жорий йилнинг 10 ойи мобайнида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 14 фоизга, вояга етмаганлар ўртасида жиноят содир этиш эса 17 фоизга камайган. Бироқ, ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг сақланиб турганлиги барчамизни бефарқ қолдирмаслиги лозим.
Чунки, ёшлар бизнинг келажагимиз. Шундан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон ёшлар ўртасида турли хил иллатларни олдини олиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш мақсадида салмоқли ишларни амалга оширилмоқда. Хусусан, мустақиллик қўлга киритилганидан 3 ой ўтмасдан, яъни 1991 йил 20 ноябрда “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. 2016 йилга келиб “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди. Бундан ташқари, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги, “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди, қатор халқаро ҳужжатлар ратификация қилинди.
Парламентнинг ёшлар билан ишлаш борасидаги фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида, яқинда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссияси тузилди ва ўзининг фаолиятини бошлади.
Ёшларнинг, айниқса уюшмаган, иш билан банд бўлмаган, тайин бир машғулотга эга бўлмаган ёшларнинг касб-ҳунарларни пухта эгаллаши учун муносиб шароитлар яратишга, бандлигини таъминлашга, ишбилармонлик кўникмаларини ривожлантиришга, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этишга кўмаклашиш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича самарали механизмларни жорий этиш бўйича таклифлар киритиш ушбу комиссиянинг асосий вазифаларидан бири қилиб белгиланди.
Ўйлаймизки, ушбу комиссия ҳам Муҳтарам Президентимиз
Шавкат Мирзиёев томонидан ёшлар, айниқса вояга етмаганлар томонидан турли жиноят, ҳуқуқбузарликлар содир этилишини олдини олиш, бир сўз билан айганда ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини таъминлаш борасида бизнинг олдимизга қўяётган вазифаларни бажаришга ўзининг ҳиссасини қўшади.
Ҳуқуқузарликларнинг олдини олиш, унга қарши курашиш ҳақида гапирганда ушбу соҳа вакилларини ижтимоий ҳимоясига алоҳида аҳамият қаратилаётганлиги ҳам эътиборлидир.
Хусусан, ўтган йилда қабул қилинган “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонунда ички ишлар органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш соғлиғини сақлаш, меҳнатига ҳақ тўлаш, уй-жой билан таъминлаш, мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш, хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида транспорт воситаларидан имтиёзли фойдаланиш, давлат пенсия таъминоти, давлат суғуртаси, ижтимоий ёрдам кўрсатиш шакллари орқали таъминланиши белгилаб қўйилди.
Мамлакатимизда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар халқимизнинг тинч ва осойишталигини таъминлашга хизмат қилади.
Жиноят ишлари бўйича Олтинсой туман судининг архивариуси Я.Рустамов
© Олтинсой тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024