Жазони индивидуаллаштириш энг аввало ҳукм чиқариш вақтида енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни этиборга олиш орқали амалга оширилади ва бу ҳолатларнинг қонунда мустаҳкамлаб қуйилганлиги унинг қанчалик муҳимлигини кўрсатади. Жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар Ў.Р.ЖКнинг 56-моддасида кўрсатиб ўтилган бўлиб, улар қуйидагилардан иборат:
а) ҳомиладорлиги айбдорга аён бўлган аёлга нисбатан;
б) ёш бола, қария ёки ожиз аҳволдаги шахсга нисбатан;
в) хизмат вазифаси ёки фукаролик бурчини бажарганлиги муносабати билан шахсга ёки унинг яқин қариндошларига нисбатан;
г) айбдорга моддий томондан, хизмат жиҳатидан ёки бошқа жиҳатдан қарам шахсга нисбатан;
д) ўта шафқатсизлик билан;
е) кўпчилик учун хавфли бўлган усулда;
ж) ёш бола ёки руҳий касаллиги айбдорга аён бўлган шахсдан фойдаланган ҳолда;
з) жиноят натижасида оғир оқибатларнинг келиб чиққанлиги;
и) умумий офат шароитидан фойдаланган ҳолда ёки фавқулодда ҳолат вақтида ёхуд оммавий тартибсизликлар жараёнида;
к) ғаразли ёки бошқача паст ниятларда;
л) ирқий ёки миллий душманлик ёхуд адоват замирида;
м) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктирган ҳолда ёки уюшган гуруҳ ёхуд жиноий уюшма томонидан;
н) илгари ҳам қасддан жиноят содир этган шахснинг такроран ёки қасддан янги жиноят содир этиши;
о) мастлик ҳолатида ёки гиёҳвандлик воситалари; психотроп ёхуд кишининг ақл-идрокига таъсир қилувчи бошқа моддалар таъсири остида жиноят содир этиш.
Юқорида берилган оғирлаштирувчи ҳолатлар рўйхати қатъий бўлиб, бошқа ҳолатларни оғирлаштирувчи ҳолат деб ҳисобланиши мумкин эмас. Жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар мазмунини қисқача ёритиб ўтсак.
Айбдорга ҳомиладорлиги илгаридан аён бўлган аёлга нисбатан содир этилган жиноят ЖКнинг 56-моддасида келтирилган ҳолатлар рўйхатига киритилган. Ҳомиладор аёлга тажовуз қилган шахс айни вақтда ҳомиланинг нормал ривожланишига ҳам тажовуз қилган бўлади. Ҳомиладор аёлни ташқи салбий таъсир билан мувозанат ҳолатидан чиқариш фақат аёлга эмас, ҳомилага ҳам зарар етказади. Бу эса тажовузнинг ижтимоий хавфлилик даражасини икки маротаба оширади, яъни айбдорнинг жавобгарлигини оғирлаштиради.
Ёш бола, кекса, қария ёки ожиз аҳволдаги шахсга нисбатан содир этилган жиноят учун оғирлаштирувчи ҳолатлар, яъни ёш болалар деб, ўн тўрт ёшгача бўлган болалар ва ўсмирларни ҳисобаш лозим. Қариялар деганда эса пенсия ёшига етганлар тушунилади. Ожиз аҳволдаги шахслар деганда ёши катталиги, касаллиги, жисмоний камчилиги ва бошқа омиллар туфайли жиноятчига қаршилик кўрсата олмайдиган кишиларни (масалан: ухлаб ётган шахсни) тушуниш керак.
Хизмат вазифаси ёки фуқаролик бурчларини бажаришлари муносабати билан шахсга ёки унинг яқин қариндошларига нисбатан содир этилган жиноят ЖКнинг 56-моддаси 1-қисмининг «в» бандида жазони оғирлаштирувчи ҳолат сифатида назарда тутилган.
Ўз хизмат бурчини бажариш деганда, ҳар қандай шахснинг ўз хизмат бурчи доирасидаги вазифасини ҳуқуққа мувофиқ равишда амалга ошириши, жамоатчилик бурчи деганда эса фуқаронинг ўзига юкланган ижтимоий бурчларини, шунингдек, унинг жамият ёки айрим шахслар манфаатлари, яъни мазкур шахсни ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш, содир этилган ёки содир этилаётган жиноятлар тўғрисида хокимият идораларига хабар бериш каби ижтимоий бурчни бажариши тушунилади.
Шахснинг яқин қариндошлари деганда ота-оналар, опа-сингиллар, эр-хотинлар, болалар, жумладан фарзандликка олинганлар, набиралар, шунингдек, эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари,
опа-сингилларини тушуниш лозим.
ЖКнинг 56-моддаси 1-қисмининг «г» бандида кўрсатилган жиноятлар, яъни айбдорга моддий томондан, хизмат жиҳатидан ёки бошқа жиҳатдан қарам шахсга нисбатан содир этилган жиноятлар ҳам жазони оғирлаштирувчи ҳолат эканлиги назарда тутилган.
Башарти, жабрланувчи хақиқатдан ҳам айбдорнинг қарамоғида бўлганда ёки унинг кўрсатадиган моддий ёрдами жабрланувчи учун бирдан-бир тирикчилик манбаи бўлган ҳолатларда моддий қарамлик мавжуддир. Никоҳ муносабатлари ҳам бундай боғлиқликни вужудга келтиради. Жабрланувчининг моддий қарамлиги шахснинг мажбуриятлари (масалан, ўгай қизга тўланадиган алимент) ёки эр ва хотин ўртасида юзага келган мураккаб муносабатлар (масалан, бошқа шаҳар ёки қишлоқдан шаҳарга ўқиш учун келган қариндошни уй-жой ва озиқ-овқат билан таъминлаш) билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Хизмат бўйича айбдорга қарамлик шахснинг хизматга кўра бўйсуниши билан боғлиқ бўлади, шунингдек, бевосита келиб чиқмайдиган, лекин унинг меҳнати ёки ўқуви устидан назорат қилиш вазифалари билан боғлиқ бўлиши мумкин (масалан, илмий раҳбар ва аспирант, тренер ва спортчи ўртасида).
Бошқа турдаги қарамлик деганда, жабрланувчи айбдорнинг
уй-жойида яшашини, ўқувчиларнинг ёки тарбияланувчиларнинг васийлар, тарбиячилар ва хоказоларга боғлиқлигини тушуниш керак.
Бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктирган ҳолда, уюшган гуруҳ ёки жиноий уюшма томонидан жиноят содир этиш ҳам жазони оғирлаштирувчи ҳолатдир. Биргаликда содир этилган жиноят ўта хавфли бўлиб, унда жиноят содир этишни, жиноят излари ва жиноятчини яшириш енгилроқ амалга ошади.
Айниқса, жиноий фаолият уюшганлик хусусиятига эга бўлганида, унинг ижтимоий хавфлилиги янада ортади. Бу ўринда гап гуруҳ хусусида эмас, уюшган гуруҳ тўғрисида боради. Уюшган гуруҳ фақат миқдорий белги билан тавсифланмайди (икки ва ундан ортиқ шахсларнинг мавжудлиги), айни вақтда сифат белгилари билан яъни олдиндан келишиб олиш, жиноятни содир этиш режасини тузиш, уни амалга оширишга тайёргарлик кўриш, гуруҳ иштирокчилари ўртасида мустаҳкам алоқа мавжудлиги билан ҳам изоҳланади.
Ўз навбатида, жиноий уюшманинг хавфлилиги икки ва ундан кўпроқ жиноий гуруҳнинг жиноий фаолият билан шуғулланиш учун бирлашишидан иборатдир. Бундай бирлашиш натижасида уюшган тузилманинг ўта фаоллигига эришилади, бу эса уларни кучайтирибгина қолмай, балки таъсир доирасини ҳам кенгайтиради.
Оғир оқибатларга олиб келган жиноятни содир этиш жазони оғирлаштирувчи ҳолат деб топилади, зеро оқибатнинг хаддан ташқари оғирлиги тажовуз таркиби доирасидан четга чиқади. Масалан, оиланинг ягона боқувчисининг ўлдирилиши унинг моддий аҳволини ўта қийинлаштириб юбориши ва хоказолар.
Суд қонунига мувофиқ жиноятнинг моҳиятига кўра, мастликни жазони оғирлаштирувчи ҳолат деб топмаслиги мумкин, зеро у мазкур масалани ечишда қилмиш ўз табиатига кўра мастлик ёки айбдорнинг ақлий-иродавий фаолиятига таъсир этадиган гихёвандлик воситалари, психотроп ёки бошқа моддалар билан боғланганлигини, шунингдек, шахснинг мазкур ҳолатга тушиш шароитларини батафсил ўрганиши ва уларни инобатга олиши лозим.
Умумий офат шароитидан фойдаланган ҳолда жиноят содир этиш деганда, аксарият кишиларнинг ҳаёт ёки соғлиғига хавф туғдирадиган ёки давлат, жамоат ёхуд хусусий мулкка йирик миқдорда зарар келтирувчи офатлар, масалан, ёнғин, транспорт ҳалокати, сув тошқини ва бошқа ҳолатлар тушунилади. Ушбу вазиятларни оғирлаштирувчи ҳолат сифатида этироф этиш учун айбдор томонидан шу вазиятлардан онгли равишда фойдаланиш мақсади мавжуд бўлиши керак.
Кўпчилик учун хавфли усулда жиноят содир этиш деганда, бир шахсга ёки муайян мол-мулкка қарши қаратилган бўлиб бошқа кишиларга ёки мол-мулкка муайян хавф туғдирадиган усуллар тушунилади. Масалан: сувни заҳарлаш, ёнғин, портлатиш, сув бостириш, одамлар гавжум жойда ўқ отиш, бу ҳолатларда содир этилган қилмиш нафақат жабрланувчига балки бошқа шахсларга ҳам реал хавф туғдиради.
Ўта шафқатсизлик билан жиноят содир этиш бу жиноятнинг субъектини ифодаловчи оғирлаштирувчи ҳолатлардан бири бўлиб, бу жабрланувчига нисбатан жиноий ҳаракатни амалга оширишдан олдин ёки амалга ошириш жараёнида унга нисбатан азоблаш, қийнаш ёки тахқирлаш, хўрлаш ёхуд субектнинг жабрланувчини жуда азоблаб, масалан, жабрланувчининг баданига кўплаб жарохатлар етказиш ёки жуда оғриқ берадиган заҳардан фойдаланиш, тириклайин куйдириш, узоқ вақт овқатсиз қолдириш ва бошқа шунга ўхшаш ҳаракатлар содир этишда намоён бўлади.
Мақолани тайёрлашда интернет манбаларидан фойдаланилди.
Сурхондарё вилоят суди ЖИБ
судлов ҳайъати судья катта ёрдамчиси Ж.Маматалиев
© Олтинсой тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024