Аслида ҳуқуқбузарлик феномени давлат ва ҳуқуқ институтлари пайдо бўлган вақтдаёқ вужудга келган ва ҳар доим улар билан биргаликда мавжуд бўлиб қолади, десак янглишмаган бўламиз. Фақатгина ҳуқуқбузарлик кўлами муайян макон ва замонда ўзи учун яратилган “шарт-шароитларга” боғлиқ равишда юқори ёки паст даражада намоён бўлади. Шу сабабли, ҳуқуқбузарликларга, айниқса, унинг хавфли кўриниши – жиноятчиликка қарши курашиш тарихан ҳар бир жамият ва давлатнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.
Табиийки, кишилик жамияти тарихан ўзгарувчан ҳодиса. Айниқа, охирги юз йилликлар давомида инсоният мисли кўрилмаган даражадаги тезкор тараққиёт ва ривожланиш босқичини бошидан кечирмоқда. Фан-техника тарақиёти, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданияти, турмуш даражаси, меҳнат унумдорлиги ортиб бормоқда. Бироқ, қашшоқлик, саводсизлик ва ишсизлик даражасининг пасайиши кутилганидек ҳуқуқбузарликлар кўламининг камайишига олиб келмади, балки ушбу соҳа вакиллари ҳам тараққиёт ютуқларидан барча қатори фойдалана олишлари маълум бўлди.
Бундан келиб чиқадики, потенциал ҳуқуқбузар – бу ўз муаммоларини, хусусан, моддий бойликларга бўлган эҳтиёжини бошқалар ҳисобига ҳал этишни истайдиган одамгина эмас. Бундай тоифадаги шахслар доирасининг пайдо бўлишига сабаб бўладиган омиллар ҳам, афсуски, жуда кўп.
Ривожланган давлатлар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, жиноят қонунчилигини такомиллаштириб бориш, тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширишда энг янги усул ва воситалардан фойдаланиш жиноятчилик даражасини камайтиришда кутилганидек самара бермаяпти. Деярли барча давлатларнинг жиноят қонунчилигида такроран содир этилган ва рецидив жиноятлар ҳақидаги қоидаларнинг мавжудлиги ва бу турдаги жиноятларнинг тез-тез содир этилаётганлиги жиноят учун берилган жазо ҳуқуқбузарларни ахлоқан қайта тарбиялаш вазифасини жуда қийинчилик бажараётганлигидан далолат беради.
Кўрсатиб ўтилган омиллар бутун дунёда жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги ишларга бўлган ёндашувни тубдан қайта кўриб чиқишни тақозо этди, дейиш мумкин. Бундан кейин жиноятчиликка қарши курашиш фақатгина содир этилган жиноятларни очиш, ҳуқуқбузарларни топиш, қонуний жазо тайинлаш ва уни ижро этишдан иборат бўлиб қолиши мумкин эмас. Ҳатто, содир этилиши режалаштирилаётган ҳуқуқбузарликнинг олди олинганда ҳам бу вазифани бажаришга жуда кеч киришилган деб ҳисоблаш керак бўлади. Шу тариқа дастлаб жиноятчиликка қарши курашиш фаолиятининг кичик элементи сифатида пайдо бўлган ҳуқуқбузарликлар профилактикаси кейинчалик жиноятчиликка қарши курашиш фаолиятидан ҳам юқори турувчи алоҳида ва кенг қамровли фаолият йўналишига айланди.
Ҳуқуқбузарликлар профилактиканинг асосий вазифаси жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, қонунийликни мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш, ўрганиш ва бартараф этиш чора-тадбирларини кўришдан иборат. Шунингдек, турли давлатларда ушбу жараённи ташкил этиш кўламидан келиб чиққан ҳолда мазкур вазифалар янада кенгайтирилган.
АҚШ, Буюк Британия, Германия каби давлатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фақат кенг қамровли фаолият йўналиши сифатида ташкил этилган тақдирдагина яхши самара бериши мумкин. Бу эса, мазкур жараёнда барча даражадаги давлат ва нодавлат тузилмалар ҳамда фуқароларнинг кенг кўламдаги иштирокини талаб этади. Айни пайтда ушбу заруратни тушуниб етган ҳолда мазкур давлатлар аҳолиси ҳам ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда онгли равишда иштирок этиш истагини билдирдилар.
Юқоридаги давлатлар тажрибасини оммалаштирган ҳолда, бугунги кунга келиб Шимолий Америка ва Европадаги бошқа давлатларда, Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо давлатларнинг аксариятида ҳамда Жанубий-шарқий Осиёнинг ривожланаётган давлатларида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни бажаришга киришилди, давлат органлари ва жамоатчиликнинг бу борадаги ҳаракатларини мувофиқлаштириш ва йўналтириш учун махсус қонунлар, давлат дастурлари қабул қилинди.
Аҳолининг жамиятда юз бераётган ҳар бир ҳодисага нисбатан ўзининг фаол муносабатини билдириши, хусусан, ён-атрофдаги хонадонларда юз бераётган нотинчлик, кўчада шубҳали шахслар пайдо бўлганлиги ёки содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарлик ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга дарҳол хабар бериши, шунингдек уй-жой ва автомобилларни қаровсиз қолдирмаслик, жуда кўп миқдордаги нақд пул ёки қимматбаҳо буюмларни банк ва ломбардларда сақлаш одатининг шаклланганлиги ҳам потенциал жабрланувчилар сонининг камайишига хизмат қилмоқда.
Шу ўринда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш бўйича мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровлар ишлар ҳақида алоҳида таъкидлаш жоиз. Бир неча ўн йилликларга қадар қайси жойда одам нима қилишни истаса ва шуни бажара олса, бу ерда демократия бор, деган жуда тор қарашлар илгари сурилган давлатлардан фарқли равишда, бизнинг халқимиз азалдан “Бир болага – етти маҳалла ота-она”, “Касалликни даволагандан уни олдини олган афзал” каби нақлларга амал қилиб яшайди. Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш, ён атрофдаги одамларга нисбатан меҳр-оқибатли бўлиш, озгина бўлса-да номақбул иш қилишдан уялиш ҳисси оилада фарзанд тарбиясининг асосини ташкил қилиб келади.
Қонунда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда ички ишлар, прокуратура, Миллий хавфсизлик хизмати, адлия, давлат божхона хизмати, давлат солиқ хизмати органлари каби ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан бир қаторда, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш органлари, таълимни давлат томонидан бошқариш органлари ва таълим муассасалари, давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг ҳам ҳуқуқбузарликлар профилактикасидаги фаол иштироки назарда тутилган. Бу эса, ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш нафақат давлат органларининг, балки шу жамиятнинг аъзоси ҳисобланган ҳар бир инсоннинг вазифасидир. Энг аввало, ўзимиз, оила аъзоларимиз ва жамият олдидаги масълулиятни доимо ҳис қилиб яшаш, атрофдаги ҳодисаларга бепарволик билан муносабатда бўлмаслик, тинч ва осуда ҳаётимизнинг қадрига етиб яшаш барчамизнинг кундалик ҳаёт тарзимизга айланиши зарур.
Жиноят ишлари бўйича
Олтинсой туман судининг девонхона мудири Қ.Зубайдуллаев
© Олтинсой тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024