Ҳаммамизга маълумки, жорий йилнинг июль ойида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов ўтказилади. Шу муносабат билан, барчамиз Конституциямизда белгиланган ҳуқуқимиздан фойдаланган ҳолда давлатимиз келажаги учун ушбу сайловда фаол қатнашиб, ўз овозимизни беришимиз фуқаролик бурчимиздир.
Сайлов тизими ҳақида янги таҳрирдаги Конституциямизнинг
22-бобидаги 128-129-моддаларида батафсил кўрсатилган.
Сайлов бу - шахсни депутатликка, бирор ташкилот аъзолигига ёхуд мансабга очиқ ёки ёпиқ шаклда овоз бериш йўли билан сайлаш.
Кишиларнинг бирлашмаси - жамият деб номланади. Жамият бўлиб яшаш одамларга кўплаб қулайликлар келтиради. Зеро жамиятда одамлар бирлашиб ўз ҳаётий муаммоларини ҳал қилишади. Жамият қанчалик жипс бўлса, шунчалик муваффақиятли бўлади. Тарқоқ бўлса – муваффақиятсиз. Жамиятни ҳақиқий жамият қилувчи омиллардан бири – ҳаётий қарорларни кўпчилик бўлиб қабул қилишдир. Бунинг яхши тарафи шундаки, қарорлар қабул қилишда якка шахслар ёхуд жамиятнинг баъзи гуруҳлари эмас, балки ҳамма бевосита ёки билвосита иштирок этади.
Кўпчиликнинг ақлий салоҳияти ишга солинади. Бу нарсани рўёбга чиқариш воситаларидан бири – сайловдир. Бунда кишилар ичларидан энг салоҳиятлиларини сайлаб олишади ва уларга қарорлар қабул қилишни ишониб топшириб, улардан кенгаш тузишади. Аммо иш шу билан тугамайди – сайлаганлар сайланганлардан мудом қабул қилинган қарорлардан ҳисобот сўраб туришади, фаолиятларини кузатиб боришади. Шу тарзда баъзиларгина эмас, балки ҳамма жамият ишларида, қарорларни қабул қилишда иштирок этади ва шу тарзда барчанинг манфаати инобатга олинади.
Демак, сайлов – муҳим ва керакли нарса, Сайловнинг асосий жиҳати деб омма ичидаги салоҳиятли, жонкуяр кишиларни сайлаб олиш деб айтдик. Агарда бу юз бермаса, яъни салоҳиятли кишилар эмас, балки баъзи гуруҳларнинг бошқаларга босим ўтказиши ёки бошқа ҳаракатлар натижасида нолойиқ кишилар сайланиб олинса, унда сайлов ўзининг ҳақиқий маъносини йўқотиб қўяди. Бу эса одамларда жамият ишларига дахлдорлик ҳисси пасайиб кетади, дегани. Чунки, бунда ҳаётий муаммолар энди кўпчилик бўлиб ҳал қилинмайди, қарорлар кўпчилик бўлиб қабул қилинмайди. Бу энди жамият эмас, балки шунчаки одамлар тўплами бўлиб, бу ҳолда муваффақият қозонилмайди. Фуқаролар эса муаммолар ичида яшаб, уларни ҳал қила олишмайди. Бунда давлат бойликларга ҳамма эмас, балки баъзи гуруҳлар эга чиқади, кўпчилик эса қашшоқ ҳолатда яшайди. Шунинг учун ҳам сайлов ҳақиқий сайлов бўлиши ҳар бир юрт учун муҳим аҳамият касб этади. Бунда сайловчиларнинг фаол, салоҳиятли, ишончли кишини сайлашга интилишлари муҳимдир, зеро сайловчиларнинг фаолсизлиги жамиятнинг фақат баъзи гуруҳларигина ўзлари хоҳлаган одамларни сайлаб олиши ва бошқаларнинг манфаатларини чеккага суриб қўйишига олиб боради. Бундай бўлмаслиги учун ҳар бир сайловчи сайловчилик масъулиятини ҳис этмоғи ва сайлов нималигини билиши лозим. Сайловларга бефарқлик, кимни сайлаётганини билмаслик, номзодларни саволлар билан тергамаслик – булар жамият учун оғир оқибатлар келтириши мумкин.
2023 йил 7 июнь куни Ўзбекистон Президентлигига сайлов олди ташвиқотлари бошланиб, Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловда кўрсатилган номзодлар рўйхатга олинди. Бунда:
-Халқ демократик партиясидан - Улуғбек Иноятовни;
-Либерал-демократик партиясидан - Шавкат Мирзиёевни;
-“Адолат” социал-демократик партиясидан - Робахон Маҳмудовани;
-Экологик партиясидан - Абдушукур Ҳамзаевни, Ўзбекистон Президентлигига номзод этиб рўйхатга олиш тўғрисидаги Марказий сайлов комиссиясининг қарори қабул қилинди.
Шунингдек, фуқароларимиз 2023 йилнинг 28 июнидан то 5 июлига қадар Ўзбекистон Президентлигига муддатидан илгари овоз беришлари белгиланди.
2023 йил 9 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов куни деб расман эълон қилинди.
Мақолани тайёрлашда интернет манбаларидан фойдаланилди.
Сурхондарё вилоят суди
судья катта ёрдамчиси Ж.Маматалиев
© Олтинсой тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024