Бугунги кунда Ер сайёрасида тўққиз миллиард атрофида одам яшаётган бўлса, табиийки, уларга ҳавола этилаётган ахборот ундан-да кўпроқ. Масаланинг шу томони ҳам борки, мазкур ахборотдан қайси бири холис, қайси бири кимнинг ва ниманинг манфаатлари учун хизмат қилишини англаш бир қадар мушкул.
Демак, ахборот тарқатиш, олиш ортида стратегия турган экан, уни ҳимоя қилиш, турли маълумотлар таъсири ва хуружларига қарши тура олишнинг ҳам аҳамияти айни пайтда жуда муҳимдир.
Бутун дунёда ахборот хавфсизлиги масаласига долзарб вазифа сифатида қараляпти. Жумладан, мамлакатимизда ҳам ахборот хавфсизлигини таъминлаш, унинг ҳуқуқий базасини яратиш борасида қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Ахборот хуружлари орасида “кибержиноят” тушунчаси мавжуд. Жаҳонда содир этилаётган жиноятлар ичида кибержиноятчилик тўртинчи поғонада туради. У инсонлар томонидан бойлик орттириш ёки бошқа ғаразли мақсадларда ахборот технологияларидан ноқонуний фойдаланган ҳолда содир этилган хавфли жиноят саналади. Унинг юзага келишига глобал интернет тармоғининг пайдо бўлиши сабаб бўлган. Содда қилиб айтганда, бу турдаги жиноятни компьютер қаршисида ўтириб, минглаб километр узоқликдаги минтақада жойлашган бирор ташкилотнинг маблағини ўмариш орқали содир этиш мумкин.
Кибержиноятнинг асосий турларига вируслар ёрдамида зарар етказувчи дастурларни тарқатиш, паролларни бузиб кириш, кредит карта ва бошқа банк реквизитларидаги рақамларни ўғирлаш, шунингдек, интернет орқали қонунга зид ахборотларни тарқатиш кабилар киради.
Ҳозирда жаҳондаги турли давлатларнинг энг муҳим инфратузилмалар ҳамда ахборот тизимларига кибер-ҳужумлар тез-тез уюштириляпти. Мисол учун, Россия Федерацияси ахборот агентликларининг таҳлилига кўра, 2015 йилда мамлакатда 30 мингга яқин ахборот технологиялари соҳасида содир этилган компьютер жинояти қайд қилинган. Мазкур жиноятлар замирида моддий манфаат бўлгани табиий, албатта.
Ҳа, ўзгалар мол-мулкини интернет ёки компьютер воситалари орқали талон-торож қилиш жаҳонда шиддат билан ўсиб бораётган ва чегара билмайдиган жиноят экани билан ҳам хавфлидир.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, тобора кучайиб бораётган глобаллашув жараёнида ахборот хуружлари ва кибертаҳдидлардан ҳимояланиш, ўз навбатида, уларга қарши курашиш учун ҳар бир киши ҳушёр ва огоҳ бўлиши, ахборотни таҳлил қила билиши лозимлигини даврнинг ўзи талаб этяпти. Шундай экан, огоҳлик кундалик шиоримизга айлансин.
© Олтинсой тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024
1 изоҳ