Қонун фақат уни ҳуқуқий жиҳатдан бевосита татбиқ этувчиларгагина эмас, шу билан бирга, мамлакатимиз аҳолисига ҳам тушунарли бўлиб, улар томонидан идрок этилсагина, жамият ҳаётининг барча соҳаларидаги ўзаро ҳуқуқий муносабатларнинг кенг амалиётига кириб борсагина самарали бўлади. Шу билан бирга, тажрибаларнинг кўрсатишича, янги қонунни оммавий равишда эгаллаш учун муайян вақт талаб қилинади. Мамлакатимизда рўй бераётган ўзгаришлар жамият ҳуқуқий онгининг мукаммал даражада бўлишини талаб қилмоқда.
Ҳуқуқий онг — бу шахснинг онгига, жамият ғояларига сингиб борувчи ҳуқуқдир. Ҳуқуққа ва қонунийликка нисбатан маънавиятнинг эътиқод, тасаввурлар, баҳолар, ҳис-туйғулар ва бошқа таркибий қисмлари тизими ҳисобланади. У давлат ва жамият томонидан тартибга солувчи таъсир кўрсатишга энг кам даражада дучор бўлади. Янги қонунни тезлик билан қабул қилиш, давлат органини ташкил этиш мумкин, лекин инсоннинг ҳуқуқий онгини тезда ўзгартириб бўлмайди.
Ўзбекистон Республикасида 1994 йил қабул қилиниб, 1995 йилдан кучга кирган “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс” ҳам жамиятнинг ҳуқуқий онгини, уларнинг қонунларга риоя қилишга хизмат қилиб келмоқда.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик иборасига тўхталадиган бўлсак. Аввало, қонунчиликка биноан маъмурий жавобгарликка тортиш назарда тутилган, шахсга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, мулкчиликка, давлат ва жамоат тартибига, табиий муҳитга тажовуз қилувчи ғайриҳуқуқий, айбли (қасддан ёки эҳтиётсизлик орқасида) содир этилган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик маъмурий ҳуқуқбузарлик деб тушунилади.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларнинг жавобгарлиги “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс”да белгиланган бўлиб, унга кўра, жарима, маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган ёки бевосита шундай нарса бўлган ашёни ҳақини тўлаш шарти билан олиб қўйиш, маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган ёки бевосита шундай нарса бўлган ашёни мусодара қилиш, муайян шахсни унга берилган махсус ҳуқуқдан (транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан, ов қилиш ҳуқуқидан) маҳрум этиш, ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий равишда жалб этиш, маъмурий қамоққа олиш, чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юбориш каби маъмурий жазо турлари мавжуд.
Маъмурий жазо шахсга нисбатан қўлланилганда, аввало, унинг мақсади маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсни қонунларга риоя этиш ва уларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш, шунингдек ана шу ҳуқуқбузарнинг ўзи томонидан ҳам, бошқа шахслар томонидан ҳам янги ҳуқуқбузарлик содир этилишининг олдини олиш учун қўлланилишини билишимиз керак.
Бундан ташқари, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларнинг жавобгарлиги доирасида уларга нисбатан мажбурлов чоралари ҳам қўлланилади.
Хусусан, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузишга оид ҳуқуқбузарлик содир этган шахсга нисбатан тегишли тиббий асослар мавжуд бўлган тақдирда давлат санитария назорати органлари томонидан карантинда сақлаш ёки даволаниш тарзидаги тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилади.
Ушбу тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси ўттиз суткагача бўлган муддатда маъмурий жазо тайинлаш билан бирга қўлланилади ҳамда давлат санитария назорати органлари томонидан белгиланган жойларда ижро этилади.
Бундан ташқари, тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасининг ижроси давлат санитария назорати, ички ишлар ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси органлари томонидан таъминланиши белгилаб ўтилган.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс қонунда белгиланган тартибларда юқорида кўрсатиб ўтилган ҳолатлар бўйича жавобгарликка тортилади. Ушбу ҳуқуқбузарликлар ўзининг кам аҳамиятлиги жиҳатидан жиноий жавобгарликдан фарқ қилади.
Сурхондарё вилоят суди
жиноят ишлари бўйича
судлов ҳайъати
судья катта ёрдамчиси Б.Б.Нормуродов
© Олтинсой тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024