Гиёҳвандликка қарши курашиш, уларнинг зарарли оқибатларидан кишиларни хабардор қилиш, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш доимий ва муҳим фаолият турларидан биридир.
Чунки аср вабоси – гиёвандликка чалинган кимсалар оиласининг тинчи бузилаётгани, фарзандларининг қаровсиз қолаётгани, ўзлари эса саломатлигини йўқотиб, бевақт ўлим топаётгани ҳеч кимга сир эмас.
Одатда, наркотик моддаларнинг салбий таъсири турли аъзоларнинг шикастланиши, ҳаёт учун муҳим функционал тизимларнинг издан чиқиши, хасталикнинг психик ва физиологик аломатлари ривожида кўринади. Наркотик модда истеъмол қилаётган шахс аста-секин психик жараёнлар фаоллигини оширувчи воситаларсиз хиссий идрок этиш лаёқатини йўқотади. Ачинарлиси, ҳаёт лаззатини гиёҳванд моддаларсиз тасаввур эта олмай қолади. Бу эса гиёҳвандликка чалинган шахсларни жиноят кўчасига бошлайди.
Тиббиёт қўлланмаларида келтирилишича, қорадори инсон организмига киргач, ичакларга сурилиб, қориндаги қон айланиш йўли билан жигарга етиб боради. Натижада жигар хужайралари таъсирланиб, цирроз касаллигини келтириб чиқаради. Қорадори қайта-қайта истеъмол қилиниши оқибатида жигар циррози кучайиб боради. Жигар кичрайиб, қотиб қолгач, фаолияти сусаяди. Унинг хужайралари атрофида ёғлар чўкиб қолади. Гиёҳванд моддаларнинг оқсиллари халақит бергани учун йиғилиб қолган зарарли моддалар қон айланиши билан марказий асаб тизимига қадар етиб боради. Асаб хужайралари ишдан чиқиб, яроқсиз ҳолатга келгач, беморнинг кўриш, эшитиш, ҳид билиш, фикр юритиш, иссиқ-совуқни, қаттиқ-юмшоқни, ширин-аччиқни сезиш қобилияти йўқолади.
Инсон учун энг бебаҳо бойлик – бу соғлик-саломатликдир. Уни асраш эса ҳар биримизга омонат қилиб берилган. Ислом динида ҳам инсон жони, ақли ва сиҳат-саломатлигини сақлаш, муҳофаза этиш энг муҳим мақсадлардан бўлиб ҳисобланади. Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш инсон камолотига, имон-эътиқодига хавф хатар солиш билан бир қаторда мустақил мамлакатимиз ривожланиши ва тараққиётига ҳам ўта салбий таъсир кўрсатади.
Инсоннинг эътиқоди кучли, мустаҳкам бўлиши билан бирга тани, жисми ҳам соғ, чиниққан, ҳар қандай қийинчилик ва машаққатларга бардош бера оладиган бўлмоғи лозим. Бу ҳақда Ҳазрати жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар:
“Кучли, бақувват мўмин киши Аллоҳ наздида кучсиз мўминдан кўра яхшироқ ва севимлироқдир”. Демак, инсон Аллоҳга маҳбуб бўлиш йўлида сиҳат-саломатлиги ва соғлиғига катта аҳамият бериши ва уни барча зарарли нарсалардан, хусусан гиёҳвандлик, бангилик каби иллатлардан сақламоғи вожибдир. Зеро, Аллоҳ таоло бизларга Ўзининг покиза неъматларини инъом қилиб, ўша покиза неъматлардангина истеъмол қилишга буюрган: “Эй инсонлар! Ердаги нарсалардан покиза ҳалол ҳолатда енглар! Ва Шайтоннинг изларига эргашманглар! Албатта, у сизларга очиқ душмандир”. (Бақара сураси 168-оят)
Шунинг учун оилада, ёшларнинг тарбиясида ҳамма вақт уларни қаерда ва кимлар билан биргаликда бўлишлари, нима иш билан машғул эканлари, қандай ўртоқлари борлигини назорат қилиш жуда муҳимдир.
Инсон ҳаёти, ёш авлод келажагига раҳна солиши мумкин бўлган гиёҳвандлик-бангиликка қарши курашиш мустақил юртимизнинг ҳар бир фуқароси, қолаверса, ҳар биримизнинг муҳим вазифаларимиздан бўлиб ҳисобланади. Зеро, жамият ҳаётидаги мавжуд ҳар қандай зарарли иллатни йўқ қилиш ва унинг олдини олиш ҳар биримизнинг вазифамиз, шарафли бурчимиздир.
Сурхондарё вилоят суди девонхона катта консультанти Маматқориев Муминжон Мамашариб ўғли
© Олтинсой тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024