Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Олтинсой тумани ҳокимлиги
Одам савдоси-давр муаммоси
Қонунлар / 2023-08-24

Инсоният тараққиётининг жиддий муаммосига айланган одам савдосига қарши кураш барчанинг эътиборида қолмоқда.

Жиноятчиликнинг бу мудҳиш турига қарши курашиш ва унинг олдини олиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бир қатор тавсиявий ва мажбурий характерга эга бўлган ҳужжатлари қабул қилинган.

Хусусан, "Одам савдосига ва учинчи шахслар томонидан танфурушликдан фойдаланишга қарши кураш тўғрисида"ги Конвенция (1949 йил), "Қуллик ва қул савдосини, қулликка ўхшаш институтлар ва одатларни бекор қилиш тўғрисида"ги қўшимча Конвенция (1956 йил), "Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш ҳақида"ги Конвенцияни тўлдирувчи "Одамлар, айниқса, аёллар ва болалар савдосини тўхтатиш, олдини олиш ва унинг учун жазо тўғрисида"ги баённома (2000 йил) шу тоифадаги ҳалқаро ҳуқуқий ҳужжатлар хисобланади.

Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш масалаларига оид миллий қонунчилигимизда ҳам ўзгаришлар бўлмоқда. Хусусан, 2019-2020 йилларда мазкур йўналишлардаги фаолиятни тартибга солиш мақсадида 20 дан ортиқ  норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Бундан ташқари, ХМТ ва Халқаро миграция ташкилотининг 6 та Конвенция ҳамда протоколлари ратификация қилинди. Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўйилганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Жиноят кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Шу билан бирга, халқаро тажрибаларни ҳисобга олган ҳолда «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида"ги қонуни янги таҳрирда қабул қилинди.

БМТнинг статистик маълумотларига кўра, одамлар камида 127 мамлакатдан сотувга чиқмоқда ва улар 137 давлатда эксплуатация қилинмоқда. Ҳар йили турли ҳисоб-китобларга кўра, 20-40 миллион киши қулдорликнинг замонавий шакли қурбонига айланяпти.

Мазкур муаммонинг аниқ кўламини билиш жуда ҳам қийин, зеро, жиноий фаолият яширин содир этилади. Аниқ статистика мавжуд эмас, буни юритиб ҳам бўлмайди. Халқаро даражада одам савдоси қурбонларининг атиги 0,04 фоизигина аниқланган.

Афсуски, дунё бўйлаб шунча кенг қамровли амалиёт, тегишли тарғибот-ташвиқот олиб борилишига қарамай, ҳар йили миллионлаб инсонлар "замонавий қуллик", яъни одам савдоси қурбонига айланмоқда. Улар орасида аёллар, қизлар, кексалар, ҳатто ёш болалар ҳам борлиги жудаям ачинарли. Ушбу жиноятнинг ривожланишига туртки бўлаётган асосий омиллардан бири одамларнинг чет элга бориш ва ишга жойлашиш ҳақида етарли маълумотга эга эмаслигидир. Ачинарлиси, ўзга давлат, бегона бир муҳитга тушиб қолганлар мўмай даромад илинжида оғир жисмоний меҳнатга ёлланмоқда, аёллар эса тубан ва фаҳш ишларга мажбур этилмоқда.

Мажбурий меҳнатга жалб қилинганларнинг асосий қисмини эса эркаклар ташкил қилар экан. Бу кўрсатгич 85,7 фоизни ташкил қилиши одам савдосидан жабр кўрган эркакларнинг аксарияти мажбурий меҳнат орқали амалга оширилишини кўриш мумкин.

Одам аъзоларини сотиш жинояти эса жуда ҳам кўзга ташланмайдиган одам савдосини тури бўлиб, одам савдоси “товарлари” умумий сонининг 1 фоиздан кўп бўлмаган қисмини ташкил қилар экан. Бу турдаги “товарлар”нинг йиллик савдоси 1 млрд. доллардан ортиқ миқдорни ташкил қилиши жиноятнинг мазкур тоифаси ҳам жиддий муаммо эканлигини тасдиқлайди.

Мана шундай ифлос, жирканч жиноят бизнинг мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмаяпти. Афсуски, фуқароларимиз ҳам одам савдоси қурбонларига айланмоқда, буни оммавий ахборот воситалари кўриб, эшитиб турибмиз. Буларнинг барчаси давлатимиз ва жамиятимиз томонидан ушбу иллатга қарши қатъий чоралар кўришни, одам савдосига жалб этилган ва ундан жабр кўрган ҳамюртларимизни муҳофаза этишни долзарб вазифа қилиб қўймоқда.

Ҳуқуқ устувор бўлган давлатимизда инсон ҳуқуқларини, қонунлар ҳимоясини амалга оширувчи органлар борки, бу каби иллатларни фош этишда кечаю-кундуз тинмай ишлашмоқдалар. 

Хулоса қилиб айтганда, одам савдосининг ҳар қандай кўринишига қарши курашиш ҳалқаро даражада жиддий ёндашув ва ўзаро ҳуқуқий ҳамкорлик йўлга қўйилган ҳолда амалга оширилса ўз самарасини беради.

 

 

Сурхондарё вилоят суди девонхона катта консультанти Маматқориев Муминжон Мамашариб ўғли

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
6 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фикрингиз?