Аёллар содир этадиган жиноий хатти-ҳаракатлар эркаклар томонидан содир этиладиган жиноятлардан фарқ қилади. Шу боис аёллар жинояти тарқалишининг миқёси, табиати ва оқибати, содир этиш усули ва жиноят қуролини маълум бир вазиятларда қўлланиши, жиноят содир этилишида иштирок этишдаги ўрни, жиноят қурбонини танлаш, маиший турмуш шароити кабиларга криминологияда алоҳида эътибор қаратилган ҳолда тадқиқот ишлари олиб борилади ва зарур тавсиялар берилади. Аёлларга хос бўлган жиноятлар содир этилишининг сабабларини билиш, аввало, уларнинг ижтимоий тараққиётда тутган ўрни, вазифалари, биологик ва психологик хусусиятларини билишни тақозо этади. Ҳеч шубҳа йўқки, аёлларнинг жамиятда тутган ўрни, турмуш тарзи даврий ўзгаришларга учраб туради. Бу эса, ўз навбатида, уларнинг шахсий сифатларини ҳам ўзгариб туришига таъсир этади. Бинобарин, аёлларга хос бўлган жиноятларнинг содир этилиши ижтимоий ҳаёт таъсирида ҳам шаклан, ҳам мазмунан ўзгариб боради. Ҳозирги кунда аёллар содир этаётган жиноятларга криминология нуқтаи назаридан ёндашилса, уларнинг содир этилишида бир қатор сабаблар мавжудлиги ойдинлашади. Масалан, бугунги кунда аёллар томонидан содир этиладиган ўзгалар мулкини ўғирлаш аёллар содир этаётган умумий жиноятларнинг 19 фоизини ташкил этмоқда. Шунингдек, улар томонидан содир этилган умумий жиноятлар таркибида ўғрилик 8 фоизни, хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш орқали ўзлаштириш 11-13 фоизни, спиртли ичимликларни ғайриқонуний тайёрлаш ва сотиш ҳамда наркотик воситалар билан боғлиқ жиноятлардаги иштирокчилик 3-5 фоизни ташкил этаётганини кўриш мумкин. Аёллар томонидан ўзгалар мулкини талончилик, босқинчилик, фирибгарлик ва кўп миқдорда ўзлаштириш билан боғлиқ жиноятлар нисбатан кам учрайди. Аммо санаб ўтилган жиноятларнинг содир этилишида аёлларнинг иштирок этиши ошганлигини кўриш мумкин. Мулкни талон-торож қилиш кўп ҳолларда уларнинг мулк билан боғлиқ вазифаларни бажаришларида юзага келади. Содир этилишининг ҳудудий миқёси бўйича баҳоланса, шаҳарларда содир этилган барча жиноятларнинг учдан иккисини ташкил этади. Қишлоқ жойларда эса бу кўрсаткич нисбатан кам. Мансабни суиистеъмол қилиш жиноятларининг таҳлилидан маълум бўлади-ки, муқаддам бу йўналишда, айтайлик пора олиш-беришда аёлларнинг иштироки кўп бўлган бўлса, ҳозирда кўпчилик аёллар айнан пора олиш жинояти билан айбланмоқда. Бу аёлларнинг ижтимоий ҳаётдаги фаоллиги оқибатидир. Ҳозирги кунда суд-ҳуқуқ, тергов соҳаларида ҳам аёллар кўпроқ хизмат қилмоқдалар. Нима бўлганда ҳам мансаб билан боғлиқ жиноятларнинг аёллар томонидан содир этилиши сезиларли даражада ошган. Айниқса, бу ҳолат тижорат-банк ишларини ташкил этиш йўналишларида кўпроқ кузатилмоқда. Кейинги йиллар давомида аёллар томонидан ўзгалар мулкини ўғирлаш жиноятлари ошиб бориши кузатилмоқда. Фуқароларнинг шахсий мулклари ҳамда хусусий мулкни ўғирлаш аёллар томонидан содир этилиши ачинарли ҳолдир. Бошқача айтганда ҳар беш жиноятдан бирида аёллар ўғрилик содир этган. Давлат ва жамият мулкига тажовуз қилишда аёллар иштироки турли йилларда
5-8 фоизга ўсган. Айтиб ўтилганидек, ўғрилик жиноятларини аксарияти аёллар томонидан шаҳарларда содир этилган. Яна бир эътиборли томони шундаки, ўғрилик содир этган аёллар (дарбадарларни ҳам ҳисобга олганда) муқаддам судланган шахслардир. Аёлларга кўп ҳолларда темир йўл транспортлари ва уй-жойларда ўғрилик қилиш хосдир. Шу билан бирга, киссавурлик жиноятлари амалга оширилишида аёллар кўпинча иштирокчи сифатида жиноятга қўшиладилар. Кейинги пайтларда аёлларнинг турли уюшган гуруҳлар таркибига кириш ҳоллари ҳам кўплаб кузатилмоқда. Уй-жойларда ўғрилик содир этилишида улар асосан йўналтирувчи, разведка ишларини бажарувчи ва тўғридан-тўғри бажарувчи вазифасини ҳам амалга оширадилар. Аёллар томонидан қасддан ва куч ишлатиш орқали содир этиладиган жиноятлар ҳам ошганлигини таъкидлаш жоиз. Жиноятчи аёллар сафида 1 фоизга яқинлари одам ўлдириш ва суиқасд жиноятларини содир этганлар, яна
1 фоизи тан жароҳати етказиш, 3 фоиз жиноятларда аёллар талончилик, босқинчилик содир этганликлари аниқланган. Агар умумий жиноятлар миқдоридан келиб чиқадиган бўлсак, қотиллик жиноятларининг
7-8 фоизи аёлларга тўғри келади ва ажабланарлиси шундаки, бу кўрсаткичнинг ошмаганлиги ҳамда бир хил турганини кўриш мумкин. Оғир тан жароҳати етказиш 5-7 фоизга, босқинчилик ва талончилик
16-18 фоизга ошган. Жазони ижро этиш муассасаларида жазони ўташ чоғида ҳам аёллар томонидан жиноят содир этилиши учраб туради. Масалан, жиноятларнинг куч ишлатиб содир этилиши ҳар 4 аёлдан бирига тўғри келади. Жиноят қонунчилигида фақат аёлларга хос бўлган, яъни туғилган гўдакни ўлдириш жинояти охирги йилларда ошиб бораётганлигини кузатиш мумкин. Таассуфки, бу жиноятга кўп ҳолларда турмушга чиқмаган аёллар қўл урмоқда, уларнинг аксарияти ўзига тўқ оилаларда учрамоқда. Бу жиноятларнинг рўй беришида эркак айбдор бўлади, бироқ улар билан боғлиқ бу ҳолат кўпинча эътибордан четда қолади. Бундай эркаклар аёлларга хуштор ёки қонунсиз бирга яшаётган шахслар бўлади. Ёш жиҳатидан аёлларнинг кўп жиноят содир этиши асосан ўтиш ёшлиларга 40 фоизи тўғри келади. Бу умумий ҳолат, бироқ бу кўрсаткич бошқа ёшдаги аёллар томонидан содир этиладиган жиноятларнинг ошиши ёки камайиши билан ўзгариб туради. Таъкидлаш жоизки, демографик нуқтаи назардан айнан 30-40 ёшли аёлларнинг кўпчилигида оила тўлиқ ёки қисман (ота-оналардан бирининг ёки болаларнинг йўқлиги) бузилган бўлади. Яна бир жиҳати, ушбу ёшдаги аёлларнинг кўпчилиги ижтимоий фаол ва фойдали меҳнат билан банд бўладилар. Аксарият ҳолларда шу ёшдаги аёллар раҳбарлик ёки бошқа масъулиятли вазифаларни бажарадилар. Шу боис улар ишлаб чиқаришдаги мавжуд муҳитдан жиноий мақсадларда фойдаланиб, мулкни ўзлаштириш ёки мансабини суиистеъмол қилиш жиноятларини содир этадилар. Аксарият аёллар жиноят содир этган вақтларида турмуш қурган ва оилали бўладилар. Жазони ўташ жараёнида кўпчилик аёллар ўз оилаларини сақлаб қолишга ҳаракат қиладилар. Зеро, бунда эркакларга нисбатан аёлларда турли омилларнинг таъсири кўплигини кўриш мумкин. Аёл жиноятчиларнинг шахсига хос бўлган яна бир ҳолат, уларнинг кўпчилиги олий ёки махсус ўқув юртларини тугатган мутахассислардир. Шунинг учун ҳам бу тоифадаги аёлларга, юқорида айтиб ўтилганидек, асосан хўжалик ёки мансаб билан боғлиқ жиноятлар хос. Бироқ 44 фоиз аёллар жиноят содир этиш вақтида муқим касбга эга бўлмаганлар. Бундан уй бекаси бўлган аёллар мустасно эканлигига ҳам эътиборга олиш лозим. Жисмоний ҳолатларига кўра, жиноятчи аёлларнинг саломатликлари ҳам турлича бўлиб, эркакларникидан фарқ қилади. Тадқиқотларимизнинг кўрсатишича, 25 фоиз маҳкума аёлларда турли даражадаги руҳий чекинишлар мавжуд. Бу асосан ичкиликбозлик, гиёҳвандлик, руҳиятнинг бузилиши оқибатидаги хасталик, бош мия жароҳатлари натижасида юзага келган турли руҳий хасталикларнинг натижасидир. Афсуски, бундай аномал (меъёрида бўлмаган) руҳий ҳолатлар вояга етмаган қизларда кўпроқ учрамоқда, шунингдек, уларнинг аксариятида жинсий хасталиклар ҳам қайд этилган. Зотан, ҳар юз нафар маҳкума қизлардан иккитасида захм, сўзак каби оғир юқумли хасталиклар аниқланган. Психология нуқтаи назаридан қаралганда, кўпчилик аёлларда профилактик чора-тадбирларни ўтказишга зид бўлган салбий хислатлар мавжудлиги аниқланмаган. Шунинг учун ҳам эркакларга нисбатан аёллар ўртасида жиноят йўлига кирмасдан аввал зарур профилактика ишларини олиб бориш кутилган натижани бериши мумкин. Бу рецидивист аёлларга тааллуқли эмас, албатта. Бу тоифадаги жиноятчиларга илк профилактик чора-тадбирларни эмас, балки махсус профилактик чора-тадбирларни қўллаш талаб этилади. Маълумки, аёлларга хос бўлган яна бир хусусият ўзлигини намойиш этишдир. Шунинг учун аёллар доимо атрофидагилар уларга баҳо беришларини хуш кўрадилар. Жиноятчи аёллар ҳам бундан мустасно эмас. Ўз шахсиятини устун қўйиш қайсидир даражада ҳар бир шахсга хосдир. Бироқ, ўзбилармонлик ва ўзига бино қўйиш жиноятчи аёлларнинг турмуш тарзига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Жиноятчи аёллар, бошқа аёллар каби қатъий, шу билан бирга, тезда аразлаш, руҳан тушкунликка тушиш хусусиятларига эгадирлар. Бу эса уларнинг жиноят йўлига киришларида муҳим ўрин тутади. Яъни руҳий тушкунликка тушган аёл ҳар қандай ғайриқонуний ишларни амалга оширишга мойил бўлади. Аёлларни тушкунлик ҳолатидан чиқаришга ёрдам берувчи омилларни инобатга олган ҳолда профилактика ишларини олиб бориш ижобий натижаларни бериши мумкин.
Мақолани ёзишда интернет маълумотларидан фойдаланилди.
Жиноят ишлари бўйича судлов
ҳайъати судья катта ёрдамчиси Ж.Маматалиев
© Олтинсой тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024