Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Олтинсой тумани ҳокимлиги
Қасддан баданга оғир ва ўртача оғир шикаст етказиш каби жиноятларни тавсифлаш
Қонунлар / 2023-09-05
Жиноят ҳуқуқи нормаларида қасддан баданга оғир ва ўртача оғир шикаст етказиш каби жиноятларни суд тергови давомида судлар томонидан содир этилган жиноятнинг ўрни, роли, шунингдек, жиноят содир этган шахснинг ички ва ташқи кечинмалари ҳисобга олиниши лозим. Хусусан, қасддан баданга оғир шикаст етказиш турдаги жиноятнинг объекти бошқа шахснинг соғлигини ҳимоя қилиш борасидаги ижтимоий муносабат ҳисобланади. Объектив томондан жиноят ҳуқуққа хилоф равишда бошқа шахс соғлиғига зарар етказишда ифодаланади. Оғир шикаст етказашнинг шартли элементлари қуйидагилар: -шикаст етказилаётган лахзада ҳаёт учун хавфли; -кўриш, нутқ, эшитиш қобилиятини ёки аъзосини йўқотиш ёки бажарадиган вазифасини бутунлай бажара олмай қолиши; -руҳий касалликка чалиниш; -33%дан зиёд умумий меҳнат қобилиятини бутунлай йўқотиш; -баданни тузатиб бўлмайдиган даражада хунуклаштириш ҳисобланади. Бу ҳолатни юқорида юқорида мисол тариқасида кўриб ўтишимиз мумкин. Хусусан, З.Б. 2022 йил 23 май куни соат 20:30ларда Россия Федерацияси Челябинск вилояти, Киштим шаҳри Тайгинка қишлоғида ўзи билан бирга қурилиш ишларида ишлаб келаётган Ангор тумани, “Таллашқон” маҳалласида яшовчи фуқаро Қ.У.С. билан кунлик ишни тақсимлаш масаласида тортишиб, жанжаллашиб қолишган вақтида У.Қ.нинг кўз ва бош соҳасига бир неча маротаба уриб, тепиб, унга оғир тан жароҳати етказган. Республика суд тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Сурхондарё вилоят филиалининг 24.08.2022 йилдаги 1359-сонли хулосасига кўра Қ.У.С.нинг баданида ўнг кўз орбитасини тешиб кирувчи жароҳати, ўнг кўз орбитасида ёт жисм, ўнг кўз пастки қовоқ соҳасида жарроҳлик амалиётидан кейинги чандиқ, ўнг кўз абсцесси, ўнг кўзида ўтиши билан асоратланиши, ўнг кўз кўрув нервининг атрофияси (Vis OD=0 (нол), OS=1,0) каби тан жароҳатлари оғирлик даражаси бўйича битта кўзнинг кўриши ўткирлигининг йўқотилиши умумий меҳнат қобилиятининг турғун йўқотилишига, яъни 35%га олиб келган (кўриш ўткирлиги ўнг кўзда нол), шу мезон асосида оғир тан жароҳати деб баҳоланган. Жиноят ишлари бўйича Ангор туман судининг 2023 йил 9 март кунидаги ҳукми билан судланувчи З.Б.га Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддаси 1-қисми билан 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2023 йил 2 май кунидаги ажрими билан жиноят ишлари бўйича Ангор туман судининг 2023 йил 9 март кунидаги ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган. Қасдддан баданга оғир ва ўртача оғир жиноятларни фарқлашимиз лозим. Хусусан, ўртача оғир шикаст оғир шикастда унинг етказилиши одатда шахс ўлимига олиб келмайди. Бу мазкур тан жароҳатининг биринчи асосий белгиси ҳисобланади. Иккинчидан, ўртача оғир тан жароҳати шахс соғлиғига етарли зарар етказиши мумкин, лекин улар оғир тан жароҳатлар сингари бирон бир аъзодан ажралиш ёки бошқа оқибатларни келтириб чиқармайди. Ўртача оғир тан жароҳатининг асосий белгилари қуйидагилар: 1) етказилаётган пайтда шахс ҳаётига хавфнинг мавжуд эмаслиги. 2) жабрланувчи соғлиғининг узоқ муддатга ёмонлашуви. 3) умумий меҳнат қобилиятининг учдан биридан кам бўлган қисмининг йўқотилиши ҳисобланади. Жиноят ишлари бўйича Шеробод туман судининг 2023 йил 23 март кунидаги ҳукмига кўра, Ш.С. 2022 йил 24 август куни соат 18:00да, Шеробод тумани, “Хўжақия-1” маҳалласида яшовчи қизи С.М.Ш.нинг яшаш уйида бўлган ўғиллари С.Ш.Ш., С.Ж.Ш., С.Ш.Ш., куёви Ж.Б.М. билан бир гуруҳ бўлиб, кўчадан пиёда ўтиб кетаётган ушбу маҳаллада яшовчи Ё.С..М. билан илгаридан давом этиб келаётган низоси туфайли ушлаб олиб, қўл мушти ва оёқлари билан танасининг дуч келган жойларига уриб тан жароҳати етказишган. Вилоят СТЭБнинг 22.09.2022 йилдаги 577-сонли хулосасига кўра, С.Ё.нинг танасида, ўнг томонлама гаймор бўшлиғи олд девори чизиқли синиши, чап тарафлама бўйин чигал соҳаси юмшоқ тўқималари эзилиши, бурун деформацияси, бурундан нафас олиш функцияси бузилиши, бурун тўсиғи S симон қийшайиши, бошнинг пешона соҳаси юмшоқ тўқималари эзилиши, 2-3-4-бел умуртқаларининг чап ён ўсиғи кўндаланг синиши каби тан жароҳатлари оғирлик даражаси бўйича соғлиқнинг узоқ муддатга йўқотилишига олиб келган, яъни 21 кундан кўп бўлган вақтга йўқотилишига олиб келган “ўртача оғир шикастлар” тоифасига кириши аниқланган. Ушбу ҳукм бўйича судланувчиларга қонунда назарда тутилган жазо чоралари қўлланилган. Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, жиноятларнинг қасддан оғир ва ўртача оғир туркумга ажратишда, жиноятнинг мотив ва мақсади, шахснинг жиноят содир этишдаги ўрни, етказилган тан-жароҳатнинг даражаси ва бошқа ҳолатлар билан фарқлаш лозим. Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судья катта ёрдамчиси Б.Б.Нормуродов

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
6 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фикрингиз?
Aъло
100%
Яхши
19%
Қониқарли
0%
Қониқарсиз
11%
Жами: 35 овоз берилди.