Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Олтинсой тумани ҳокимлиги
Аёллар содир этадиган жиноятларнинг олдини олиш
Қонунлар / 2023-09-27

Аёллар содир этадиган жиноятларнинг олдини олиш жиноятчилик тизимига кирувчи бошқа жиноятлардан ажратилган ҳолда амалга оширилиши асло мумкин эмас. Аёллар жиноятчилигининг олдини олишда зарур бўлган шарт-шароит жамият ҳаётидаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш билан ёнма-ён амалга оширилмоғи лозим.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон давлат мустақиллигига эришганидан сўнг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий йўналишлардаги давлат сиёсати мазмун ҳамда моҳиятига кўра тубдан ўзгарди. Давлат сиёсатида бош омил инсон ҳуқуқи ва эркинларини тўлиқ таъминлашга қаратилди. Шу билан боғлиқ ҳолда амалга оширилган суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар ва айниқса, жиноий жазоларни эркинлаштириш, давлатнинг жиноий-ҳуқуқий йўналишдаги сиёсатининг моҳияти ҳам аввало шахс эркинликларини таъминлашга қаратилганлиги билан эътиборга моликдир. Айнан шу сиёсат туфайли айрим тоифадаги жиноятчилар, шу жум­ладан,
хотин-қизларга ҳам жазо тайинлашда бутунлай инсонпарварлик руҳидаги таъсир чораларини белгилаш жорий қилинди. Энг муҳими, бозор муносабатларига таянган ҳолда фуқаролик жамиятига ўтиш биринчи навбатда аёллар ҳуқуқини таъминлаш ва ижтимоий жиҳатдан ролини ошириш янги жамият қуришдаги асосий мақсадлардан бири сифатида белгиланади. Шундан келиб чиққан ҳолда аёллар жиноятчилигининг олдини олишдаги барча профилактика чора-тадбирлари қонунчиликдаги янги талаблар асосида қайта кўриб чиқилмоғи ва илмий-назарий жиҳатдан асослантирилмоғи лозим.

Айтиш мумкинки, аёллар жиноятчилигининг олдини олиш ўзига хос ғоявий ва маънавий аҳамиятга ҳам эга. Аёлларнинг ижтимоий муҳофазасини таъминлаш оилани ҳам маънавий, ҳам моддий жиҳатдан соғломлаштириш ва янги авлодни тарбиялашни талаб даражасида бўлишини таъминлайди.

Аёллар жиноят содир этишининг олдини олиш учун унинг шаклланишига салбий таъсир этувчи омилларни аниқлаш лозим. Бундай омиллар эса асосан маиший турмуш ва ишлаб чиқаришда юзага келади.

Тўғри, жамиятда маълум бир вазифанинг бажарилишини таъминлаш учун унга зарур муҳит яратиш лозим. Шундай экан, аёллар жиноятларига йўл қўймаслик учун ишлаб чиқариш, дам олиш, оилавий йўналишларда учрайдиган муаммоларни ечиш катта аҳамиятга эга. Уларни ечмай туриб аёллар жиноятчилигининг олдини олишда ижобий натижаларга эришиб бўлмайди.

Маълумки, маиший ҳаётда алоҳида эътиборга молик муаммо оилани ҳар томонлама таъминлаш. Айнан оилани мустаҳкамлаш аёллар содир этадиган жуда кўп жиноятларнинг олдини олишдаги биринчи қадамдир. Оилада кўрсатиладиган молиявий ва моддий ёрдамдан ташқари яна бир қатор қулайликлар ҳам яратилиши керак. Жумладан, бола тарбияси учун вақт ажратиш, зарур ҳолларда тиббий, маиший-маданий ва бошқа ёрдамларни кўрсатиш, шунингдек, ёлғиз оналарга ижтимоий имтиёзлар бериш лозим. Зотан мам­лакатимизда кўп болали (уч ва ундан ортиқ) оилалар кўпчиликни ташкил этади. Ҳозирги бозор муносабатлари қонуниятларидан келиб чиққан ҳолда бундай оилаларнинг етарли даромадга эга бўлишини таъминлаш керак. Бу эса оиланинг моддий таъминотини яхшилаш ва айниқса, бола тарбияси учун зарур шароитни юзага келтиради.

Гап оила хусусида борар экан, айнан оилада қиз боланинг тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини эътибордан четда қолдирмаслик керак. Қизларни ёшликдан латофатли, иффатли қилиб тарбиялаш, аёллик хусусиятларини шакллантиришга эришиш даркор. Зотан, эркакларга хос сифатларнинг қиз бола томонидан эгалланиши, уларда раҳмсизлик, шафқатсизлик каби хислатларнинг шаклланишига олиб келади. Қиз болаларнинг назоратсиз, оиладан ташқарида бўлиши, тасодифан кўча боласига айланиши ёки улар сафига қўшилиб қолиши айниқса хавфлидир .

Бу ҳолат криминоген вазиятларнинг авж олишига олиб келади. Айнан шундай ҳолатларда ёш қизларни алоҳида махсус интернат, мактаб ёки бошқа тарбия муассасаларига жойлаштириш, васий тайинлаш ҳамда ўқув юртларига жойлаштириш, зарур ҳолатларда тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадга мувофиқдир.

Таъкидлаш жоизки, бундай ёрдамга жуда кўп ёлғиз қолган қизлар муҳтожлик сезади. Вояга етмаган ва кўча болаларига қўшилиб қолган ёш қизлар бўйича олиб борилган тадқиқотлардан маълум бўлишича, аксарият ёшларда турли руҳий ва жинсий хасталиклар мавжуд. Табиийки, бу хасталикларни тўлиқ даволамай туриб, уларни тўғри йўлга солиш мураккаб кечади.

Вояга етмаганларни тарбиялаш ва уларга зарур шарт-шароит яратиш билан бирга уларнинг фаолиятлари устида қатъий назорат ўрнатиш (ички ишлар органлари, маҳаллий органлар, маориф ва тиббий ходимлар ҳамда жамоатчилик фаоллари томонидан) катта аҳамиятга эга.

Назорат ишлари эса аниқ мақсадларга қаратилиши ва чекловчи ёки тақиқловчи хусусиятларга эга бўлиши ҳамда ёш қизларнинг ижтимоий кўникмалардан четга чиқмаслигини, зарарли мулоқотлардан ҳимоя қилиши, беҳуда вақт ўтказиши кабиларга йўл қўйилмаслигини таъминлаши зарур.

Аёллар жиноятчилигини бартараф этишда фақат уларнинг ижтимоий, иқтисодий муаммоларини ечиш билан чекланмай, эркаклар (айниқса, оилали) орасида ҳам маълум бир тарбиявий ишларни олиб бориш лозим. Эркакларнинг ва умуман аҳолининг моддий таъминотини ошириш, ўз навбатида, аёлларнинг турмуш тарзидаги айрим салбий иллатларнинг олдини олишга ёрдам беради. Яъни, юқорида айтиб ўтилганидек, аёлларни жисмоний оғир ва узоқ муддатли иш жараёнига жалб этишни камайтиради. Масалани ечими ишлаб чиқаришдаги иш шароитини замонавий техник воситалар орқали қайта жиҳозлаш, қулай меҳнат шароитини яратиш ва энг муҳими, имкон даражасида аёлнинг физиологик хусусиятларини инобатга олган ҳолда меҳнатни ташкил этишдан (эргономика) иборатдир. Умуман олганда, аёлларнинг меҳнатини енгиллаштиришга қаратилган ижтимоий дастур ишлаб чиқилиши ва амалга киритилиши муҳим муаммоларнинг ечилишига имкон яратади.

 

Мақолани тайёрлашда интернет маълумотларидан фойдаланилди.

 

Жиноят ишлари бўйича судлов

ҳайъати судья катта ёрдамчиси                                           Ж.Маматалиев

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
13 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фикрингиз?
Aъло
100%
Яхши
19%
Қониқарли
0%
Қониқарсиз
10%
Жами: 40 овоз берилди.